Жаҳон | 15:07 / 25.07.2024
7428
3 дақиқада ўқилади

Россия Украинага дронлар ва ракеталар билан ҳужум қилди

Украинанинг етти вилоятида ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари ишлади. 38 та дрондан 25 таси уриб туширилган.

Фото: Nina Liashonok/Avalon/Photoshot/picture alliance

25 июл, пайшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинага 38 та «Шаҳед-131/136» ҳужумкор дронлари билан ҳужум қилди, улардан 25 таси ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан уриб туширилди, деди Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари қўмондони Николай Олешчук. Унга кўра, Одесса вилояти жанубидаги ва Украина марказий ҳудудларидаги инфратузилма объектлари ҳужумга учраган. Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Киев, Одесса, Херсон, Миколайив, Суми, Житомир ва Черкас вилоятларида ишлади. Олешчук, шунингдек, Руминия билан давлат чегарасини кесиб ўтган учта дрон «йўқолган»лигини ҳам таъкидлади. Руминия ҳукумати чегарани кесиб ўтиш фактига изоҳ бермади. 

Одесса вилоятида Измоил тумани ҳужумга учради

Одесса вилояти маъмурияти раҳбари Олег Кипернинг айтишича, минтақада Руминия билан чегарада жойлашган Измоил тумани ҳужумга учраган. Унинг сўзларига кўра, у ердаги маъмурий бино қисман вайрон бўлган, ёнғин кузатилган ва у ўчирилган. Кипернинг қўшимча қилишича, хусусий уй устига вайроналар тушиши оқибатида икки киши жароҳатланган, улардан бири касалхонага ётқизилган. 

Страна.ua нашрининг хабар беришича, дрон ҳужуми натижасида Измоилнинг Вилково ҳудудидаги порт иншоотларига зарар етган. 

Житомир вилоятида инфратузилма объекти шикастланган

Житомир вилоятида инфратузилма объектига кечаси «Шаҳед»лар томонидан зарба берилди, дея маълум қилди вилоят ҳокимияти. «Қулаб тушган вайроналар ва зарба тўлқини натижасида 10 га яқин хусусий уй ва инфратузилма объекти зарар кўрди», — деди маъмурият раҳбари Виталий Бунечко. 

Россия Мудофаа вазирлиги Харкивга ракета ҳужумлари ҳақида маълум қилди

Россия Мудофаа вазирлиги, ўз навбатида, Харкивга ракета ҳужумлари ҳақида хабар берди. Унинг маълумотларига кўра, «Искандар» ракета мажмуасининг зарбалари Харкив зирҳли заводидаги иккита зирҳли техникани таъмирлаш устахонасини йўқ қилган.

Пайшанба куни эрталаб департамент Харкив саноат зонасида «Скорпион» қурилиш компанияси биносида жойлашган ҳарбий хизматчиларни вақтинча жойлаштириш пунктига навбатдаги зарба йўллангани ҳақида хабар берган эди.

Мавзуга оид