Ўзбекистон | 21:20 / 06.08.2024
6229
5 дақиқада ўқилади

6 августнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Депутатликдан воз кечган Дониёр Ғаниев, босқичма-босқич тугатиладиган давлат монополияси, Ободонлаштириш бошқармаси тасарруфига ўтказилган ички йўллар, озодликдан маҳрум қилинган яна бир “кўча гуруҳи” — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Давлат монополияси босқичма-босқич тугатилади

Қисқа муддатли меҳнат таътилидан қайтган президент Шавкат Мирзиёевга Рақобатни ривожлантириш концепцияси тақдим этилди.

Унда иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, бозорга киришни эркинлаштириш, тадбиркорларга тенг шароитлар яратиш бўйича навбатдаги қадамлар белгиланган.

Хусусан, тадбиркорлик субъектларининг бозорларга эркин киришини қийинлаштирувчи норматив-ҳуқуқий моддалар ва ортиқча талаблар бекор қилинади.

Табиий монополия соҳалари билан ўзаро боғланган ва рақобатни ривожлантириш имконияти бўлган товар бозорларида табиий монополия субъектлари иштироки чекланади.

Тўғридан тўғри амалга ошириладиган давлат харидлари кўлами қисқартирилиб, давлат харидлари рақобатли усулларга тўлиқ ўтказилади. Рақобатни чекловчи индивидуал хусусиятга эга давлат ёрдами, шу жумладан, эксклюзив ҳуқуқ, имтиёз, преференция ва енгилликлар бекор қилинади.

Энергетика, нефт-газ, сув хўжалиги, йўл қурилиши, темирйўл ва аэропорт хизматлари каби қатор соҳаларда 17 турдаги давлат монополиясини босқичма-босқич тугатиш чоралари кўрилади.

Ички йўллар ободонлаштириш бошқармасига ўтади

Президент ички йўлларни сақлаш ва таъмирлашга оид таклифлар тақдимоти билан танишди.

Президент таклифига кўра, Ободонлаштириш бошқармаларида ички йўлларни сақлаш хизмати ташкил қилинадиган, улар 4 турдаги махсус техника билан таъминланадиган бўлди. Бунинг учун бюджетдан тегишли маблағ ажратилади.

Айни пайтда Ўзбекистонда жами 184 минг 582 км автомобил йўлидан қарийб 142 минг километри ички хўжалик йўлларидир. Аммо маҳаллий йўлларни сақлашга масъул тизим йўқ. Чунки Автомобил йўллари қўмитаси давлат ва халқаро аҳамиятдаги йўл ва кўприклар билан шуғулланади. Ички йўл ва кўприклар эса маҳаллий ҳокимликлар балансида.

Ҳозирги кунда 43 минг км ички йўллар таъмирталаб ҳолатда, 2354 та кўприкнинг «эгаси» аниқ эмас.

Мутасаддиларга ички йўлларни сақлаш ва таъмирлашни молиялаштириш бўйича янги механизмларни жорий этиш юзасидан кўрсатма берилди.

Энг яхши депутат ўз ваколатини топширди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги энг “жонли” депутат Дониёр Ғаниев ўз депутатлик фаолиятини якунлади. У Вазирлар Маҳкамаси тизимидаги бошқа ишга ўтган.

Дониёр Ғаниев депутатлик мандатини тугатишга, янги сайловларда номзодини илгари сурмасликка қарор қилди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.

«Гарчи депутат сифатида самарали фаолият олиб бордим, деб ўйласам-да, бу фаолиятда давом этиш ўзим учун ҳам, сайловчилар учун ҳам манфаатли бўлмаслигини тушуниб етдим. Менимча, ҳаётимда ўзгаришлар қилиш, янги челленж ва имкониятларни қарши олишнинг айни вақти», — дея қайд этган у сайловчиларга ва уни кузатувчиларга ишонч учун ташаккур билдирган.

Дониёр Ғаниев Вазирлар Маҳкамаси Инвестициялар, экспорт, савдо, қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари котибияти Инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини мониторинг қилиш бўлими бошлиғи ўринбосари лавозимига тайинлангани тўғрисида хабар берилган.

Яна бир “кўча гуруҳи” қамалди

Саидаҳмадхон Маҳмудхўжаев суд ҳукми билан 11 йил озодликдан маҳрум қилинди. У билан судланган яна 8 киши турли муддатларга озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш жазоларига тортилган.

Суд ҳукмида келтирилишича, судланганлар асосан товламачилик, босқинчилик, зўрлик ишлатиб, ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш, гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятларни содир этган.

Жумладан, Саидаҳмадхон Маҳмудхўжаев кўп миқдорда товламачилик, ўзбошимчалик, кўп миқдорда гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай, қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, эгаллаш, ташиш ёки жўнатиш назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Трейдерчиларнинг навбатдаги қурбони

Наманганда сохта трейдерчига ишонган аёл қарийб 100 млн сўмга чув тушди.

Фирибгарликда гумонланаётган шахс жабрланувчи аёл билан ижтимоий тармоқлар орқали гаплашиб, трейдерлик фаолияти билан шуғулланишини айтган. Сўнгра унга пулларини биржа орқали оз фурсатда кўпайтириб беришни ваъда қилиб, 92 млн сўмини ўтказиб олишга эришган.

Ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида мазкур жиноятни Наманган вилоятида яшовчи, муқаддам фирибгарлик жинояти билан судланган Р.Н. содир этгани аниқланган.

У алдов йўли билан жабрланувчининг 92 млн сўм миқдордаги пулини ўтказиб олишга эришиб, берган ваъдасини бажармасдан, пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Ҳолат юзасидан Р.Н.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Мавзуга оид