Жаҳон | 19:11 / 19.07.2024
20222
8 дақиқада ўқилади

«Бу биз учун ёмон, Украина учун эса даҳшатли янгилик»: европалик дипломатлар Жей Ди Вэнснинг тайинлови ҳақида нималар демоқда?

Европалик дипломатлар ноябрдаги сайловларда Доналд Трамп ғалаба қозонадиган тақдирда АҚШ билан муносабатларда рўй берадиган ўзгаришларга тайёргарлик кўришни бошлаган.

Жей Ди Вэнс / Фото: Reuters

Афтидан, бу муносабатлар кутилганидан кўра жиддийроқ ўзгаришларга учрайди — ҳар ҳолда, европалик сиёсатшунослар ва экспертлар Трамп сайловлардаги шериги, ғалаба қозонадиган бўлса, АҚШ вице-президенти бўлишга номзод сифатида оҳайолик сенатор Жей Ди Вэнсни танлаганини шундай талқин қилишмоқда.

«Бу биз учун ёмон янгилик, аммо бу Украина учун жуда даҳшатли хабар», — дея европалик юқори мартабали дипломатлардан бирининг сўзларини келтиради Британиянинг Guardian нашри.

«Сенатор Вэнс баҳорда Украинага янги ҳарбий ёрдам пакетига қарши чиққанлардан бири эди ва бу урушда бўлаётган воқеаларга бефарқлик билан қарайди, — дея қайд этади АҚШнинг Россиядаги собиқ элчиси, ҳозирда Фримен Спогли халқаро тадқиқотлар институти директори Майкл Макфол. — Вэнсни ўз номзоди сифатида танлаш орқали Трамп ноябрда овоз беришга борадиган америкалик сайловчиларга ташқи сиёсат борасидаги ўз позициясини аниқ тушунтириб қўйди».

Европани ҳимоя қилиш – Европанинг иши

Жорий йил февралида ўтказилган хавфсизлик масалалари бўйича Мюнхен конференциясида Вэнс Европа кўзини очиши ва АҚШнинг манфаатлари энди Шарқий Осиёда экани фактини англаши лозимлигини айтганди.

«Американинг хавфсизлик кўрпаси Европа ўз хавфсизлигини сусайтиришига сабаб бўлди, — деган у. — Қўшма Штатлар кўпроқ эътиборини Шарқий Осиёга қаратиши керак. Бу Америка ташқи сиёсатининг кейинги 40 йилликдаги келажаги бўлади ва Европа бу фактни англаши керак».

Бундестагга Германия канцлери Олаф Шолцнинг социал-демократлар партиясидан сайланган Нилс Шмид эса BBC билан суҳбатда Вэнснинг иҳоталаниш кайфияти ва Трампнинг беқарорлигига қарамасдан, АҚШ НАТОда қолишига ишончи комил эканини айтади. Аммо, унинг фикрича, Трамп сайланган тақдирда Европага АҚШ билан «савдо уруши»нинг иккинчи босқичи хавф солади.

Трампнинг олдинги президентлиги даврида АҚШ Европа иттифоқида ишлаб чиқарилган пўлат ва алюминий учун тарифлар жорий этганди.

Жо Байден маъмурияти даврида бу тарифларнинг амал қилиши тўхтатилган бўлса-да, Трамп агар Оқ уйга қайтадиган бўлса, хориждан келадиган барча маҳсулотлар учун 10 фоизлик тарифлар қўллашини маълум қилган. Европа пойтахтларидагилар АҚШ билан иқтисодий қарама-қаршилик тикланиши эҳтимолини ёмон ва ҳатто ҳалокатли натижа сифатида кўрмоқда.

«Биз деярли аниқ биладиган ягона нарса шуки, — Европа иттифоқига жазо тарифлари киритилади, шундай экан, биз савдо урушининг янги босқичига тайёргарлик кўришимиз керак», — деган Нилс Шмид.

Жорий йил бошида Вэнс армиянинг ҳолати ва тайёргарлик даражаси сустлиги учун Берлинни танқид қилганди: унинг фикрича, Германияда қурол ишлаб чиқариш учун етарли саноат базалари мавжуд эмас.

«Ўйлайманки, Вэнс ташқи сиёсат ва савдо сиёсатидаги позицияси учун ҳам танланган, — дейди Guardian учун интервюсида Вашингтондаги Стимсон марказининг Reimagining US Grand Strategy дастури катта илмий ходими Эмма Эшфорд, — Вэнс маълум даражада Республикачилар партиясида ўсиб бораётган янги ўнг қанотни ифода этади. Бу кўпроқ миллатчи ва протекционистик кайфиятдаги кучлар бўлиб, улар иммиграцияга қарши… Трамп ҳам 2016 йилда маълум даражада шундай ташаббус кўрсатганди, Вэнс эса Конгрессда мазкур қанотнинг етакчиларидан бирига айланди».

