Жамият | 21:58 / 02.08.2024
5112
7 дақиқада ўқилади

2 августнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Фуқарога қўл кўтарган туман ҳокими, нархи эркин қўйиб юборилган метан газ, электромобилларга божни қўллаб-қувватлаган савдо-саноат раиси ва зўравонликдан жабр кўрганлар учун ишга жойлашишда имтиёз — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Эркин нархга ўтган метан газ

Ҳукумат автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари орқали сотилаётган метан газ нархи қўйиб юборилганини эълон қилди. Шунингдек, нархлар асоссиз оширилишига йўл қўйилмаслигини ҳам таъкидлади.

“Давлатнинг нархларни тартибга солишга аралашуви рақобат муҳитининг бузилишига олиб келди. Шу сабабли нархларнинг юқори чегараси бўлмайди, нархларни бозор белгилайди”, дея маълум қилди бош вазирнинг матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов.

Унга кўра, давлат раҳбари ҳукуматга бозор механизмларини жорий этиш билан бирга, газ нархининг асоссиз ошириб юборилишига йўл қўймасликни буюрган.

Ўзбекистонда АГТКСлардаги метан газнинг максимал чакана нархини давлат томонидан белгилаш бўйича охирги 10 ой давомида амал қилиб келган расмий тартиб бекор қилинди.

Ҳукумат раҳбарининг матбуот котиби Бекзод Ҳидоятовнинг Kun.uz'га маълум қилишича, эндиликда давлат бу соҳада нарх белгилашга аралашмайди. Бу ҳақда 1 август куни бош вазир Абдулла Арипов ёқилғи-энергетика масалалари бўйича йиғилишда маълум қилган.

Бош вазир матбуот котибига кўра, метан газ нархларини белгилашдаги эркинлик “хоҳлаган ишини қилиш имконияти” дегани эмас. Нархларнинг сунъий равишда оширилмаслигини тўртта сектор раҳбарлари таъминлайди.

Шунга қарамасдан, Андижонда вилоят ҳокимлиги томонидан метан газ нархига чеклов ўрнатилди, метан газнинг максимал нархи 3750 сўм этиб белгиланди. Яъни ўзгаришсиз қолдирилди.

Ҳидоятов бунга изоҳлар экан, ҳокимликларга бундай кўрсатма берилмаганини билдирди.

Ҳокимдан фуқарога тарсаки

Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани ҳокими Файзулла Юсупов фуқарога қўл кўтарди. У куппа-кундузи, кўчада ички ишлар органлари ходимлари билан ниманидир гаплашиб турган фуқарога яқинлашган ва унга тарсаки туширган.

Ҳолат қачон ва қаерда содир бўлгани маълум эмас.

Туман ҳокимлиги матбуот хизмати ҳолатни инкор қилмади ва тез орада расмий муносабат берилишини билдирди.

Чироқчи тумани ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Собит Абдунаимов билан боғланди. У ҳолатга тез орада расмий муносабат билдирилишини маълум қилди.

Яна электромобиллар учун бож масаласи

Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов электромобиллар учун божларни тиклаш таклифини “100 фоиз қўллаб-қувватлаши”ни айтди.

Унинг мисол тариқасида келтирилган хориж тажрибаси ҳақидаги даъволари иқтисодчилар томонидан рад этилмоқда.

26 июл куни автомобилсозлик ва электротехника соҳаси тадбиркорлари билан очиқ мулоқот ўтказилган эди. Тадбирда Ўзбекистонда KIA автомобилларини ишлаб чиқараётган ADM Jizzakh компанияси бош директори Дониёр Давлетяров маҳаллий бозор “ҳаддан ташқари тўйингани ва қизиб кетгани”ни иддао қилиб, жисмоний шахслар томонидан олиб кириладиган автомобиллар импортини тартибга солиш ва электромобиллар импорти учун божларни қайта тиклаш таклифи билан чиққан эди.

Навбатдаги давра суҳбатида Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов юқоридаги мавзуга қайтиб, етакчи хориж давлатларида ҳам ички бозорни ҳимоя қилиш мақсадида қўшимча божлар жорий қилингани ҳақида гапирди.

“Бир тадбиркор ўзи стандарт олиб, ўзи стандартга жавоб берадиган қўшимча элементларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйяпти. Сабаби, бизда шу ишлаб чиқариш борлиги.

Америка Хитой машиналари стандартга жавоб бермаслиги, уларнинг дилерлари бўлмагани учун автомобил нархига 102 фоиз қўшимча бож қўйган. Европа давлатлари 38 фоиз, Туркия 58 фоиз, Бразилия 10 фоиз қўйган ва 2026 йилгача 35 фоизга кўтармоқчи. Энди шу талаб қўйилганидан кейин Хитой электромобиллари неча хил бўлишидан қатъи назар, BYD Туркияда 1 млрд долларлик завод қуришга келишди”, деди ССП раиси.

ССП раиси Дониёр Давлетяровнинг электромобиллар учун божларни қайта тиклаш ҳақидаги таклифини “100 фоиз қўллаб-қувватлаши”ни таъкидлаб, ўз фикрини дастаклаш учун Туркиянинг ҳам ўз ички бозорини ҳимоя қилаётганини мисол тариқасида келтирди.

“Бизда 430 мингта автомобил ишлаб чиқарилган бўлса, Туркияда 1 млн 100 минг дона ва атиги 5та бренд: Reno, Ford, Hyundai ва TOGG, ўзининг электромобили. Солиқ миқдори автомобил бозор қийматининг 100 фоизини ташкил қилади. Шу сабабдан, олдинги йиғилишда тадбиркоримиз кўтарган масалани 100 фоиз қўллаб-қувватлайман, сабаби, саноат ривожланса, бизда минглаб ишлаб чиқарувчилар ривожланади”, – дея хулоса қилди Даврон Ваҳобов.

Иқтисодчи Отабек Бакиров Европа ва АҚШда ўнлаб, Туркия ва Бразилия мисолида камида ўнга яқин автомобил ишлаб чиқарувчилари мавжудлигига урғу бериб, ички бозорнинг ўзида ҳам рақобат муҳити юқори эканига эътибор қаратди.

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Асакадаги завод нотўғри иқтисодий сиёсатни мужассам қилувчи рамз экани ва бу хатони қайта такрорлаш керак эмаслиги ҳақида ёзди.

“Асакадаги завод – ўзбек иқтисодиёти ва айниқса ўзбек саноати учун катта тўсиқ ва ўлпон бўлган. Бўлиб келмоқда ҳам. Асакадаги завод – самарасизлик ва Каримов давридаги нотўғри иқтисодий сиёсатни мужассам қилувчи рамз. Худди шундай чуқурларга очиқ кўз билан кетаётганимиз ачинарли”, деган Бекзод Ҳошимов.

Зўравонлик жабрдийдаларига имтиёз

Зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар давлат органларига монеликсиз ишга жойлаштирилиши мумкин. Уларни ишга қабул қилишни асоссиз равишда рад этган давлат ташкилотларига, давлат улуши эллик фоиз ва ундан юқори бўлган ташкилотларга жавобгарлик белгиловчи меъёрлар назарда тутилмоқда.

Бу “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонуни лойиҳасида акс этган.

Айтилишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳолини ишга жойлаштириш бўйича аҳолига кўрсатилаётган хизматлар самарадорлигини оширишга, тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган тегишли билим ва кўникмаларга эга бўлган хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш орқали ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилади.

Мавзуга оид