Жаҳон | 14:15 / 02.08.2024
6078
9 дақиқада ўқилади

Ғазода ўлдирилган БМТ ходимлари, яна бир етакчисидан айрилган Ҳамас ва сиёсий маҳбусларни ғарбга топширган Россия — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Ғазодаги соғлиқни сақлаш тизими пароканда бўлиш арафасида эканини маълум қилди.

Ташкилот вакили Маргарет Ҳарриснинг маълум қилишича, Ғазодаги 36 та шифохонадан 16 таси пароканда бўлиш ёқасида турибди ва қисман тиббий хизматлар тақдим эта олади. Секторнинг 2 миллиондан ошиқ аҳолиси учун бор-йўғи 1400 та койка хизмат кўрсатиши мумкин.

БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш ва ишларни ташкиллаштириш бўйича Яқин Шарқ агентлиги бош комиссари Филипп Лаззарини Ғазо секторида UNRWA'нинг 200 га яқин ходими ўлдирилганини таъкидлади.

«UNRWA'нинг қарийб 200 ходими Ғазода Исроил томонидан ўлдирилди. Бу оддий рақамлар эмас, булар ҳамкасбларимиз ва дўстларимиз. Ўқитувчилар, врачлар, ҳамширалар, инженерлар, ёрдамчи персонал ва техниклар — уларнинг кўп йиллардан буён жамиятга нафи тегиб келаётган эди. Уларнинг кўпчилиги оиласи билан йўқ қилинган, айримлари эса хизмат вазифасини адо этишда ҳалок бўлган”, — деган Лаззарини.

Фаластиннинг БМТдаги доимий вакили Риёз Мансур Эронда Ҳамас етакчиларидан бири Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилиши муносабати билан Исроилни жавобгарликка тортишни талаб қилди.

Фаластиннинг WAFA ахборот агентлигининг маълум қилишича, Риёз Мансур бу борада БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга, Бош Ассамблея раиси Денис Франциск ва БМТ Хавфсизлик кенгашида раислик қилаётган Россия вакили Василий Небензяга хат жўнатган.

Ҳамасдаги яна бир йўқотиш

Исроил Ҳамаснинг ҳарбий қаноти раҳбари Муҳаммад Дейф ўлдирилганини эълон қилди. Дейф июл ойи ўрталарида Хон Юнусдаги қочқинлар лагерига берилган ракета зарбаси оқибатида ҳалок бўлган.

Исроил мудофаа армияси бу разведка маълумотлари асосида тасдиқланганини эълон қилди.

Исроил 13 июл куни Хон Юнусдаги қочоқлар лагери яқинига ракета зарбаси йўллаган ва зарба нишони айнан Муҳаммад Дейф бўлганини билдирган эди. Ўша зарба натижасида Ҳамас ҳарбий қаноти, «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» қўмондони Муҳаммад Дейф ҳам ҳалок бўлган.

Муҳаммад Дейф Ҳамас тузилмасидаги иккинчи одам ҳисобланган. Исроил уни 7 октябрдаги Исроилга ҳужум ғоявий илҳомлантирувчиси ва амалий ижрочиси деб билади. Шунингдек, Дейф Ғазодаги туннеллар тизими ва «Қассам» ракеталари асосчиси деб қаралади.

Муҳаммад Дейф Ҳамасга асос солинган 1987 йилдан буён унинг сафида бўлган, Исроил махсус хизматлари 1990-йиллар ўрталаридан буён уни таъқиб этиб келган. Исроилликлар 2001 йилдан сўнг уни ўлдириш учун камида етти бор уринишган. Маълумотларга кўра, у 2002 йилги суиқасд оқибатида кўзидан айрилган, 4 йил ўтиб амалга оширилган ҳужум вақтида икки оёғи ва бир қўлини йўқотган. 2014 йилда Дейфнинг уйига зарба оқибатида рафиқаси, уч ёшли қизи ва чақалоқ ўғли ҳалок бўлган.

Дейфнинг ўлими бир кун аввал Ҳамас сиёсий қаноти етакчиси Исмоил Ҳания Теҳронда ўлдирилгани ортидан тасдиқланди.

Россия ва Ғарб маҳбус алмашди

Анқарада Туркия разведкаси воситачилигида Россия ва Ғарб ўртасида маҳбуслар алмашинуви бўлиб ўтди. Россия бир қанча сиёсий маҳбусларни, жосусликда айбланганларни Ғарбга топширди. Эвазига, Ғарбдан жосуслик, қотиллик, ҳакерлик ва бошқа жиноятларда айбланганларни қабул қилиб олди.

Туркия Миллий разведка ташкилоти (MIT) етти давлатдан 26 нафар маҳбусни алмашиш бўйича операцияда воситачи бўлган. Алмашинувда Россия, Беларус, АҚШ, Германия, Полша, Словения ва Норвегия вакиллари иштирок этган.

Операция доирасида Россияга 10 киши берилди (2 нафари вояга етмаган бола). Россия эса 13 кишини Германияга, яна 3 кишини АҚШга топширган. Маҳбуслар Туркияга самолётларда етказилди.

Россияга топширилган маҳбусларни Россия президенти Владимир Путин шахсан Внуково аэропортида ўзи кутиб олган.

Топширилган «ҳарбий хизматга алоқадор» россияликларга мурожаат қилар экан, Путин уларга «қасамёд ва бурчларига содиқликлари учун» миннатдорчилик билдирди.

Путиннинг Германияда чеченистонлик собиқ дала қўмондони Зелимхон Ханкошвилини ўлдирганликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган «ФСБ» ходими Вадим Красиковни қучоқлаб қарши олган.

