Жаҳон | 08:39 / 08.08.2024
6812
4 дақиқада ўқилади

Исроил ҲАМАСнинг янги раҳбари Яҳё Синварга ўлим билан таҳдид қилди

Яҳё Синвар 2023 йил октябр ойида ҲАМАСнинг Исроилга қарши кенг кўламли ҳужуми ташкилотчиси ҳисобланади. Исроил ташқи ишлар вазири Кац Синварнинг ҲАМАС сиёсий бюросига раҳбар этиб тайинлангани унинг тезда йўқ қилинишига сабаб эканини айтди.

Фото: Abed Rahim Khatib/Flash90

Гуруҳнинг 2023 йил октябр ойида Исроилга уюштирган йирик теракти ташкилотчиси саналган 61 ёшли Яҳё Синвар Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати янги сиёсий раҳбари этиб тайинланди. ҲАМАС Синварнинг сиёсий бюро раҳбари этиб сайланганини 6 август, сешанба куни, бу лавозимдаги ўзидан аввалги Исмоил Ҳания Теҳронда ўлдирилганидан бир ҳафта ўтиб эълон қилди.

Синвар ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари этиб тайинлангач, Исроил ташқи ишлар вазири Израэл Кац уни тезроқ йўқ қилишга чақирди. «Исмоил Ҳания ўрнига бош террорчи Яҳё Синварнинг ҲАМАС янги раҳбари этиб тайинланиши уни тезроқ йўқ қилиш ва бу ёвуз ташкилотни Ер юзидан йўқ қилиш учун яна бир яхши сабабдир», деб ёзади у.

Яҳё Синвар ҲАМАСнинг энг кўп қидирилаётган етакчилари рўйхатида. Гуруҳнинг Исроилга ҳужумидан сўнг у омма олдида кўринмай қолган ва Ғазо сектори остидаги ерости туннелларида яширинган деб тахмин қилинади.

Ҳаниянинг ўлдирилиши ҳамда ҲАМАС ва Эрондан таҳдидлар

Синвардан аввалги ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳания 31 июл куни Теҳронда ўлдирилган. ҲАМАС ва Эрон қотилликда Исроилни айблади. Эрон олий етакчиси оятуллоҳ Хоманаий Исроилни жазолашга чақирди. Исроилнинг ўзи Ҳания ўлимига изоҳ бермади. Ҳания ўлдирилишидан бир неча соат олдин Исроил Ливандаги радикал "Ҳизбуллоҳ" ҳаракати қўмондонларидан бири Фуад Шукрни йўқ қилди. "Ҳизбуллоҳ" етакчиси Ҳасан Насруллоҳ ҳам Исроилга жавоб зарбалари беришга чақирди.

Исроил ва унинг иттифоқчилари бир неча кундан бери бу ҳужумни кутяпти. Халқаро ҳамжамият инқирозни юмшатиш учун ҳаракат қилмоқда. АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг айтишича, унинг мамлакати кескинликни юмшатиш учун кеча-ю кундуз ишламоқда. Бир кун олдин у яна Эрон ва Исроилни можаро авж олишидан қочишга чақирди. «Кейинги зарбалар ҳеч ким башорат қила олмайдиган ёки тўлиқ назорат қила олмайдиган оқибатлар хавфини оширади», деб огоҳлантирди Блинкен.

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди. 

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 40 мингга яқин фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид