Жаҳон | 13:04 / 01.08.2024
7905
9 дақиқада ўқилади

Ҳаниянинг ўлдирилишига реакциялар, Ғазодаги полиомиелит эпидемияси ва Украинага етказилган илк F-16 учоқлари — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.

Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилиши

Исроил томонидан оккупация қилинган Ғарбий соҳилда Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилиши муносабати билан мотам куни эълон қилинди.

Исмоил Ҳаниянинг жанозаси бугун Теҳронда ўқилади, бироқ унинг жасади Қатар пойтахти Доҳада тупроққа қўйилади, деб хабар бермоқда Mehr агентлиги. Туркиянинг айрим шаҳарларида Ҳания учун ғайб жаноза намози ўқилган.

Эрон президенти Пизишкиённинг инаугурация маросимига борган Ҳамас сиёсий қаноти етакчисининг ўлдирилишига нисбатан жаҳонда турлича реакция билдирилмоқда.

Туркия “аблаҳона қотиллик”ни қатъий қоралади. Туркия раҳбарияти Фаластин халқига ҳамдардлик билдирди.

Россия бу воқеани “мутлақ тоқат қилиб бўлмас сиёсий қотиллик” деб атаб, бу минтақада можаронинг янада авж олишига сабаб бўлади, деб ҳисобламоқда.

АҚШ Фаластининг ҲАМАС ҳаракати сиёсий бюроси етакчиси Ҳанияга суиқасд тайёрланаётганидан бехабар бўлган ва унинг ўлдирилишига алоқадор эмаслигини таъкидлаган.

Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбарининг ўлдирилганидан ниҳоятда ташвишда эканини маълум қилган.

Эрон президенти Масъуд Пизишкиён Ҳаниянинг ўлимига изоҳ берган.

“Кеча мен Ҳаниянинг ғолибона қўлларини сиқиб қўйган эдим, энди эса уни елкамда кўтариб дафн этаман. Эрон ўз суверенитетини ҳимоя қилишда давом этади ва мамлакатимизга кириб келган террорчиларни ўзларининг қўрқоқларга хос ишлари учун афсус чекишга мажбур қилади”.

Ҳусийчиларнинг вакили Яҳё Сария Ҳаниянинг ўлдирилишини жуда аҳамиятли воқеа деб атаган:

“Қўмондон Ҳаниянинг ўлдирилиши можаронинг авж олишига олиб келувчи йирик воқеа ва барча халқаро конвенцияларнинг бузилишидир. Биз ҲАМАС ва бошқа қаршилик кучлари билан биргаликда Америка томонидан қўллаб келинаётган сионистларга қарши туриш учун қатъиятга тўламиз. Биз бунинг учун ҳали сионистларни жавобгарликка тортамиз”, — деган Сария.

Эрон Бош прокуратураси Теҳронда Исмоил Ҳанияга нисбатан амалга оширилган суиқасд юзасидан тергов-суриштирув ишларини бошлаган. Эронда Ҳания хотирасига уч кунлик мотам эълон қилинди.

Эрон ҲАМАС етакчиси Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилишига қасос сифатида Исроилга қарши «махсус операция» ўтказади. Бу ҳақда Эроннинг БМТдаги вакили Саид Иравоний маълум қилган.

«Қотилликка жавобан жиноятчида чуқур пушаймонликни уйғотишга қаратилган янада кескинроқ махсус операция бўлади», деган Иравоний.

Reuters хабарига кўра, Эрон олий раҳбари Али Хоманаий Исроил «ўзини шафқатсиз жазолашга» асос топиб берганини ва Эрон пойтахтида содир бўлган ҲАМАС етакчисининг ўлими учун қасос олиш Теҳроннинг зиммасида эканини айтган. Эроннинг хавфсизлик бўйича юқори органи Ҳания ўлимига жавоб стратегиясини аниқлаш учун йиғилган.

Ғазодаги вазият

Ғазода полиомиелит эпидемияси эълон қилинди. Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги Ғазо секторини полиомиелит эпидемияси зонаси деб эълон қилган. Дастлабки маълумотларга кўра, болаларда фалажлик келтириб чиқариши мумкин бўлган мазкур касаллик эксклавда тоза ичимлик сув танқислиги ва эмлаш амалга оширилмаётгани туфайли вужудга келган.

Вирус Хон Юнусдаги ҳамда экслав марказидаги ҳудудлардаги ариқларда аниқланган. Бундан ташқари, БМТнинг фаластинлик қочқинлар ва ишларни ташкиллаштириш бўйича Яқин Шарқ агентлиги — UNRWA'нинг берган маълумотларига кўра, Ғазода ҳар куни 800 дан 1000 тагача гепатит юқтириш ҳолатлари ҳам қайд этилмоқда.

Фаластин таълим вазирлигининг маълумотларига кўра, 7 октябрдан буён давом этаётган Исроилнинг Ғазо сектори зулми натижасида 10 минг ўқувчи ва 400 га яқин ўқитувчи ўлдирилган.

БМТ маълумотларига кўра, Ғазо секторидаги мактабларнинг 76 фоизига қаттиқ зиён етган ва улар фаолият кўрсатиши учун қайта тикланиши керак.

Исроилнинг Ливанга зарбаси

Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати ташкилотнинг иккинчи шахси ўлдирилганини расман тасдиқлади.

