Жаҳон | 19:46 / 20.08.2024
4470
2 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг кекса аёл 117 ёшида вафот этди

Испаниялик Мария Браняс Морера фуқаролик уруши ва испан гриппини бошдан ўтказган бўлиб, охирги 20 йилдан бери қариялар уйида яшаб келаётган эди.

Фото: Arxiu de la família Branyas Morera

Гиннеснинг рекордлар китобига дунёдаги энг кекса аёл сифатида киритилган испаниялик Мария Браняс Морера 117 ёшида вафот этди, деб хабар беради Daily Mail.

Марҳуманинг қариндошларини айтишича, Мореранинг жони уйқудалик пайтида узилган. У охирги 20 йилдан бери қариялар уйида яшаб келаётган, шу йилнинг март ойида ўзининг 117 ёшнини нишонлаган эди. Ўлимидан олдин аёл ўзида холсизликни сезаётганини айтган. «Вақт яқинлашиб қолди. Йиғламанглар, мен кўз ёшларни яхши кўрмайман. Ва, энг аввало, мени деб азоб чекманлар», — деган аёл.

Мария Браняс Морера 1907 йилнинг 4 март санасида Сан-Францискода дунёга келган, бироқ саккиз ёшида оиласи билан Каталонияга кўчиб келган ва бутун умр шу ерда қолгн. У испан гриппи, Испанияда фуқаролар урушини бошдан ўтказган.

Морера Жоан Морера исмли шифокорга турмушга чиқиб, ундан уч фарзандни дунёга келтирган. 1976 йилда бева қолган, кейинроқ эса фарзандларининг биридан айрилган — ягона ўғли Августа вафот этган. 2023 йилнинг январида Гиннеснинг рекордлар китоби Морерани дунёдаги энг кекса аёл сифатида тан олган эди.

Эслатиб ўтамиз, иккита жаҳон уруши ва пандемиядан омон чиққан дунёдаги энг кекса инсон — франциялик Люсил Рандон 2023 йил январда 118 ёшида вафот этганди.

Мавзуга оид