Жаҳон | 14:31 / 19.08.2024
4068
3 дақиқада ўқилади

Беларус президенти: Ғарб можароларни қўзғашда давом этмоқда

Ғарб муҳожирлар инқирозида глобал жанубни ва бизни айбламоқда, деди Александр Лукашенко.

Фото: РИА Новости / Сергей Гунеев

Ғарб кўп миллионли қочқинлар оқимини келтириб чиқарадиган можароларни қўзғашда давом этмоқда.

Бу ҳақда Беларус президенти Александр Лукашенко «Глобал жануб овози» учинчи саммитида маълум қилди.

Давлат раҳбари Ғарб ҳукмронлиги даври ўтмишга айланиб бораётганини алоҳида таъкидлаб, глобал тараққиёт, иқтисодий тортишиш ва сиёсий қарорлар қабул қилиш маркази жануб ва шарққа силжиётганини билдирди.

«Бу биздан халқаро масалаларда кўпроқ етакчиликни талаб қилади. Глобал жанубнинг овози тўлиқ эшитилиши ва унинг улкан салоҳиятига мос келиши керак», — деди Беларус раҳбари.

Мухолифлар кучайиб бораётган бу кучни ҳис қилмоқда ва унга қарши туришга уринмоқда, деб ҳисоблайди Лукашенко.

Ҳиндистон бош вазири «глобал муаммоларнинг аксарияти Глобал жануб томонидан яратилмаган, аммо улар бизга кўпроқ таъсир қиляпти», деб айтганида мутлақо тўғри эди, деди президент.

Унинг сўзларига кўра, Беларус буни ўз тажрибасидан яхши билади. «Биз бир неча йиллардан буён ноқонуний, адолатсиз, ваҳшиёна санкциялар остида яшаяпмиз, бу нафақат мамлакатимизга, балки сизларнинг халқингизга ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда», — деди сиёсатчи.

Ғарб кўп миллионли қочқинлар оқимини келтириб чиқарадиган можароларни қўзғашни давом эттирмоқда, кейин эса миграция инқирозида беҳаёлик билан Глобал жанубни ва бизни айбламоқда, деди президент. «Аммо, асл сабаб – ресурсларни сўндириш ва ривожланаётган мамлакатларга тенг бўлмаган айирбошлаш тизимини жорий этишдир», деб ҳисоблайди Лукашенко.

У бугунги кунда кўплаб минтақалар трансмиллий корпорациялар манфаати учун урушлар ва можаролар билан ларзага келганига, қуролланиш пойгаси мисли кўрилмаган даражада кучайиб бораётганига эътибор қаратди.

«Аммо барқарор тинчлик ва глобал қарама-қаршиликларни ҳал қилмасдан туриб, ҳеч қандай ривожланиш мумкин эмас. Шу боис Беларус бир неча бор тинчлик ташаббуслари билан чиқди ва низоларни ҳал этиш бўйича музокаралар платформаси ролини ўз зиммасига олди», — деди давлат раҳбари.

Беларус бу ишни изчил давом эттиради, деди у. «Бизни бирлаштирган халқаро тузилмалар: БМТ, Қўшилмаслик ҳаракати, Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти, шунингдек, биз шерик бўлишни кутаётган БРИКСда фаол иштирок этиб, яқин келажакда глобал кўпчиликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшишни мақсад қилганмиз», - дея қўшимча қилди президент.

Мавзуга оид