Жаҳон | 19:22 / 06.08.2024
7137
2 дақиқада ўқилади

Тожикистонда аҳолининг ишлаш учун хорижга кетиши камайди

2024 йилнинг олти ойи давомида ишлаш учун мамлакатни 393 мингга яқин фуқаро тарк этган. Бу ўтган йилга нисбатан 74 минг кишига кам демак.

Фото: ТАСС

Тожикистонда 2024 йилда аҳолининг ишлаш мақсадида хорижга чиқиши камайди. Бу ҳақда мамлакатнинг Меҳнат, миграция аҳоли бандлиги вазирлиги хабар берди.

Идора маълумотларига кўра, 2024 йилнинг дастлабки олти ойи давомида Тожикистонда меҳнат миграцияси 16 фоизга камайган. Январь—июнь ойлари давомида мамлакатни 393 мингга яқин фуқаро тарк этган. 2023 йилнинг мос даврида эса Тожикистонни ушбу мақсадларда тарк этганлар сони 467 минг кишидан ортиқ эди.

«Жами меҳнат мигрантларининг 386 минг 987 нафари Россия Федерацияга борган», — дейилади вазирлик хисоботида.

Бу даврда мамлакатга қайтган меҳнат муҳожирлари сони 3 фоизга кўпайган — 324 минг киши (2023 йилда — 315,8 минг қайтган). Уларнинг 243,5 минг нафарини эркаклар (+3 фоиз) ва 80,5 минг нафарини аёллар (+25 фоиз) ташкил этган.

Ўз навбатида, вазирлик ҳузуридаги Миграция хизмати ходимлари томонидан Россия ҳудудига кириши тақиқланган 4731 киши ушбу давлатга боришдан тўхтатиб қолинган.

Тожикистон Меҳнат вазирлигининг 1 июнь ҳолатидаги маълумотларига кўра, мамлакатда ёлланма ишчиларга тўланадиган ўртача иш ҳақи 2148,98 сомонийни (203 АҚШ доллари) ташкил этган — бу 2023 йилга нисбатан 12,7 фоизга кўп демакдир.

Июль охирларида Россия Ички ишлар вазирлигининг Москва вилояти бўйича Бош бошқармаси бошлиғи Виктор Пауков «Москва вилояти чет элликлар билан «қорайиб» қолмаслиги учун уни «оқартириш» вазифасини қўйгани тўғрисида хабар берилганди. 2024 йилнинг биринчи ярмида Москва судлари мигрантлар маъмурий ҳуқуқбузарликлари бўйича 27 мингга яқин қарор чиқарган.

Мавзуга оид