16 августнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Сенатдан қайтган қонун лойиҳаси, ҳукумат ваколатларига қўшимчалар, 7 йилга қамалган собиқ вазир ва пойтахтдаги пиёдалар учун янги кўрсатма— кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Баҳсли қонун қабул қилинмади
Сенаторлар ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг фото ва видеоларини уларни обрўсизлантириш мақсадида интернетда тарқатганлик учун жазо белгилашни кўзда тутувчи қонунни маъқулламади.
Ҳужжат қайта кўриб чиқиш учун парламентнинг қуйи палатасига қайтарилди.
Мазкур қонун лойиҳаси 2023 йил 28 ноябрда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинганди.
Қонун лойиҳасида ҳуқуқ органлари ходимларининг фото ва видеотасвирларни уларни обрўсизлантириш мақсадида интернетда тарқатганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробари миқдорида жарима ёки 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси кўзда тутилган.
Бу ўзгариш фаолларнинг кескин танқидига учраган эди. Жумладан, депутатлар Дониёр Ғаниев ва Бобур Бекмуродов ҳам бу нормани очиқлик сиёсатига зид деб баҳолаган эди.
Ҳукумат ваколатларига қўшимчалар киритилмоқда
Бироқ Сенат ўзининг 55-ялпи мажлисида қабул қилган қонунлар ҳам бор. Улардан бири Вазирлар Маҳкамаси тўғрисидаги конституциявий қонундир. Мазкур қонун билан вазирларнинг турли йўналишлар бўйича масъулияти ва шахсий жавобгарлиги кучайтирилади.
Қонун билан Вазирлар Маҳкамасининг вазифа ва ваколатларига доир бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, ижро этувчи ҳокимиятнинг иқтисодиёт, бюджет, молия, солиқ, ижтимоий, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларидаги ваколатлари аниқ белгиланмоқда.
Шунингдек, Бош вазир, унинг ўринбосарлари ва вазирларни лавозимига тайинлаш ва лавозимидан озод этиш тартиби, уларнинг мажбуриятлари, вазифалари ҳамда шахсий жавобгарлиги аниқлаштирилмоқда.
Бундан ташқари, қонунда ҳукумат фаолиятининг масъулияти ва очиқлигини оширишга қаратилган қатор муҳим ўзгаришлар акс этган. Жумладан, Бош вазир, унинг ўринбосарлари ва вазирлар ҳар йили Олий Мажлис Қонунчилик палатасига мамлакатимиз ҳаётидаги ижтимоий-иқтисодий масалалар юзасидан ҳисобот тақдим этиши назарда тутилган.
Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилувчи қонун
Сенат болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган қонунни ҳам маъқуллади.
Қонун билан болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш, мурожаат қилинганда бепул ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам берилиши белгиланмоқда.
Хусусан, зўравонлик туфайли жабрланган шахс ариза билан тегишли ваколатли органларга ёки судга мурожаат этиши, махсус марказларда, шунингдек бепул телефон линияси орқали бепул ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиши мумкинлиги белгиланяпти.
Қайд этилишича, ҳужжат билан илк бор янги институт очилиб, зўравонликдан жабрланган болаларга 30 кунгача ҳимоя ордери бериш тартиби йўлга қўйилади.
Қонунда жабрланувчига етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланиши ҳамда маънавий зиён компенсациясини талаб қилиш ҳуқуқи акс эттирилмоқда.
Собиқ вазир 7 йилга қамалди
Уй-жой коммунал хўжалиги вазири, кейинроқ Нурафшон шаҳар ҳокими лавозимларида ишлаган Музаффар Солиев 7 йилга қамалди. У давлат мулкини талон-торож қилиш ва мансаб сохтакорлиги жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилган.
Солиевга нисбатан иш жорий йил 13 март куни Шайхонтоҳур туман судида кўриб чиқилган. Биринчи инстанция судининг ҳукмига кўра, собиқ ҳоким ва вазир 3 йил мансабдор ва моддий жавобгар шахс лавозимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ва узил-кесил 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Жазони умумий тартибли колонияларда ўтаттириш белгиланган.
Апелляция инстанцияси биринчи инстанция судининг ҳукмини ўзгаришсиз қолдирган.
Жиноий гуруҳ талон-торожликни асосан «Сирдарё вилоятининг Боёвут, Ховос, Мирзаобод, Сардоба ва Оқолтин туман марказларини ичимлик сув билан таъминлашни яхшилаш» лойиҳаси доирасида амалга оширган.
Мазкур лойиҳа қиймати 138,65 млн АҚШ доллари бўлиб, у Жаҳон банки иштирокида амалга оширилган. Лойиҳа доирасида Сирдарё вилоятининг 155 та қишлоқ аҳоли пунктларида яшовчи 354 минг аҳолини ичимлик сув билан таъминловчи, қуввати суткасига 154 минг метр куб бўлган сув олиш иншооти, 1064 км сув тармоғи, 57 та сув тарқатиш иншооти, 35 та сув минораси қуриш режалаштирилган.
Музаффар Солиев ва унинг жиноий шериклари ушбу лойиҳа доирасида 10 та ҳолатда бажарилмаган ишларни қўшиб ёзиш ва бошқа шаклларда жами 5 млн АҚШ долларидан ортиқ маблағни талон-торож қилиб, тақсимлаб олишган.
Дастлабки тергов даврида Музаффар Солиевнинг бир нечта мулклари хатланган. Жумладан, унинг номидаги Lada машинаси, Юқори Чирчиқ тумани Миробод маҳалласидаги уй, турмуш ўртоғининг номида бўлган Tracker машинаси), Тошкент шаҳрининг Яккасарой ва Миробод туманидаги хонадонлар, шунингдек, Солиевнинг уйидан олинган 14 600 АҚШ доллари хатланиб, етказилган зарарни қоплашга қаратилган.
Пиёдалар учун янги кўрсатма
Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси йўллардаги тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётганда — пиёдалардан қўлларини баланд кўтаришни сўради.
«Эндиликда, тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётганда — пиёдалардан ўнг ёки чап қўлларини баланд-баланд кўтаришлари, автомашиналар тўхтаганидан кейин йўлдан ўтишларини тавсия қиламиз», дейилади бошқарма ахборот хизмати томонидан тарқатилган видеода.
Бошқарманинг бу тавсияси ижтимоий тармоқларда кескин норозиликлар ва истеҳзолар келтириб чиқарган. Фикр етакчилари пиёдаларга бундай талаб қўйилиши йўлларда авариялар сонини ошиши ва қоидабузар ҳайдовчилар томонидан хаспўшланишига олиб келишини таъкидлади.
Мавзуга оид
21:41 / 22.11.2024
22 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:40 / 21.11.2024
20 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
19:49 / 20.11.2024
20 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:05 / 19.11.2024