Жорий йил кузда АҚШда навбатдаги президентлик сайловлари ўтказилади. Республикачилар партиясидан АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп ва Демократик партиядан Жо Байден маъмуриятида вице-президент лавозимида ишлаб келаётган Камала Ҳаррис номзоди кўрсатган.

Агар кузгача фавқулодда ҳодиса юз бермаса, океан ортида шу номзодлар АҚШ президентлиги учун кураш олиб боради.

Маълумот учун, Демократлар аввалига амалдаги президент Жо Байденни номзод сифатида кўрсатганди. Бироқ 2024 йил 21 июл куни 81 ёшли президент номзодини қайтариб олишини маълум қилди.

Аслида бу кутилмаган қарор эмасди. Ўшангача демократик партия тарафдори бўлган кўплаб нуфузли шахслар 81 ёшли сиёсатчининг номзоди президентликка кўрсатилиши тўғри бўлишига шубҳа қила бошлаганди.

Агар эътибор берилса, АҚШдаги асосий иккита партиядан кўрсатилган номзодлар ўз рейтингини ошириш учун бир-бирини турли ишларда айблайди. Яъни, ғалаба қозониш учун қонун доирасида ҳар қандай ишдан тап тортмайди.

Бироқ президентлик сайловлари тарихида ноқонуний ишлар ҳам бўлиб турган. Бундай ишларнинг энг машҳури 1972 йил ёзда сайловолди кураш айни авжига чиққан пайтда юз берган ва у тарихда “Уотергейт иши” номи билан қолган.

Охир-оқибат “Уотергейт иши” туфайли Ричард Никсонга импичмент хавф солади ва у истеъфога чиқади.

Фото: alamy.com

Жон Кеннедига рақиб ва Брежневнинг дўсти

1913 йилда туғилган Ричард Никсон катта сиёсатга Иккинчи жаҳон уруши тугагандан сўнг кириб келади. У 1947 йилда Калифорниядаги сайлов округида Вакиллар палатаси аъзоси, 1950 йилда сенатор этиб сайланади.

1952 йил кузда ўтказилган сайловларда Дуайт Эйзенҳауэр АҚШ президенти этиб сайланади ва у Ричард Никсонни ўзига вице-президент сифатида танлайди. Дуайт Эйзенҳауэр АҚШни икки муддат бошқаради ва Никсон ҳам саккиз йил вице-президент вазифасини бажаради.

1960 йилда ўтказиладиган сайловларда Демократик партия вакиллари президентлик учун Жон Кеннеди, Республикачилар эса Ричард Никсон номзодини илгари суришади. Ўшанда республикачилар Никсоннинг 8 йиллик тажрибасига ишонганди.

Бироқ ноябр ойида бўлиб ўтган сайловларда Жон Кеннеди ғалаба қозонади ва Никсонни ортда қолдириб кетади. 1964 йилда Республикачилар президентликка Барри Голдуотернинг номзодини кўрсатади, бироқ у Демократлар вакили Линдон Жонсонга ютқазади.