«Ливерпул»нинг энг оптимистик фанатлари ҳам ёз бундай ўтишини кутмаганди: июл охирига келиб клуб аллақачон беш нафар янги футболчи сотиб олиб, трансферлар бўйича рекордини янгилади – июн ойида Вирцга 125 миллион евро тўланганди, энди эса 80 миллион евро эвазига (15 миллион еврогача етадиган бонуслар ҳам ваъда қилинган) «Энфилд»га Экитике ташриф буюрди.

Англиянинг амалдаги чемпиони бу билан тўхтамоқчи эмас: кўплаб инсайдларга кўра, Арне Слот янги марказий ҳимоячи олинишини ҳамда ҳужум чизиғи янада мустаҳкамланишини кутмоқда.

Бундай фаоллик кўпчиликни ажаблантирди, чунки «Ливерпул» сўнгги вақтларда Европанинг трансферлар ойнасида анча вазмин ишлайдиган ва қимматбаҳо трансферларга жазм этмайдиган топ-клуби ҳисобланарди.

2025 йил ёзида эса стратегия ўзгарди ва бунинг ўз сабаблари бор.

«Ливерпул» кучли трансфер кампанияси ўтказиш учун йиллар давомида пул тежаганди

2015 йилдан кейинги трансферлар ойнасидаги ҳаражатлар олинганда «Ливерпул» тоза харажатлар бўйича (сотувдан тушган пуллар айириб ташланганда) еттинчи ўринни банд этган: жамоа АПЛдаги анъанавий олтиликнинг беш вакили ҳамда «Нюкасл»ни олдинга ўтказиб юборган.

Грандлар трансфер рекордларини янгилаш билан банд бўлганида, мерсисайдликлар ўз академиясидаги футболчиларга эътибор қаратиб, уларни янги босқичга олиб чиқишга ҳаракат қилган.

Сўнгги ўн йилликда қимматбаҳо харидлар ҳам бўлган – ван Дейк, Алиссон, Нунес. Аммо «Ливерпул»нинг ҳозирги раҳбарияти учун бу истисно ҳолатлар эди – бу футолчилар олиниши туфайли клуб бошқа позицияларни кучайтирмаган ва кам сонли трансферлар билан чекланган.

Энди эса барчаси ўзгарди.

Ёзнинг дастлабки икки ойида «Ливерпул» Флориан Вирц, Милош Керкез, Жереми Фримпонг ва Уго Экитикени трансфер қилди. Шунингдек, трансфери ҳақида бир йил муқаддам келишиб қўйилган Георгий Мамардашвили расман сафга қўшилди, ҳисоботларда бу футболчи ҳам янги мавсум учун трансфер сифатида қайд этилади.

Бу футболчилар учун харажатлар 300 миллион еврога етди, олдинда эса яна икки-уч трансфер бўлиши мумкин. Лекин бу захира ўриндиғи учун эмас — инсайдерлар «Реал»даги Родриго, «Нюкасл»даги Энтони Гордон ва ҳатто Александер Исак бўйича музокаралар ўтказилаётганини ёзишган. Шу тариқа, «Ливерпул» ёзги трансферлар ойнасидаги харажатлар бўйича 400 миллион евролик нуқтадан ўтиши мумкин.