Жамият | 17:45 / 12.08.2024
11155
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда 10 ёшли қизга тегажоғлик қилган эркак қамоққа олинди

32 ёшли эркак ҳеч ким йўқлигидан фойдаланган ҳолда қўшнисининг уйига кириб, унинг 2014 йилда туғилган қизига уятсиз ҳаракатлар қилган. Болалар омбудсманининг ИИВга юборган сўровидан сўнг эркакка нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Фото: elements.envato.com

Сурхондарёда ёш қизга тегажоғлик қилган эркак қамоққа олинди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.

Маълум қилинишича, Болалар омбудсманига Сурхондарё вилоятида яшовчи Ш.М.дан мурожаат келиб тушган. Аёл ўз мурожаатида жорий йил 3 июн куни 1992 йилда туғилган қўшниси Б.Ш. унинг 2014 йилда туғилган қизига уйида ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, уятсиз қилиқлар қилганини билдирган.

Аёлнинг ёзишича, Б.Ш. вояга етмаган қизни агар бўлган ҳолатни кимгадир айтадиган бўлса, уни ўлдириш билан қўрқитган. Ш.М. эркакнинг қилган ишларини қизи видеотасвирга тушириб олганини, ҳолат юзасидан тергов органларига хабар берганини, лекин улар томонидан тегишли чора кўрилмаётганини маълум қилган ҳамда фарзандининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ёрдам сўраган.

“Болалар омбудсманининг ИИВга юборган сўрови асосида Сурхондарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан мазкур ҳолат юзасидан жорий йил 7 июл куни Б.Ш. га нисбатан Жиноят кодексининг 129-моддаси 2-қисми “в” банди (16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди”, дейилади хабарда.

Қўшимча қилинишича, эркакка нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари тамомланиб, жиноят иши материаллари тегишли судга юборилган.

Мавзуга оид