Жаҳон | 22:28 / 17.08.2024
3489
2 дақиқада ўқилади

Тайванда боғча тарбиячиси болаларга нисбатан «шафқатсиз» зўравонлиги учун 28 йилга қамалди

Мао исмли эркак 7 ёшдан кичик бўлган олти нафар болага нисбатан «даҳшатли» жиноятларни содир этган, натижада улар «жиддий жисмоний ва руҳий жароҳат» олган.

Фото: Getty images

Тайванда болаларга нисбатан 200 дан ортиқ жинсий жиноятларни содир этган тарбиячи 28 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бу оролда жамоатчиликнинг кескин норозилигини келтириб чиқарди.

Тайбей округ суди судясининг маълум қилишича, Мао исмли эркак 7 ёшдан кичик бўлган олти нафар болага нисбатан «даҳшатли» жиноятларни содир этган, натижада улар «жиддий жисмоний ва руҳий жароҳат» олган.

Мазкур воқеа бир неча ҳафтадан бери жамоатчилик диққат марказида бўлиб, Маонинг жинояти ва ҳукуматнинг тезкор чора кўрмагани бўйича аҳолининг ғазаби кучайиб бормоқда.

Кўпчиликнинг таъкидлашича, Мао содир этган жиноятлар 2022 йилда ошкор бўлган, аммо у лавозимидан озод этилмагани туфайли жабрланувчиларнинг сони яна ортган. У 2023 йилнинг июлида, яна бир нечта ота-она шикоят киритганидан кейин ҳибсга олинган. «Маҳаллий ҳукумат 2022 йилда яхшироқ ишлаганида, 2023 йилда фожиа юз бермасди», — дейди депутат Лин Юэ-чин.

Жабрланувчиларнинг ота-оналари, шунингдек, тергов шаффоф ўтганидан шикоят қилмоқда. Уларнинг айтишича, кузатув камераларидаги ёзувлар ва тергов ҳисоботлари тақдим этилмаган. Ўтган йили Мао ишдан четлатилган ва унга таълим бериш тақиқланган. Болалар боғчасининг лицензияси ҳам чақириб олинган.

16 август куни Мао қатор жиноятлар, жумладан, зўрлаш ва болаларни жинсий характердаги видеороликларда суратга тушишга мажбурлашда айбдор деб топилган. Бошқа ота-оналарнинг даъволари бўйича ҳам тергов давом этмоқда.

Суд ҳужжатларига кўра, Мао мамлакат пойтахти Тайбейдаги хусусий боғчада ишлаб келган. У олий маълумотга эга бўлиб, 2021 йил сентябрдан бери мактабгача таълим муассасида фаолият юритган.

Депутат Лин Юэ-чиннинг сўзларига кўра, жиноят кўлами жабрланувчи ота-оналар Маонинг телефонини кўздан кечиришни талаб қилганидан кейин маълум бўлган. Масъуллар унинг телефонидан болаларнинг 600 дан ортиқ видеоларини топган.

Мавзуга оид