Жаҳон | 08:05 / 27.07.2024
1701
1 дақиқада ўқилади

Белгияда уч чеченистонлик теракт режалаштиришда айбланди

Белгия прокуратураси тахминига кўра, гумонланувчилар ИШИДнинг «Вилояти Хуросон» афғон бўлинмаси аъзоларидир.

Фото: picture-alliance/CITYPRESS 24/Cegarra

Белгия ҳукумати Чеченистонда туғилган уч фуқарони қироллик ҳудудида терактни молиялаш ва тайёрлашда айблади. Белгия прокуратураси 26 июл, жума куни гумонланувчилар ИШИД террорчилик гуруҳининг афғон бўлинмаси бўлмиш «Вилояти Хуросон»га алоқадор эканликларини маълум қилди.

Белгиянинг тўққизта шаҳри, жумладан Антверпен, Гент ва Лежда бир вақтнинг ўзида 14 манзилда ўтказилган кенг кўламли аксилтеррор операцияси давомида чеченистонликлар қўлга олинди. Прокуратура маълумотларига кўра, тинтувлар давомида етти киши ҳибсга олинган, улардан тўрт нафари сўроқдан кейин қўйиб юборилган. Ҳужумнинг потенциал нишони ҳақида тафсилотлар ошкор этилмаган.

Аввалроқ Германия Федерал прокуратураси ИШИДни қўллаб-қувватлаганликда гумон қилиниб, икки нафар Россия фуқароси қўлга олингани ҳақида хабар берган эди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг сўзларига кўра, бу шахслар Германия ва Европа бошқа давлатларида террорчилик гуруҳига маблағ тўплаган ташкилот аъзолари бўлган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид