Америка технологиялар университетини ташкил этиш тўғрисида президент қарори имзоланди
Университет нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади ҳамда ўз фаолиятини 2024/2025 ўқув йилидан бошлайди.
Президент Шавкат Мирзиёев «Тошкент шаҳрида Америка технологиялар университетини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.
Қайд қилинишича, қарорни имзолашда президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги, Aризона давлат университети (АҚШ) ҳамда Cintana Education (АҚШ) компанияси ўртасида 2023 йил сентябр ойида имзоланган аҳдлашув меморандуми асос қилиб олинган.
Таъкидланишича, Америка технологиялар университетининг таълим жараёнини ташкил этишда АҚШ томонидан Cintana Education компанияси ҳамкор этиб белгиланган.
Қарор билан қуйидагилар Университетнинг асосий фаолият йўналишлари этиб белгиланди:
- муҳандислик, соғлиқни сақлаш, ахборот технологиялари, архитектура ва дизайн, иқтисодиёт ва молия, халқаро муносабатлар соҳалари учун олий маълумотли кадрларни халқаро стандартлар даражасида тайёрлаш;
- ўқув-тарбия жараёнини илғор педагогик ва замонавий ахборот технологияларини қўллаган ҳолда жаҳоннинг етакчи университетларида жорий этилган таълим технологиялари ва усуллари асосида ташкил этиш;
- талабаларнинг интеллектуал қобилиятини ривожлантириш, билимини амалий тажрибалар орқали мустаҳкамлашга, ўқув материалларини самарали ва пухта ўзлаштиришга хизмат қиладиган ҳар томонлама қулай таълим муҳитини шакллантириш;
- таълим ва илмий-тадқиқот йўналишларида етакчи хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, талабаларнинг академик мобиллигини йўлга қўйиш;
- илмий-педагогик салоҳиятни ошириб бориш, жумладан, профессор-ўқитувчилар стажировкаси ва малака оширишини нуфузли хорижий олий таълим ташкилотлари ва илмий-тадқиқот марказларида ташкил этиш;
- таълим-тарбия жараёнини талабаларда юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларни ривожлантириш, Ватанга муҳаббат ва садоқат, халқ манфаатлари учун хизмат қилиш туйғуси билан яшайдиган баркамол авлод сифатида тарбиялашга қаратган ҳолда ташкил этиш.
Университет нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади ҳамда ўз фаолиятини 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг таълим соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари асосида амалга оширади.
Университетда талабаларни ўқитиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади ҳамда қабул параметрлари ва талабаларни ўқитиш учун тўлов-контракт суммаси Университет томонидан белгиланади.
Университетга абитуриентлар қабули ва битирувчилар аттестацияси Университет томонидан белгиланган талаб ва тартибга мувофиқ амалга оширилади;
Университет тўлиқ академик, молиявий ва ташкилий мустақил олий таълим ташкилоти ҳисобланади.
Университет битирувчиларига Aризона давлат университетининг ёки Америка Қўшма Штатларида тан олинадиган ҳамкор хорижий олий таълим ташкилотининг дипломи берилади. Бунда, битирувчиларга берилган диплом Ўзбекистон Республикасида тан олинади.
Университетда қўшма таълим дастурларининг хорижий университетда ўқиш қисмини бакалавриатда “3+1”, магистратурада “1+1” ва бошқа шаклда, жумладан, масофавий тарзда амалга ошириш имконияти яратилади;
Университет фаолияти таъсисчилар маблағлари, тўлов-контракт асосида талабаларни ўқитишдан тушган маблағлар, ҳомийлик хайриялари, грантлар ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
Cintana Education компанияси Университетни ташкил этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйиш учун 2024-2030 йилларда 30 миллион AҚШ доллари, 2030-2035 йилларда 20 миллион AҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш ҳамда инвестицияларнинг камида 50 фоизини Университет моддий-техника базасини шакллантиришга сарфлайди.
Университетда Aризона давлат университети ва нуфузли рейтинг ташкилотларининг юқори 200 талик рўйхатига кирган хорижий олий таълим ташкилотларининг таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш ҳамда хорижий олий таълим ташкилотларининг дипломини беришни назарда тутувчи қўшма таълим дастурларини жорий этилади.