Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россияда мигрантларга ўз оиласини олиб келишни тақиқловчи қонун лойиҳаси тайёрланди
Ташаббус муаллифлари фикрича, мигрантларнинг оилалари маҳаллий аҳоли учун «жуда кўп муаммоларни» келтириб чиқармоқда.
Россиянинг ЛДПР партияси етакчиси Леонид Слуцкий бошчилигидаги бир гуруҳ депутатлар Давлат Думасига меҳнат мигрантларининг ўз оиласини Россияга олиб келиш ҳуқуқини чекловчи қонун лойиҳасини киритади. Бу ҳақда РИА Новости ёзди.
«Қонун лойиҳаси асосида меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида Россияда вақтинча бўлиб турган чет эл фуқаросининг оила аъзосининг Россия ҳудудига киришини тақиқлаш таклиф этилади», дейилади тушунтириш хатида.
Қонун лойиҳаси муаллифлари таъкидлаганидек, гап Россияда фақат меҳнат шартномаси ёки патент асосида қоладиган ва мамлакатда яшаш учун бошқа қонуний асосларга эга бўлмаган мигрантлар ҳақида бормоқда. Юқори малакали хорижий ишчиларнинг оила аъзолари учун истиснолар қўлланади.
«Меҳнат мигрантларининг оиласи уларни уйда кутиши керак. Россияга келганда, иш билан банд бўлган чет элликларнинг қариндошлари ихчам анклавларда яшайди, ўз тилида гаплашади ва маҳаллий аҳолини менсимайди. Кўпинча бундай мигрант квартиралари уй-жой коммунал хизматлари учун тўланмаган ва катта қарзлар тўпланган ҳолатлар мавжуд. Бу муаммоларнинг барчасини бартараф этиш ва малакасиз хорижликларнинг меҳнат фаолияти давомида оиласини олиб келишини тақиқлаш керак. Келди, ишлади ва уйга кетди. Бошқа ҳеч қандай гап бўлмаслиги керак», деди Слуцкий.
ЛДПР депутатларининг фикрича, ҳозир мигрантларнинг фарзандлари ва ишламайдиган турмуш ўртоғи улар билан Россияга бемалол кўчиб ўтиши тенденцияси кузатилмоқда, бу эса назоратсиз миграция оқими ва ижтимоий кескинликни келтириб чиқармоқда.
Қонун лойиҳасида меҳнат мигранти учун меҳнат шартномаси ёки патентнинг мавжудлиги оила аъзоларининг у билан бирга Россияга кўчиб ўтиши учун асос бўлмаслигини назарда тутади.
Мавзуга оид
17:32 / 19.06.2026
Туркияда ўлдирилган ўзбек аёллари: фожиа қаерда бошланяпти?
22:29 / 13.06.2026
Ўзбекистон ва Швеция ўртасида илк бор миграция соҳасида битим ва қўшма декларация имзоланди
10:25 / 12.06.2026
АҚШдан депортация қилинган 24 нафар ўзбекистонлик Тошкентга қайтарилди
09:15 / 10.06.2026