Жаҳон | 08:54 / 03.08.2024
6343
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: ҲАМАС етакчиси ўлдирилиши Нетаняҳунинг музокаралардан манфаатдор эмаслигини кўрсатди

Исроилнинг Haaretz нашри асирларни алмашиш бўйича келишувга эришиш имконияти нолга тенг эканлигини таъкидлади.

Фото: TASS/Zuma

Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳанияга уюштирилган суиқасд Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу кун тартибида асирлар алмашинуви мавзуси асосий ўрин тутмаслигини кўрсатди, деб ёзади Исроилнинг Haaretz («Ҳаарец»)газетаси.

Ҳанияга суиқасд уюштириш билан бир қаторда, Байрутда «Ҳизбуллоҳ» қўмондонларидан бири ўлдирилиши ҳақидаги хабарлар ва Исроил армиясининг Фаластин ҲАМАС ҳаракати ҳарбий қаноти «Иззаддин Ал-Қассам бригадалари» раҳбари Муҳаммад ал-Дайф «йўқ қилингани» ҳақидаги баёнотлари минтақада янги тартибсизликларни келтириб чиқарди, дейилади исроиллик журналист Амос Харел мақоласида.

Исроил Эрон ва «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати томонидан эҳтимолий жавоб зарбасига тайёрланмоқда, дея қайд этади мақола муаллифи.

Минтақадаги ҳозирги воқеалар ҳисобга олинса, Тел-Авив маъмурияти ва ҲАМАС ўртасида асирларни алмашиш бўйича келишувга эришиш имконияти деярли нолга тенг, дейилади матнда.

Мақолада таъкидланишича, эҳтимолий ҳужумлар «бир неча кун» давом этиши мумкин ва Исроил қарши ҳужум билан жавоб бериши кутилмоқда.

Нашр Ҳаниянинг ўлдирилиши Исроил ва ҲАМАС ўртасида асирларни алмашиш бўйича билвосита музокаралар давом этган даврда содир бўлганига эътибор қаратади.

«Бош вазир Бинямин Нетаняҳунинг ўз режалари борлиги ва асирларни уйга қайтариш унинг энг муҳим дастури эмаслиги аниқ», дейилади матнда.

Муаллифнинг таъкидлашича, Нетаняҳу «икки томонлама» ҳаракат қилмоқда.

Ўтган ҳафта Исроил бош вазири Қўшма Штатларда маҳбусларнинг оилаларига музокараларда олға силжиш борлигини айтди, бироқ бу баёнотдан кўп ўтмай у келишувга тўсқинлик қиладиган янги шартларни эълон қилди, дея ёзади газета.

Мавзуга оид