Жаҳон | 10:22 / 21.08.2024
8528
3 дақиқада ўқилади

Украина қўшинлари Курск яқинида: АҚШ Киев билан узоқ муддатли мақсадларни муҳокама қиляпти

Украина қуролли кучлари Курск вилоятидаги 1260 квадрат километрдан ортиқ ҳудуд ва 93 та аҳоли пунктини назорат қиляпти. Пентагон АҚШ Украина билан узоқ муддатли ҳужум мақсадларини муҳокама этмоқда. 

Патрик Райдер Фото: Jack Sanders

Қўшма Штатлар Украина билан қуролли кучларнинг Россия Федерацияси Курск вилоятидаги ҳужуми узоқ муддатли мақсадларини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда 20 август, сешанба куни Пентагон матбуот котиби Патрик Райдер брифинг чоғида маълум қилди

Украина қуролли кучлари операциясига келсак, «аввал айтганимдек, улар Россия қуролли кучларини «жавоб сифатида» катта куч сарфлашга мажбур қилишди», деди Райдер. «Бу (ҳужум) украиналикларнинг ижодкорлиги ва жанговар жасоратини намойиш этди», дея қўшимча қилди у. 

Пентагон матбуот котибининг таъкидлашича, «Россия жавоб бериш учун Курскка, Курск вилоятига оз сонли кучларини юбормоқда». «Умуман олганда, Россия жавоб беришда қийналди, деб айтган бўлардим ва сиз бу борада Украинанинг баъзи муваффақиятларини кўришингиз мумкин», деди Райдер. 

Украина Курск вилоятидаги 93 та пункт устидан назорат ўрнатилганини эълон қилди 

Айни вақтда, Украина қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирский 20 август куни Украина Курск вилоятидаги 1260 квадрат километрдан ортиқ ҳудуд ва 93 та аҳоли пунктини назорат қилаётганини маълум қилди. 

«Хавфсизлик зонасини яратиш ва Россия Федерацияси ҳудудидан Суми вилоятидаги фуқаролик нишонларини ўққа тутишни тўхтатиш, шунингдек, душмандан олдинга ўтиш учун мудофаа кучлари Курск йўналиши бўйича ҳужумкор мудофаани амалга оширмоқда». - деди у. 

Сирскийнинг сўзларига кўра, украин тузилмалари Россия ҳудудига 28-35 километр чуқурликда кириб борган.

Украина қуролли кучлари бош штаби Украина мудофаа кучлари Курск йўналиши бўйича ҳужумларини давом эттираётганини маълум қилди. «Покровский ва Торецкий йўналишларидаги вазият кескинлигича қолмоқда», дейилади кундалик хабарда.

Россияда «Белгород», «Курск» ва «Брянск» гуруҳлари ташкил этилади

20 август куни Россия мудофаа вазири Андрей Белоусов чегара ҳудудлари ҳарбий хавфсизлигини мувофиқлаштириш кенгаши йиғилишида Россияда «Белгород», «Курск» ва «Брянск» ҳарбий гуруҳлари ташкил этилишини маълум қилди. У уларни ким бошқаришига аниқлик киритмади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид