Жаҳон | 23:26 / 18.08.2024
8623
2 дақиқада ўқилади

Москвада ўтказилган рейддан кейин ўнлаб мигрантларга «военкомат»га чақирув қоғозлари топширилди

Россия пойтахтида рейдлар «Шёлковская» метроси яқинидаги автовокзалда, сабзавот базаси ва Шарқий маъмурий округда жойлашган хостелларда ўтказилган.

Фото: Global Look Press

Москвада ҳарбий терговчилар ва Шарқий маъмурий округ бўйича ИИБ вакиллари рейд ўтказиб, Россия фуқаролигини олган ўнлаб мигрантларга «военкомат»га чақирув қоғозларини топширди, деб хабар беради «Коммерсант».

Нашрнинг қайд этишича, рейд «Шёлковская» метроси яқинидаги автовокзалда, сабзавот базаси ва Шарқий маъмурий округда жойлашган хостелларда ўтказилган.

Россия ИИБ ходимлари бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда мунтазам равишда мигрантлар ишлаши ёки яшаши мумкин бўлган ҳудудларда рейд ўтказиб келмоқда. Хусусан, бу каби рейдлар Москва вилоятидаги Wildberries омборларида, масжид ва ресторанларда ҳам ўтказилган. Чақирув қоғози билан «военкомат»га келган фуқаролар ҳарбий хизматга юборилиб, улар шартнома тузишга мажбурланмоқда.

2024 йилнинг июнь ойида РФ Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин яқинда Россия фуқаролигини олган, бироқ ҳарбий ҳисобга турмаган 30 мингдан ортиқ хориж фуқаролари борлигини маълум қилганди. Бастрикиннинг сўзларига кўра, уларнинг 10 мингга яқини «ҳандақ қазиш учун» урушга юборилган.

Июл охирларида Россия Давлат думаси Россия паспортини олган хорижликларга бир вақтнинг ўзида ҳарбий ҳисобга туриш мажбуриятини юклайдиган қонунни қабул қилган эди.

Август бошларида эса Россия Федерация Кенгаши иш берувчиларнинг ҳарбий хизматга чақирилувчилар электрон реестри орқали маълумот алмашинувига оид қонунни маъқуллаган. Чақирув қоғози юборилиши билан ҳарбий хизматга мажбур фуқаронинг мамлакатдан чиқишига автоматик равишда тақиқ қўйилади. Чақирилувчи 20 кун ичида «военкомат»га келмаса, унга хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш, кўчмас мулк билан боғлиқ битимларни тузиш ва ўзини ўзи банд қилиш тақиқланади.

 

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид