Жаҳон | 23:30 / 20.08.2024
3819
6 дақиқада ўқилади

Исроил ва Ҳамас ўртасидаги музокараларнинг биринчи босқичи муваффақиятсиз якунланди

Ҳамас Америка тинчлик режасини қабул қилмади, ўз навбатида Исроил ўз талабларидан воз кечмади. Энди томонлар 22 август куни музокараларнинг иккинчи босқичини бошлаши кутилмоқда.

Фото: AP

Миср ташқи ишлар вазири Самиҳ Шукрий 22 август куни Қоҳирада Исроил, АҚШ ва Миср делегациялари иштирокида музокараларнинг иккинчи босқичи бошланишини маълум қилди. Унда 16 августда тақдим этилган Америка тинчлик режаси муҳокамалар учун асос бўлиши керак. «Коммерсант» нашрининг ёзишича, Қўшма Штатлар ўз лойиҳаси мазмунини ошкор қилмаган, бироқ унда икки томоннинг хоҳиш-истаклари инобатга олингани даъво қилинмоқда.

Шундай бўлса-да, Ҳамас 20 август куни Америка таклифини танқид қилиб, у воситачилар билан ўтган икки ой давомида муҳокама қилинган бандларга мос келмаслигини таъкидлади. Гуруҳнинг қайд қилишича, АҚШ янги режага Исроилнинг таклифларини киритган. Ҳамас эса бунга рози эмас.

Қатарнинг «Ал-Арабий Ал-Жадид» газетасининг таъкидлашича, Ҳамас томонидан қабул қилинмаётган таҳрир учта: Исроилнинг Ғазо-Миср чегарасидаги Филаделфия йўлагида ўз ҳарбийларини сақлаб қолиш талаби; анклав ичида фаластинликларнинг ҳаракатини назорат қилиш учун секторнинг шимоли ва жануби ўртасида назорат пунктларини ўрнатиш; Исроил гаровга олинганлар эвазига қамоқдан озод қилишга тайёр бўлган фаластинлик маҳбуслар сонини камайтириш.

Газетанинг ёзишича, Ҳамас Исроил қўшинларини Ғазодан олиб чиқиб кетиш муддати бўйича ён босган, ваҳоланки, аввалроқ, гуруҳ сулҳнинг дастлабки кунларида барча қўшинлар ҳудудни тарк этиши кераклигини таъкидлаган эди.

Ҳамас сиёсий бюроси аъзоси Суҳайл ал-Ҳиндий «Ал-Арабий ал-Жадид» билан суҳбатда аниқлик киритдики, гуруҳ музокараларга тайёр, аммо Исроилнинг янги талабларисиз. У, шунингдек, бир кун аввал гуруҳни музокарадан бош тортишда айблаган АҚШ президенти Жо Байденнинг баёнотини нотўғри деб атади.

«Қатар ва Мисрдаги воситачилар ҳаракатнинг аввалги барча музокараларга ижобий ва масъулият билан муносабатда бўлганини, келишувга эришишга доимо тўсқинлик қилган ва янги шарт ва талабларни илгари сурган Нетаняҳу эканлигини билишади», деб таъкидлади Ҳамас вакили.

АҚШ ва Миср фаластинликларнинг талабларини эътиборга олди ва сўнгги икки кундан бери Исроил раҳбариятига Филаделфия йўлагидаги ҳарбий иштирокидан воз кечиши учун босим ўтказмоқда, деб аниқлик киритди Axios портали. Унга кўра, Исроил, Миср ва Америка делегатлари 18 ва 19 август кунлари Қоҳирада учрашган. Йиғилишда Исроил Филаделфия йўлагидаги қўшинлари сонини камайтиришга тайёрлигини, бироқ жангарилар ва қуролларнинг йўлак орқали ҳаракатланишини назорат қилиш учун тўлиқ олиб чиқишдан воз кечмаслигини айтган. Аммо Миср Ғазо билан чегарада бирорта ҳам исроиллик аскар бўлмаслигини таъкидлаб, бундай чорани қисман рад этган.

Axios хабарига кўра, Бинямин Нетаняҳу Исроил фаластинликларга ён бермаслигини таъкидламоқда. Сиёсатчи фикрича, яҳудий давлатининг кучли позицияси Ҳамасни Исроил шартлари бўйича келишув имзолашга мажбур қилиши керак. Бироқ, ҳамма ҳам бош вазирнинг фикрига қўшилавермайди.

Axios порталининг таъкидлашича, музокарачилар гуруҳи Нетаняҳудан ўзларига кўпроқ ҳаракат эркинлиги беришни ва сўнгги талабларидан воз кечишни сўраган. Акс ҳолда, келишув шунчаки имконсиз бўлади, деб исмини ошкор этмаган исроиллик юқори мартабали амалдорлардан иқтибос келтирди нашр. Уларга кўра, Бинямин Нетаняҳу, Ҳамас рад этишини олдиндан билиб туриб, Исроилнинг талабларини атайлаб кучайтирган. Бош вазир идораси бу маълумотга изоҳ бермади.

Гаровга олинганларнинг оилалари ҳам музокаралар тўхтаб қолганидан ғазабда. Исроил мудофаа кучлари Ғазо жанубидаги Хон Юнисда гаровдаги олти нафар исроилликнинг жасадини топгани ҳақидаги хабар ҳам уларга ижобий туйғуларни баҳш этмагани аниқ.

Бош вазир маслаҳатчиси Дэвид Генделман сўзларига кўра, 109 нафар Исроил фуқароси ҳамон Ҳамас асирлигида қолмоқда. Исроил армияси разведка маълумотларига таяниб, июн ва июл ойларида улардан беш нафари ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эди. Ҳарбийларга кўра, бу одамлар 2024 йил бошида Хон-Юнисда ўлдирилган. Армия уларнинг ўлими сабабларини, жумладан, гаровга олинганларнинг Исроил ўққа тутилиши чоғида ҳалок бўлганлик эҳтимолини ўрганишда давом этишини билдирди.

Исроил армияси олти исроилликнинг жасади топилгани ҳақида хабар бергандан сўнг, бош вазир Нетаняҳу гаровга олинганларнинг қариндошлари билан учрашув ўтказди. Кейинчалик қурбонларнинг қариндошлари ҳукумат раҳбари гўёки «келишув амалга ошишига ишончи комил эмас» деб тан олганини айтишди.

Айни пайтда, Бинямин Нетаняҳунинг идораси хабар беришича, учрашув чоғида бош вазир Исроил ҳарбий кампаниясининг асосий мақсадини радикал гуруҳни бутунлай йўқ қилиш деб атаган.

«Исроил Ҳамасни ҳокимиятдан олиб ташлаш ва унинг ҳарбий салоҳиятини йўқ қилиш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширмоқда ва бу мақсадга эришилади», деб таъкидлади сиёсатчи, «Исроил кучли босимга қарамай, гаровга олинганларни қайтариш ва ўзининг стратегик хавфсизлик активларини сақлаб қолиш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширмоқда». Ҳукумат раҳбари, шунингдек, «келишувнинг биринчи босқичида гаровга олинганларнинг максимал сонини озод қилиш имконини берувчи шартларни» қидираётганига аниқлик киритган.

Ҳар икки томон муҳим муросага келишни истамаслигини инобатга олсак, бу келишув иш берадими, буни Қоҳирадаги музокараларнинг навбатдаги босқичи аниқлайди, деб якунлади «Коммерсант».

Мавзуга оид