«Ҳаммангиз давлат мукофотларига тақдим этиласиз, биз сизларни яна кўрамиз ва келажагингиз ҳақида гаплашамиз», — деган Путин уларга қарата.

Россия алмашинув пайтида Ғарб давлатларига: сиёсатчилар Владимир Кара-Мурза ва Иля Яшин, ҳуқуқ ҳимоячиси Олег Орлов, жамоат арбоби Андрей Пивоваров, рассом Саша Скочиленко, мухолифатчи Алексей Навалнийнинг шериклари Лилия Чанишева, Ксения Фадеева ва Вадим Останин, Германия фуқароси Кевин Лик; журналист “Иван Сафронов иши” қатнашчиси, Россия ва Германия фуқаролигига эга сиёсатшунос Дитер Воронин, Германия ва Россия фуқароси Германа Мойжес, АҚШ фуқаролари Пол Уилан, Эван Гершкович, Алсу Курмашева, Германия фуқароси Патрик Шобелни топширди. Беларус ҳукумати ҳам ўлим жазосига ҳукм қилинган Германия фуқароси Рико Кригерни шу алмашинув асносида топширган.

Германия канцлери Олаф Шолц Кёлн/Бонн аэропортига етиб келган собиқ маҳбусларни ўзи кутиб олган ва улар билан «батафсил» суҳбатлашган. Шолц бу мулоқотдан жуда таъсирланганини билдирган.

Иля Яшин аллақачон Навалнийнинг ҳаммаслаклари билан учрашиб, суратга тушишга улгурган.

Россияда YouTube муқобили “ўтириб” қолди

Россияда секин-аста блокланиб борилаётган YouTube видеохостингига муқобил сифатида яратилган платформа ишдан чиқди.

Мамлакатда аввал ҳам учта видеохостинг ишга тушириб кўрилган — RuTube, ВКонтакте ва Nuum. Аммо улардан бирортаси YouTube’га айтарли рақобат туғдира олмаган эди.

Энди муқобили сифатида ишлаб чиқилган «Платформа» мамлакатда Google сервислари блокланиши бошлангач ишламай қолди. Россия видеохостингига кириб бўлмаяпти, унинг асосий саҳифасида эса «Сайтда техник ишлар олиб борилмоқда» ёзуви пайдо бўлган.

«Платформа» Россияда 2024 йилнинг июнида YouTube’нинг ўрнини босувчи видеохостинг сифатида ишга туширилган. Rteam компанияси дастурчилари янги видеосервиснинг интерфейси ва функционаллигини максимал даражада YouTube’га ўхшаш қилиб яратган.

«Платформа»да Россия қонунчилигини бузадиган контент ҳамда «Россияга қарши қаратилган» видеороликларни чеклайдиган модерация тизими мавжуд.

Rteam 2022 йилда рўйхатдан ўтказилган. Унинг асосчиси ТВ-Новости ҳисобланади — нотижорий ташкилот Маргарита Симоньяннинг Russia Today телеканалини ҳам бошқаради.

Гуржистонда баҳсли қонун кучга кирди

Норозиликлар ва намойишларга қарамасдан, Гуржистонда 1 августдан эътиборан «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун кучга кирди.

«Чет эл таъсирининг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун маблағлари камида 20 фоизини хориждан оладиган ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказишни талаб қилади. Қонун Гуржистонда норозиликлар келтириб чиқариб, Европа Иттифоқи ва АҚШнинг танқидига сабаб бўлди.

Қонун амал қилиши назарда тутилган ташкилотлар ҳар йили Адлия вазирлигига даромадлар ва харажатлар декларациясини тақдим этиши шарт. Ушбу талабларни бажаришдан бўйин товлаганлик учун 25 минг лари (тахминан 8,5 минг евро) миқдорида жарима солинади.

Мамлакат президенти Саломе Зурабишвили қонунга вето қўйди, бироқ ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси парламентда кўпчилик бўлгани эвазига давлат раҳбари ветосини енгиб чиқди.

Кейинчалик Зурабишвили Конституциявий судга даъво аризаси билан чиқди.

Демократлар Ҳаррисни илгари суришмоқда

АҚШ Демократик партияси вице-президент Камала Ҳаррис номзодини президентликка илгари суриш учун овоз беришни бошлади. Электрон овоз бериш беш кун давом этади.

Камала Ҳаррисни ҳукуматнинг энг юқори лавозимига номзод қилиб кўрсатиш жараёнида иштирок этган демократ делегатларнинг 99 фоизи қўллаб-қувватлаган.

Демократик партиянинг миллий қурултойи 19-22 август кунлари Чикагода бўлиб ўтади.

Айни пайтда, Доналд Трамп ўзининг тахминий рақибига нисбатан ирқчилик кайфиятидаги баёнот билан чиқди. Трамп Чикагодаги қора танли журналистлар миллий ассоциацияси билан суҳбатда Ҳаррис узоқ вақтдан бери ўзини ҳинд миллатига мансуб аёл деб таништиргани, яқиндан бошлаб эса ўзини қора танли, дея таърифлай бошлаганини айтган.

Оқ уй собиқ Трампнинг сўзларини «таҳқирловчи» ва «жирканч» деб атади. Ҳарриснинг ўзи республикачи номзод Иллинойс штати энг йирик шаҳрида «бўлиниш» ва «ҳурматсизлик»нинг «эски шоусини» кўрсатаётганини таъкидлади.

Камала Ҳаррис Калифорнияда туғилган. Унинг отаси АҚШга Ямайкадан, онаси эса Ҳиндистондан кўчиб келган.

Мавзуга оид