“Ҳизбуллоҳ” етакчиси Саид Насруллоҳнинг ҳарбий масалалар бўйича катта маслаҳатчиси, “Саид Муҳсин” номи билан танилган Фуад Шукур Ливан пойтахти Байрут шаҳрига 30 июл куни Исроилнинг ракета зарбаси натижасида ўлдирилган.

Шу муносабат билан “Ҳизбуллоҳ”нинг бош котиби Ҳасан Насруллоҳнинг чиқиши кутилмоқда.

«Бу даҳшатли ҳужум юзасидан бизнинг сиёсий позициямиз “Ҳизбуллоҳ” бош котиби Саййид Ҳасан Насруллоҳ томонидан эртага, жаноза маросимида эълон қилинади”, — дейилган “Ҳизбуллоҳ”нинг кечаги баёнотида.

Ливан эса Исроил устидан шикоят қилишини маълум қилди. Чоршанба куни тарқатилган баёнотга кўра, Ливан БМТ Хавфсизлик кенгашига Байрутнинг жанубий қисмига ракета зарбаси берган ва тўрт кишининг ўлими ва 80 кишининг яраланишига сабабчи бўлган Исроил устидан шикоят киритади.

Исроил армияси зарбадан мақсад “Ҳизбуллоҳ” қўмондони Фуад Шукур бўлганини таъкидлаган. Тел-Авив уни шанба куни Жўлан тепалигига уюштирилган ҳужумда айблаган.

Украинага ёрдам

Украина F-16 қирувчи самолётларининг биринчи партиясини олгани маълум қилинмоқда. АҚШда ишлаб чиқарилган қирувчи самолётнинг Лвив шаҳри осмонида туширилган сурати тарқатилди.

АҚШ, Нидерландия ва Дания 10 июл куни Украинага F-16 қирувчи самолётларини топширганини эълон қилган эди.

Bloomberg агентлиги манбаларининг айтишича, Украина қанча самолёт олгани ҳали номаълум. Қайд қилинишича, июл ойи охиригача белгиланган самолётларни етказиб бериш муддати бажарилган.

Нидерландия ва Дания деярли бир йил олдин, 2023 йил август ойида F-16 қирувчи самолётларини Украинага топширишини маълум қилди. Нидерландия 42 та, Дания эса 19 та қирувчи самолёт етказиб беришини таъкидлади. Бундан ташқари, Норвегия 6 та F-16 самолётини тақдим этишни режалаштирмоқда.

The New York Times март ойида 12 нафар украиналик учувчи 2024 йил ёзигача F-16 самолётларини бошқаришга тайёр бўлишини, бироқ бу вақтга бориб, иттифоқчилар Киевга атиги 6 та самолётни топшира олиши ҳақида ёзган эди.

Россияда мигрантларга навбатдаги тақиқ

Россияда мигрантларга тиббиёт, таълим ва куриерлик соҳасида ишлаш тақиқланиши мумкин. Тегишли қонун лойиҳаси Давлат Думасига киритилди.

«Справедливая Россия — За правду» фракцияси томонидан Давлат Думасига меҳнат мигрантларининг мактаб ва мактабгача таълим, тиббиёт ва фармацевтика, йўловчиларни ташиш, шунингдек, «ўртача даромаддан юқори даромад келтирадиган ёки Россия фуқароларининг талаби юқори бўлган фаолиятнинг айрим турлари» билан шуғулланишни тақиқлаш ҳақидаги қонун лойиҳаси киритилди. Лойиҳада мигрантларга куриерлик (даромад ойига 100-120 минг рублдан ошади) билан шуғулланишни тақиқлаш ҳақидаги банд ҳам бор.

Қонуннинг тушунтириш хатида таъкидланганидек, таълим соҳасида ишлашни истаган чет эл фуқаролари «анъанавий рус қадриятларини ёш авлодга етказиш учун зарур тажриба, қадрият ва маданий тажрибага эга эмас».

Бундан ташқари, қонун лойиҳаси ташаббускорларининг фикрига кўра, «фақат ўз мамлакатида доимий яшовчи Россия фуқароси» ушбу «анъанавий қадриятларни, шу жумладан оилавий, маданий ва ватанпарварлик қадриятларини» ёш авлодга етказиши мумкин.

Қонун лойиҳаси муаллифларининг фикрича, хориж фуқаролари тиббиёт ва фармакология соҳасида ишлаш учун етарли тайёргарлик даражасига эга эмас. Тиббий ва фармакологик хизматлар сифатига таъсир қилувчи иккинчи омил — бу тиббиёт мутахассиси, фармацевт ва ҳамкасблар ўртасидаги мулоқот натижасида юзага келадиган дори воситасини тўғри ташхислаш ва аниқлаш. Хорижликлар буни бажара олишига шубҳа билдирилган.

Россия ҳудудларида 2015 йилдан бошлаб мигрантлар меҳнатига чекловлар жорий этилмоқда, дастлаб бундай қарорни Перм ўлкаси ва Мари-Эл Республикаси ҳукуматлари қабул қилган.

Аввалроқ Россиянинг бир қанча ҳудудларида мигрантлар савдо соҳаси ва такси хизматида ишлаши тақиқланган эди.

Мавзуга оид