Қирғизистонда криминал авторитет Қўлбоевнинг 76 ёшли онасига суд ҳукми ўқилди
Қамчибек Қўлбоевнинг 76 ёшли онаси Мая Алиеванинг мол-мулки мусодара қилиниб, 7 йилга озодликдан шартли маҳрум этилди. У инсултга учраб, ётоқдан туролмайдиган, аниқ гапира олмайдиган бўлиб қолган эди.
2023 йил октябр ойида ҳуқуқ-тартибот идоралари махсус операцияси пайтида ўлдирилган қирғизистонлик криминал авторитет Қамчибек Қўлбоевнинг онаси 76 ёшли Мая Алиева мол-мулки мусодара қилиниб, 7 йилга озодликдан шартли маҳрум этилди. Ҳукмни 8 август куни Бишкек суди эълон қилди, деб хабар берди Kaktus.Media.
Мая Алиева Қирғизистон Жиноят кодексининг 222-моддаси («Жиноий даромадларни легаллаштириш») бўйича айбланди: унинг номига ўғли Қамчибек Қўлбоев томонидан ноқонуний йўллар билан қўлга киритилган 13 та кўчмас мулк рўйхатга олинган. Прокурор хатланган мулкларни давлат фойдасига мусодара қилиш билан бирга 10 йил қамоқ жазосини сўраган эди.
Суд тайинланган жазо бир йил синов муддати билан шартли деб ҳисобланишини маълум қилди. Судланувчи ушбу синов муддати давомида жиноятга қўл урмаса ва суд томонидан юкланган мажбуриятларни бажарса, ҳукм ижро қилинмайди.
Суд ҳукмида айтилишича, Мая Алиева номига рўйхатдан ўтказилган умумий қиймати 2 миллиард қирғиз сўмидан ортиқ (деярли 25 миллион доллар) бўлган кўчмас мулк мусодара қилинади. Жумладан: Бишкекда бир нечта квартиралар, Чўлпон-Ота шаҳридаги уй, Чўлпон-Ота курорт-рекреацион ҳудудидаги иккита ер участкаси, Бўстери қишлоғидаги дўкон, иккита катта қўйхона, Чўлпон-Ота шаҳридаги савдо мажмуаси, Чўлпон-Ота шаҳридаги суғориладиган экин майдонлари, «Барлар» спорт мажмуаси.
Июл ойида Алиеванинг яна бир ўғли (унинг жами 6 нафар фарзанди бор) Жўлдошбек Қўлбоев Қирғизистон президентига видеомурожаат қилиб, онаси «инсултга учрагани, ётоқдан туролмайдиган, аниқ гапира олмайдиган бўлиб қолгани, суд мажлислари унинг хонадонида ўтаётганидан» шикоят қилган эди.
Қайд қилинишича, Қамчибек Қўлбоевнинг беваси Нурия Тентешевага нисбатан ҳам суд ҳукми чиқарилган: у сиртдан 8 йилга озодликдан маҳрум этилди ва қидирувга берилди.
«Коля-қирғиз» лақабли Қамчибек Қўлбоев Қирғизистондаги энг машҳур криминал авторитетлардан бири эди. АҚШ разведка идоралари уни дунёдаги энг йирик наркобаронлар рўйхатига ва Қўшма Штатлардаги мол-мулки мусодара қилиниши керак бўлган собиқ СССР мамлакатларидан келган топ-10 жиноятчи қаторига киритган. Қўлбоевни ҳибсга олиш ёки унинг уюшган жиноий гуруҳининг «молиявий оқимини бузиш»га ёрдам берадиган маълумот учун 5 миллион доллар мукофот эълон қилинган эди.
Қўлбоев 2023 йил 4 октябр куни Қирғизистон хавфсизлик кучларининг махсус амалиёти чоғида ўлдирилди. Бир неча кун ўтгач, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси унинг ноқонуний йўллар билан қўлга киритган, шу жумладан қариндошлари ва шериклари номига расмийлаштирилган активлари қиймати 1 миллиард долларга яқин эканини маълум қилди. Тез орада жиноятчи ва унинг яқинларига тегишли 720 та хонадон давлат мулкига ўтди. Мулкнинг бир қисми кимошди савдосига қўйилди.
Мавзуга оид
20:39 / 03.10.2024
Садир Жапаров Қирғизистонда яшовчи миллиардерлардан ёрдам сўради
21:40 / 02.10.2024
Қирғизистон Ўзбекистон туфайли гўшт экспортига вақтинчалик тақиқ жорий қилгани маълум бўлди
18:44 / 02.10.2024
Қирғизистоннинг 4 та пансионати Ўзбекистонга берилди
20:27 / 01.10.2024