Сўнгги кунлар мобайнида Россияда сиёсий моддалар билан қамалган маҳбуслардан саккиз нафари номаълум йўналишда олиб кетилган. Улар орасида мухолифатчи Иля Яшин ва ҳуқуқ фаоли Олег Орлов, Алексей Навалнийнинг ҳудудий штабларининг собиқ раҳбарлари Лилия Чанишева ва Ксения Фaдеева ҳамда бошқалар бор.

29 июл куни адвокатлар, қариндошлари ва бошқа танишлардан олинган маълумотларга кўра, Новосибирск области ва Перм ўлкасидаги қамоқхоналардан Ксения Фадеева ва Лилия Чанишева ғойиб бўлиб қолган. Кўп ўтмай ҳуқуқ фаоли Олег Орлов ва рассом Саша Скочиленко ҳақида ҳам шундай хабарлар берилди, улар мос равишда Сизран ва Санкт-Петербургдаги тергов изоляторларида сақланаётганди.

30 июл куни эса Смоленск ва Архангелск областларидаги колониялардан мухолифатчи Иля Яшин ҳамда давлатга хиёнат қилиш иши бўйича қамалган 18 ёшли Кевин Ликни (Унда Германия фуқаролиги ҳам бор) «олиб кетишган». Кейинроқ Москвадаги тергов изоляторидан давлатга хиёнат қилиш моддаси бўйича қамалган рассом Даниил Кринари Петербургдаги изоляторга олиб ўтилгани маълум бўлди.

Reuters агентлиги 31 июл куни Владимир Кара-Мурза Омскдаги ИК-6 колониясидан олиб кетилиб, «бошқа жойга йўналтирилгани» ҳақида хабар берди. Айнан қаергалигига — аниқлик киритилмаган.

Америкалик Пол Уиланнинг адвокати Олга Карлова ҳам 31 июл куни «Интерфакс» билан суҳбатда унга журналистлардан Уиланнинг қаерда экани борасида сўровлар келаётганини маълум қилган. Карлова колония маъмуриятига сўров йўллагани, аммо ҳозирча жавоб олмаганини билдирган. 

Bloomberg маълумотига кўра, Россияда жосусликда айбланиб, озодликдан маҳрум этилган америкалик репортёр Иван Гершкович ва Пол Уилан Калининград шаҳрида ғарбда қўлга олинган рус жосусларига алмаштирилган.

Катта эҳтимол билан, россиялик сиёсий маҳбуслар ҳам шу алмашув доирасида қўйиб юборилмоқда.

Иля Яшин

2022 йил декабрда Москва Мешчан суди мухолифатчи Иля Яшинни Россия армияси тўғрисида «фейк» тарқатишда айблаб, 8,5 йил муддатга умумий тартибли колонияга ҳукм қилади.

Жиноий иш очилишига Яшин ўша йил 7 апрелида YouTube-каналидаги жонли эфирида Украинанинг Буча шаҳрида тинч аҳоли вакиллари ўлдирилгани ҳақида гапиргани сабаб бўлганди. 

Россия мудофаа вазирлиги россиялик ҳарбийларнинг Бучадаги жиноятлари тўғрисидаги хабарларни «провокация» деб атаган, кўчаларда жасадлар ётгани акс этган кадрларни — «томоша қўйиш» деб баҳолаган. Прокурор ҳам судда мазкур версияни такрорлаган.