Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
8 августнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Президентнинг Қозоғистонга давлат ташрифи, Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темирйўли қурилишининг бошланиш санаси, электр энергияси ҳисобини юритувчи янги биллинг тизими — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Президентнинг Қозоғистонга давлат ташрифи
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев кеча давлат ташрифи билан Қозоғистонга борган эди.
Бугун Остона шаҳридаги Оқўрда қароргоҳида Ўзбекистон президентини расмий кутиб олиш маросими ўтказилди.
Оқўрда қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди.
Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Ташриф арафасида Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, бизнес форуми ва қатор маданий тадбирлар муваффақиятли ўтказилгани мамнуният билан қайд этилди. 2034 йилга қадар стратегик шериклик ва иттифоқчилик дастури тайёрланди, ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари раислигидаги кенгаш ташкил этилмоқда.
Оқўрда қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев раислигида Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи мажлиси бўлиб ўтди.
“Бугун биз Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи мажлисини ўтказмоқдамиз. Бу мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари ривожида тарихий воқеа ҳисобланади”, — деди Шавкат Мирзиёев.
Шавкат Мирзиёев Қозоғистоннинг «Олтин Қирон» ордени билан тақдирланди.
Ўзбекистон президенти Қозоғистон Республикасининг олий давлат мукофоти билан тақдирланди. Қардош мамлакатнинг олий давлат мукофотини Ўзбекистон етакчисига президент Қосим-Жўмарт Тўқаев тантанали равишда топширди.
«Олтин Қирон» олий ордени билан давлат арбоблари Қозоғистон билан дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун тақдирланади.
Икки томонлама музокаралар якунида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Олмаота шаҳрида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳамда Чирчиқ шаҳрида М.Авезов номидаги Жанубий Қозоғистон давлат университетининг филиалларини тантанали равишда очди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон етакчилари «Сиан-Хорғос-Олмаота-Сариоғоч-Тошкент» йўналиши бўйича биринчи юк поездининг етиб келишига бағишланган маросимда ҳам иштирок этдилар.
Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи мажлиси якунида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Қўшма баёнот ҳамда Олий давлатлараро кенгашнинг 2024-2034 йилларда стратегик шериклик ва иттифоқчилик дастурини тасдиқлаш ва Ташқи ишлар вазирлари кенгашини тузиш тўғрисидаги қарорларини имзолади.
Хитойга темирйўл қурилиши қачон бошланади?
«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўли қурилиши қачон бошланиши маълум қилинди. Қурилиши шу йилнинг октябр ойида бошланадиган темирйўл «Қашғар–Торугарт–Мақмал–Жалолобод–Андижон» йўналиши бўйлаб ўтади.
«Қирғиз темир жолу» капитал қурилиш бошқармаси бошлиғи Рисқулбек Жумабоевга кўра, амалга оширилаётган халқаро лойиҳа Қирғизистонни географик боши берк кўчадан чиқаради.
«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўли Транс-Евросиё транспорт йўлаги жанубий қисмининг тармоқларидан бирига айланади.
Режалаштирилган темирйўлнинг йиллик юк ташиш ҳажми 15 миллион тоннага етиши, истеъмолчиларга товарларни етказиб бериш муддати етти кунга қисқариши кутилмоқда.
Қирғизистон «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўли қурилиши учун Хитой банкларидан кредит олиш ниятида. Лойиҳанинг умумий қиймати 4 миллиард 700 миллион долларга баҳоланган.
Тошкент аэропортидаги қулайлик
Тошкент халқаро аэропортида йўловчилар учун кутиш ҳудуди кенгайтирилди. Лойиҳага кўра, яна 2 минг квадрат метрга кенгайтирилган учиш залининг «стерил» ҳудуди ўриндиқлар билан жиҳозланган кенг кутиш ҳудуди ҳамда «фуд-корт» ташкил этиш кўзда тутилган.
Таъкидланишича, қўшимча залнинг қурилиши умумий жўнаш залини B5-B6-B7 чиқиш йўлаклари билан улаш имконини берди. Бундан ташқари, кейинчалик келаётган ва кетаётган йўловчилар оқимини ажратиб турувчи алоҳида галерея ва пастки залдан бортга чиқиш йўлакларини очиш мумкин бўлади.
“ҲЭТ” АЖдан янги биллинг тизими
Электр энергияси ҳисоби учун янги HET Billing дастурий комплекси тўлиқ ишга туширилди.
Янгиланган тизим орқали истеъмол қилинган электр энергияси ҳисоби, хусусан, тўлов маълумотлари, кунлик электр энергия истеъмоли ва бошқа ҳар қандай маълумотни онлайн тарзда кузатиб бориш мумкин.
Аввалроқ, янги биллинг дастурий комплекси ишга туширилиши муносабати билан 31 июлдан 5 августгача электр энергияси учун онлайн тўловларни амалга ошириш ҳамда шахсий ҳисоб рақамдаги мавжуд маълумотларни олишда техник узилишлар бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.
«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ тизимни жорий этишдаги кечикишни бир қанча техник жараёнларни ўз ичига олгани, босқичма-босқич ишга туширилгани билан изоҳлади ва ноқулайлик учун истеъмолчилардан узр сўради.
Мавзуга оид
22:53 / 10.02.2026
Олмалиқдаги мактабда бахтсиз ҳодиса ва тадбиркорга норасмий бандликни бартараф этиш муҳлати – маҳаллий дайжест
21:45 / 06.02.2026
«Амир Темур ойлиги» ва сенаторнинг империяпараст чиқишларга муносабати – маҳаллий дайжест
21:56 / 05.02.2026
Хусусий боғчаларга имтиёзлар, жарима ўрнига огоҳлантириш ва исломий банк қонуни - маҳаллий дайжест
21:48 / 04.02.2026