Украинани қўллаш

Украина ҳам Вэнсдан ҳеч қандай яхшилик кута олмайди. «Ўйлайманки, биз Украинадаги бу чегарага эътибор қаратишимиз кулгили, — деган Вэнс 2022 йил февралида, Россия босқинига бир неча кун қолганида Стив Бэнноннинг War Room подкастидаги интервюда. — Мен сизга ростгўйлик қилишим керак: нима бўлганда ҳам Украинага нима бўлиши мени ташвишлантирмайди».

Шундан буён у Американинг Украинага ёрдамини танқид қилувчилар орасида етакчилардан бири бўлиб келади ва Вашингтоннинг 60 млрд долларлик навбатдаги ҳарбий ёрдам пакети ярим йилга кечикишида муҳим рол ўйнаган.

Февралойида Мюнхендаги хавфсизлик бўйича конференцияда у ўз ходимлари Европа учун «хавотирли қўнғироқ» деб атаган мурожаат билан чиққанди, унда АҚШ Украинага урушни давом эттириш учун зарур миқдордаги қуролларни ишлаб чиқара олмаслигини билдирганди.

«Мен Владимир Путин Европа учун экзистенциал таҳдид солади деб ўйламайман, агар шундай бўлган тақдирда ҳам бу Европа ўз хавфсизлигини таъминлашда фаолроқ рол ўйнаши лозимлигини англатади», — деган Вэнс.

«Ҳа, якунда Украинага нисбатан сиёсатни Трамп белгилайди, — дея ёзади Бэйлор Университетининг сиёсатшунослик бўйича профессори Сергей Кудел X ижтимоий тармоғида. — Аммо Вэнс танлангани Трамп президент бўлганида Украина масаласига қандай ёндашмоқчи экани ҳақидаги барча нарсани айтади: Украина учун ҳеч қанақа НАТО аъзолиги йўқ, ҳарбий ва иқтисодий ёрдам қисқартирилиши ҳамда Зеленскийни Путин билан музокаралар столига ўтиришга мажбур қилиш».

«Биз Вэнсни бунинг аксига ишонтиришимиз керак, — дейди Киевдаги Жаҳон сиёсати институти ижрочи директори Евгений Магда. — Биз у Ироқда жанг қилгани фактидан фойдаланишимиз мумкин, шунинг учун уни бу ерда нималар бўлаётганини ўз кўзлари билан кўриши ва Америка пуллари қандай сарфланаётганини кўриши учун Украинага таклиф этишимиз керак».

Магда Трампнинг ҳаракатларини олдиндан тахмин қилиб бўлмаслиги Киев учун муаммо бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фикрга қўшилади. Зеленский шу кунларда уни Трампнинг сайланиши қўрқита олмаслигини айтганди: «Агар жаноб Доналд Трамп президент бўлса, биз ишлаймиз. Мен бундан қўрқмайман».

Трамп-Вэнс тандемининг Евроиттифоқдаги асосий тарафдори — яқинда Трамп меҳмони бўлган, ундан олдин Киев, Москва ва Пекин шаҳарларига ҳам ташриф буюрган венгрлар бош вазири Виктор Орбандир.

ЕИ етакчиларига мактубида Орбан Доналд Трамп ғалаба қозонгудек бўлса, инаугурацияни ҳам кутмасдан зудлик билан Россия ва Украина ўртасидаги тинчлик музокаралари бошланишини талаб қилишини айтган.

Буларнинг барчаси Европанинг энг йирик иқтисодиёти, бугунги кунда Украинага ёрдам етказиб бериш бўйича иккинчи ўринда турган Германияни қўшимча босим остида қолдиради. Берлин қисқа муддатли бюджет инъекциялари билан бўлса-да, совуқ уруш давридан буён илк бор ЯИМнинг 2 фоизини мудофаа харажатларига ажратди, аммо энди мамлакатни янги харажатлар кутмоқда.

«2024 йилда АҚШ ҳарбий ёрдами ўрнини тўлиқ босиш учун Европа қурол етказиб бериш даражаси ва суръатларини ҳозиргига қараганда икки баробар оширишига тўғри келади», — дея ёзганди Kiel Institute таҳлилчилари шу йил апрелида.

Шу билан бирга, Eurasia Group консалтинг компаниясининг Германия бўйича директори ва мудофаа масалалари бўйича собиқ немис мулозими Ян Теҳаунинг тасдиқлашича, Вэнс Европада жиддий келишмовчиликлар вақтида тил топиша олиш мумкин бўлган шахс сифатида обрў қозонган.

У билан яхши муносабатлар ўрнатган европалик сиёсатчилар орасида Буюк Британиянинг янги ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми ҳам бор.

«Вэнс ёш, шуҳратпараст, у ўзини кўрсатишни истайди, — дейди Теҳау Wall Street Journal учун интервюсида. — Карьераси ҳали олдинда экани уни қизиқарли ҳамкасбга айлантиради. Шунинг учун у жуда кўп кўприкларни ёқиб юборишни истамаслиги мумкин».

Мавзуга оид