Жаҳон | 14:50 / 18.07.2024
3279
2 дақиқада ўқилади

Украина ва Россия янги асирлар алмашинувини амалга оширди

Киев ва Москва икки томондан 95 нафар асирни қайтарди. Алмашинув БАА воситачилигида амалга оширилди.

Фото: Telegram / V_Zelenskiy_official

Украина ва Россия навбатдаги ҳарбий асирлар алмашинувини амалга оширди, унинг давомида ҳар бир давлатнинг 95 нафар фуқароси озод этилди. Бу ҳақда 17 июл, чоршанба куни Россия Мудофаа вазирлиги ва Украина президенти Володимир Зеленский маълум қилди.

Алмашинув Бирлашган Араб Амирликлари воситачилигида амалга оширилди. Россия ҳарбий департаменти баёнотида айтилишича, озод этилган ҳарбий хизматчилар «Россия Мудофаа вазирлигининг тиббиёт муассасаларида даволаниш ва реабилитациядан ўтиш учун» ҳарбий транспорт самолётларида Москвага етказилади.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина Қуролли кучлари ва Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари, шунингдек, чегарачилар Украинага қайтган. «Қанчалик қийин бўлмасин, биз асирликда бўлиши мумкин бўлган барчани қидирамиз», — деб ёзди у Telegram'да.

Бу - уруш бошланганидан бери 54-асирлар алмашинуви

Бу 2022 йилнинг февралида Россиянинг Украинага тўлиқ миқёсли ҳарбий ҳужуми бошланганидан бери содир бўлган 54-асир алмашинувидир, дея қайд этади Украина ҳарбий асирлар билан ишлаш бўйича мувофиқлаштирувчи штаб. Унга кўра, жами 3405 киши асирликдан Украинага қайтарилган.

Июн ойида бўлиб ўтган, БАА кўмагида ташкил этилган аввалги алмашув давомида Россия ва Украина ҳар бири 90 нафар асирни қайтарган.

Мавзуга оид