Жаҳон | 08:35 / 06.08.2024
7875
2 дақиқада ўқилади

Исроил вазири 2 млн ғазоликларнинг ўлими ҳақида гапирди 

Ҳеч ким 2 миллион тинч аҳолининг очликдан ўлишига йўл қўймайди, ҳатто бу асосли бўлса ҳам, деди Бецалел Смотрич.

Фото: Anadolu Agency

Исроил молия вазири Бецалел Смотрич, унинг фикрича, Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами оқимини тўсиб қўйиш, ҳатто 2 миллион тинч аҳолининг очликдан ўлимига олиб келса ҳам, «асосли» эканлигини айтди

Провокацион баёнотлар билан танилган Смотрич Исроилнинг «Исраэл Хайом» (Israel Hayom) телекомпанияси томонидан уюштирилган конференцияда Фаластин эксклавига инсонпарварлик ёрдамини тўсиб қўйиш зарурлиги ҳақида гапирди, деб ёзади The Times of Israel ахборот сайти.

Вазирнинг фикрича, Исроилнинг шиддатли ҳужумлари ва инсонпарварлик ёрдамлари блокадаси туфайли бир неча ой давомида тўйиб овқатланмаслик ва очликдан азоб чекаётган барча ғазоликларнинг ўлими «адолатлидир». 

«Ҳозирги глобал воқеликда биз урушни назорат қила олмаймиз. Асирга олинганлар қайтиб келгунига қадар ҳеч ким 2 миллион тинч аҳолининг очликдан ўлишига йўл қўймайди, ҳатто бу асосли бўлса ҳам», — деди Смотрич. 

Идора раҳбари халқаро ҳамжамият минтақага гуманитар ёрдам етказилишига тўсқинлик қилишига йўл қўймаслигини айтди. Шунингдек, у Ғазо секторига ҳужумларни давом эттириш учун Исроилга халқаро қонунийлик кераклигини таъкидлади. 

Смотрич Исроил Ғазо секторининг бутун ҳудуди устидан назоратни таъминлаши кераклигини қўшимча қилди. 

2023 йил 7 октябрдан бери Исроилнинг Ғазо секторида давом этаётган ҳужумлари натижасида 39 583 киши, жумладан 10 980 аёл ва камида 16 314 бола ҳалок бўлди, яна 91 398 нафари яраланди.

Мавзуга оид