Ғазодаги қочқинлар лагерига зарба, Трампга суиқасд ва Қирғизистондаги сел — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.
Ғазодаги вазият
AFP агентлиги ҲАМАС Исроилнинг «қирғини» тугамаётгани боис Исроил билан ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги музокаралардан чиқишини эълон қилгани тўғрисида хабарлар тарқатди. Бунда агентлик Фаластин гуруҳининг номи келтирилмаган юқори мартабали манбасига асосланган.
Аввалроқ Исроил ҳарбийлари Хон Юнус ва Ал-Мавасий ўртасидаги белгиланган ҳуманитар зонага зарба бергани, тинч аҳоли ўртасида ҲАМАСнинг икки олий мартабали вакили яширинганини хабар қилган эди. Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, зарба натижасида 92 киши ҳалок бўлган, 300 дан зиёд киши яраланган.
Зарбадан кўзланган мақсад ҲАМАСнинг Ғазодаги ҳарбий раҳбари Муҳаммад Дейф ва унинг ўринбосари Рафаъ Саломат бўлган.
Фаластин томони Муҳаммад Дейф тириклигини иддао қилмоқда. Шунингдек, музокаралардан чиқиши тўғрисидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтган. Бу ҳақда ҲАМАСнинг олий мартабали вакили Иззат ар-Ришк чиқиш қилган.
У шунингдек Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг хатти-ҳаракатларини танқид остига олиб, фаластинликларга қарши агрессияни бас қилиш бўйича келишувларга халақит бериш учун можарони «фашистларча» авж олдириш деб атаган.
Танқид остида қолган Исроил
БМТ экспертлари Исроилни қамал қилинган Ғазо экславида болаларнинг ўлимига сабаб бўлаётган «мақсадли очарчилик кампанияси» уюштираётганликда айблашган.
«Биз Исроилнинг Фаластин халқига нисбатан Ғазонинг бутун ҳудудини эгаллаб олган қасддан ва мақсадли очарчилик кампанияси уюштираётганини геноциднинг бир шакли деб ҳисоблаймиз», — дейилади БМТ экспертларининг баёнотида.
Гарчи БМТ расман Ғазода очарчилик рўй бергани ҳақида эълон қилмаган бўлса-да, экспертлар, жумладан озиқланиш ҳуқуқи бўйича БМТнинг махсус маърузачиси Мйкал Фаҳрий очарчилик рўй бераётганини рад этмаслик кераклигини таъкидлаган.
Турган гапки, уларнинг баёноти шу заҳоти БМТнинг Женевадаги қароргоҳидаги Исроил ваколатхонаси томонидан кулги остига олинган.
«Жаноб Фаҳрий ва унинг баёнотига қўшилган яна кўплаб ўзини «эксперт» деб эълон қилган кимсалар дезинформация тарқатиш ва ҲАМАСнинг пропагандасини қўллаб-қувватлашга, бу террорчилик ташкилотининг тарафини олишга кўникиб қолишган», — дейилган Исроил баёнотида.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳам қамал остидаги Ғазо секторида юз бераётган воқеалар уруш эмас, очиқча геноцид эканини таъкидлаган.
«Ғазода 7 октябрдан буён рўй бераётган воқеалар асло уруш эмас, бу очиқча геноцид», — деган Эрдўған Туркия миллий мудофаа университетининг битириш маросимида сўзга чиқиб.
Эрдўған Ғао секторида ўт очишни тезроқ тўхтатиш, жафокаш ғазоликлар тезроқ «эркин нафаси олиши» кераклигини тилаган.
«Исроил тобора кўпроқ ерларни оккупация қилиб, ўз хавфсизлигини таъминлашга интилар экан, минтақамиздаги Туркия дохил бирорта давлат ўзини 100 фоиз хавфсиз ҳис қила олмайди», — деган Эрдўған.
Туркия раҳбари НАТО саммитида ҳам бошқа давлатлар етакчиларига Исроил ҳукуматига босимни ошириш лозимлигини тушунтириб қўйганини таъкидлаган.
Бу орада, Ғазода Исроил ўқига учиб ҳалок бўлган журналистлар сони 159 нафарга етгани маълум қилинди. Сўнгги қурбон «Ал-Ан» агентлиги ходими бўлган.
Трампга суиқасд
АҚШнинг собиқ президенти, республикачилар партиясининг навбатдаги сайловлар учун номзоди Доналд Трамп шанба куни суиқасдга учради.
У Пенсилваниянинг Батлер шаҳридаги тарафдорлари иштирокидаги митингда мигрантлар мавзусида нутқ сўзлаётганида ўт очилган. У дарҳол чиқишини тўхтатиб, трибуна ортига яширинган ва кўп ўтмай қўриқчилар қуршовида саҳнани тарк этган. Кетаётганида сиёсатчи қўлларини мушт қилиб кўтарган ҳолатда тушган сурат ижтимоий тармоқларда кенг тарқалмоқда.
Видеокадрларда Трампнинг ўнг қулоғи қонга беланганини кўриш мумкин.
Бу ҳодиса республикачилар партиясидан президентликка номзоднинг Пенсилвания штати, Батлер шаҳрида ўз тарафдорлари қаршисида чиқиши чоғида рўй берди - бу штат ноябр ойидаги сайловлардаги энг муҳим иккиланувчи штат ҳисобланади.
Суиқасддан кўп ўтмай Федерал суриштирув бюроси бу ишни 20 ёшли Томас Мэттю Крукс қилганини маълум қилди. Пенсилваниядаги Бетел-Парк шаҳридан бўлган бу америкалик ҳақида кўп нарса маълум эмас. The New York Times'нинг ёзишича, қотил Ar-15 яримавтоматик милтиғи билан қуролланган. У 120 метрдан туриб Трампни нишонга олган. У саккизта ўқ отишга улгурган, улардан бири Трампнинг қулоғини ялаб ўтган, бошқаси митингга келган одамлардан бирини ўлдирган, яна бири бошқа бир томошабинни оғир яралаган.
Пенсилвания штати суд идоралари маълумотига кўра, Крукс ҳеч қачон жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортилмаган. Америка сайловчилари базасида у республикачилар вакили сифатида рўйхатга олинган.
Ҳар икки партия вакиллари ҳамда жаҳондаги сиёсатчилар Трампни қўллаб-қувватловчи ва сиёсий зўравонликни қораловчи баёнотлар беришди.
«Америкада бундай зўравонликка ўрин йўқ. Биз буни қоралаш учун бир миллат сифатида бирлашишимиз лозим», — деган АҚШ президенти Жо Байден.
Беларусдан сулҳ томон қадам
Беларус президенти Александр Лукашенко Украина билан чегаралардан қўшинларни узоқлашишга, доимий дислокация жойларига қайтаришга буйруқ бергани ҳақида баёнот бериб, Киевни Россия билан музокараларга ундади.
Бундай қарорга келинганини Лукашенко бу ҳудудда таранглик сусайгани билан тушунтирган.
«Биз маълум бир ишларни амалга оширганимиздан сўнг украинлар қуролли кучлари ва қўшимча кучларни Беларус-Украина чегараси зонасидан олиб чиқиб кетишди. Вазият барқарорлашди. Шу сабабли, йигитлар, қаранглар, биз ҳам чегарадан ўз қўшинларимизни узоқлаштиришимиз керак. Токи улар биз урушишга ҳозирлик кўрмаётганимизни тушунсин», — деган Лукашенко кучишлатар идоралар раҳбарлари иштирокидаги йиғилишда.
Бир вақтнинг ўзида у Киевни Россия билан сулҳ тузиш бўйича «тезроқ келишиш»га чақирган.
«Биз украинлар учун ҳеч қандай душман эмасмиз. Мен буни кўп такрорлаганман. Улар бизнинг одам. Худди биздек, руслар, россияликлардек одам. Асосийси гаплаша олиш керак. Агар суҳбат, мулоқот бўлмаса — можаро авж олади ва одамлар қурбон бўла бошлайди», — деган Лукашенко.
Унинг сўзларига кўра, Москва музокара столига ўтиришга тайёр, бироқ НАТО Киевни «сўнгги украин қолгунча» урушишга мажбур қилмоқда. Шу муносабат билан Лукашенко кейинги қадамларни Россия президенти Владимир Путин билан муҳокама қилиб олиш нияти борлиги ҳақида ҳам гапирган.
Қирғизистондаги табиий офат
Қирғизистоннинг жанубий ҳудудлари ёзги ёмғирлар туфайли ҳосил бўлган сел тошқинларидан азият чекмоқда. Ўш вилоятида тошқин туфайли 500 дан зиёд киши эвакуация қилинмоқда.
Қирғизистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълумотларига кўра, Толойкон қишлоғида бир оиланинг бедарак йўқолган тўрт аъзосини қидириш ишлари давом этмоқда.
Ўш шаҳар ҳокимиятининг маълум қилишича, табиий офат еттита автомобилни оқизиб кетган, 134 та уйни сув босган ва ва уларнинг 17 таси жиддий тарзда талафот кўрган. Озгур қишлоғида эса одамларни эвакуация қилиш билан шуғулланаётган Камаз юк машинаси одамлардан бирини босиб кетган.
Ўш шаҳрида фавқулодда вазият эълон қилинган.
Қирғизистон тоғларида ҳосил бўлган сел оқимлари Ўзбекистон ҳудудига ҳам оқиб келган. Андижон вилоятида кучли оқимлар камида иккита кўприкни вайрон қилгани малум қилинмоқда.
Мавзуга оид
13:40 / 18.11.2024
«Ҳизбуллоҳ»нинг ҳалок бўлган матбуот котиби, Украинага рухсат берган Байден ва Трампдан норози мусулмонлар — кун дайжести
13:34 / 16.11.2024
Фаластин халқини қўллаган БМТ, Трамп билан гаплашган Зеленский ва Абхазиядаги намойишлар — кун дайжести
13:57 / 15.11.2024
Таълимсиз қолган Ғазо болалари, соқолини олган Пашинян ва ўзидан кетаётган Илон Маск — кун дайжести
14:12 / 14.11.2024