Спорт | 22:01 / 22.08.2024
38915
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон спортга қанча маблағ сарфламоқда?

Марказий Осиё давлатларининг спорт соҳасига харажатлари ва Олимпиада медаллари таққослаб кўрилди.

Фото: Getty Images

Қозоғистон Марказий Осиё давлатлари ичида спортга энг кўп маблағ сарфламоқда. Бу ҳақда қозоғистонлик спорт журналисти Иван Резванцев маълумот берди. Унинг сўзларига кўра, «бу ўйлаб кўриш учун мўлжалланган маълумотлар».

Қайд қилинишича, 2023 йил декабр ойида Қозоғистон Туризм ва спорт вазирлиги раҳбари Эрмек Маржикпаев давлат томонидан ушбу соҳани ривожлантириш учун сарфланадиган маблағларни айтиб ўтган. Жумладан, Қозоғистонда бу мақсадларга қарийб 300 миллиард тенге (626,9 миллион доллар) сарфланган: 62 миллиард республика бюджетидан, 200 миллиард маҳаллий бюджетлардан, яна 29,5 миллиард Sport Qory жамғармасидан. Қозоғистоннинг 2024 йилги Олимпиададаги натижалари: 1 та олтин, 3 та кумуш, 3 та бронза медали.

Журналистнинг таъкидлашича, 2024 йил январ ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев республика спорти эҳтиёжлари учун 2 триллион сўм (158 миллион доллар) ажратиш тўғрисидаги қарорни имзолаган эди. Ўзбекистоннинг 2024 йилги Олимпиададаги натижалари: 8 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза.

Шунингдек, жорий йилда Қирғизистон бюджетидан спорт эҳтиёжлари учун 1,9 миллиард қирғиз сўми (22,2 миллион доллар) ажратилган. Қирғизистоннинг 2024 йилги Олимпиададаги натижалари: 2 та кумуш, 3 та бронза медали.

Шу билан бирга, Тожикистон давлат бюджетидан спорт ва маданият соҳаларига 2024 йилда жами 1,71 миллиард сомонийдан ортиқ маблағ ажратилади. Агар бу маблағ икки йўналишга тенг тақсимланса, спорт 858 миллион сомонийдан (80,4 миллион доллар) ортиқ маблағ олган. Тожикистоннинг 2024 йилги Олимпиададаги натижалари: 3 та бронза медали.

Таҳлилда Туркманистон бўйича маълумотлар келтирилмаган. Бу мамлакат спортчилари Париж олимпиадасида бирорта медални қўлга киритмади.

Мавзуга оид