Жаҳон | 21:52 / 22.07.2024
5287
3 дақиқада ўқилади

Исроил Ғазо секторидаги гуманитар зонада ҳарбий операция ўтказишга тайёрланмоқда — ОАВ

ЦАҲАЛ ушбу ҳудудда ҲАМАС вакиллари яшириниб олгани ҳақида баёнот берди.

Фото: Anadolu Agency

Исроил қўмондонлиги Фаластин қуролли гуруҳларига қарши ҳарбий операция олдидан Ғазо сектори жанубидаги гуманитар ҳудуднинг бир қисмида яшовчи аҳолига вақтинча эвакуация қилинишни буюрди.

Ғазонинг ҲАМАС назоратидаги соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Исроил сўнгги икки ҳафта ичида бу ҳудудда бир неча бор ҳаво ҳужумларини амалга оширган, оқибатда жами 90 нафар фаластинлик тинч аҳоли ҳалок бўлган. Исроилнинг билдиришича, зарбаларда ҲАМАС жангарилари қаноти қисмлари нишонга олинган.

BBC хабарига кўра, энди, афтидан, Исроил армияси (ЦАҲАЛ) ҳудуддаги ҳарбий операциянинг қуруқлик босқичига ўтишга тайёр ва тинч аҳолидан хавфли ҳудудни тарк этишни сўрамоқда.

Гуманитар ҳудуд Исроил томонидан 2023 йил октябр ойида белгиланган эди: у ерда жанглар бўлмаган ва гуманитар ёрдам кўрсатилган. Секторнинг шимолий қисмида яшовчи фаластинликларнинг ушбу зонага эвакуация қилиниши сўралган.

Бироқ, ҳозир, Исроил ҳарбийларига кўра, ҲАМАС жангарилари хавфсиз ҳудуднинг бир қисми бўлган Хон Юнис чеккасида мустаҳкам ўрнашиб олган ва у ердан Исроил армиясига қарши ракета ва артиллерия ҳужумларини уюштирмоқда.

22 июл куни Исроил гуманитар зона ал-Мавасий ҳудудигача торайтирилгани ва аҳоли бу йўналишда эвакуация қилиниши кераклигини эълон қилди.

Эвакуация эълон қилинганидан кўп ўтмай, Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроилнинг Хон Юнис чеккасида берган зарбаси оқибатида 14 киши, жумладан, олти бола ва тўрт аёл ҳалок бўлганини айтди.

Хон Юнис Ғазо секторидаги иккинчи йирик шаҳардир. Исроил ҳарбий амалиёти бошланишида минтақанинг шимолий ҳудудларидан минглаб аҳоли жанубга, жумладан, Хон Юнисга эвакуация қилинди. Жорий йилнинг май ойида жанглар энг жанубий Рафаҳ вилоятига ўтиши билан шаҳар яна ўн минглаб одамларни қабул қилди. Энди уларнинг барчасига секторнинг марказий қисмидаги Дайр ал-Балаҳ шаҳри қирғоқлари бўйлаб ҳаракатланиш буюрилган.

БМТ бу ҳудуд аллақачон гавжум эканлигидан огоҳлантирмоқда. Одамлар асосий шарт-шароитсиз вақтинчалик чодир лагерларида яшаяпти.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид