Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Канада Киевга Россия ҳудудида зирҳли техникасидан фойдаланишга рухсат берди
Канада Киевга етказиб берилаётган ҳарбий техникасидан фойдаланишга географик чекловлар қўймайди, деб хабар берди CBC телеканали.
Украина Россия Федерацияси ҳудудида Канада томонидан тақдим этилган танклар ва зирҳли транспорт воситаларидан эркин фойдаланиши мумкин. Бу ҳақда 15 август куни Канада Миллий мудофаа вазирлигига таяниб, CBC телеканали хабар берди.
«Украиналиклар ўз ватанларини қандай ҳимоя қилишни яхшироқ билишади ва биз уларнинг салоҳиятини қўллаб-қувватлашга тайёрмиз», — дея мудофаа идораси вакилининг сўзларини келтиради телеканал. «Канада Украинага топшираётган ҳарбий техникадан фойдаланишга географик чекловлар қўймайди», - дея қўшимча қилди у.
Бу баёнот ҳарбий экспертларнинг Украина Россия Федерацияси Курск вилоятидаги ҳужумини яна қанча давом эттириши мумкинлиги ҳақидаги тахминлари фонида айтилди.
Leopard 2А4 танклари ва зирҳли транспорт воситалари
Оттава аввалроқ Киевга саккизта Leopard 2А4 танклари, бир неча ўнлаб зирҳли жанговар ёрдам машиналари ва юзлаб зирҳли патрул машиналари, шунингдек, бир қатор М-777 155 мм гаубицаларини жўнатган, деб эслатади CBC.
15 август куни CNN томонидан суратга олинган кадрда Канадада ишлаб чиқарилган Senator ғилдиракли ҳарбий зирҳли машинаси Украина-Россия чегарасидан ўтаётганини кўриш мумкин.
Украина қуролли кучлари 6 августдан бери Россия Федерациясининг Курск вилоятида кенг кўламли ҳужумни амалга оширмоқда. 9 август куни Белгород, Брянск ва Курск вилоятларида аксилтеррор операцияси режими жорий этилди. Курск губернатори вазифасини бажарувчи Алексей Смирнов 12 август куни 120 мингдан ортиқ одам эвакуация қилингани ёки ҳудудни тарк этганини айтди.