Жаҳон | 19:11 / 13.08.2024
2329
2 дақиқада ўқилади

Қирол Чарлз III банкноталари номинал қийматидан 11 баробар қимматга сотилмоқда

Британия қироли Чарлз III тасвири туширилган янги банкноталар хайрия аукцонлари доирасида ўз қийматидан 11 баробар кўпроқ маблағ тўплади, деб хабар беради BBC.

Фото: BBC

Июнь ойида қирол Чарлз III нинг тасвири туширилган 5, 10, 20 ва 50 фунт стерлинг банкноталари муомалага чиқарилган эди. Аукционга қўйилган банкноталар жамланмасининг ҳар бири 000001 билан тугайдиган серия рақамларга эга бўлди — бошқа рақамли юзлаб банкноталар ҳам савдода ўз эгаларини топди. Биргина HB01 000002 серия рақамли 10 фунт стерлингли банкнота савдолар давомида 17 минг фунтга сотилди.

Бошқа бир лотда 50 фунтли 40 та купюра жамланмаси (2 минг евро) эса 26 минг фунтга сотилди — бу Англия банки томонидан ўтказилган аукционлардаги рекорд натижадир.

Лондондаги Spink аукцион уйи томонидан ташкил этилган тўртта савдо давомида жами 914 минг 127 фунт стерлинг фойда кўрилди. Коллекционерлар серия рақамлари 000001 га максимал даражада яқин банкноталарни қидирмоқда, шу боисдан ҳам тўланаётган пуллар қиймати юқори.

Июнь ойида банкноталар муомалага киритилганида, Почта бўлинмаси коллекционерлар эрта тонгдан ташриф буюра бошлаганини маълум қилганди. Банкноталарда имзоси турган Англия банкининг бош кассири Сара Жон бу қадар «ҳайратланарли» маблағ йиғилганидан хурсанд эканини маълум қилди.

Тўпланган маблағлар банк томонидан танланган 10 та хайрия ташкилоти ўртасида тенг тақсимланади.

Таъкидлаш керакки, бу Англия банки банкноталаридаги монархнинг биринчи марта алмашиши ҳисобланади, чунки қиролича Елизавета III 1960 йилдан бери банкноталарда мунтазам тасвирланиб келаётган биринчи монарх эди. Шотландия банкноталарида эса монарх тасвирланмаган.

Мавзуга оид