Жаҳон | 20:56 / 22.08.2024
12013
3 дақиқада ўқилади

Қозоғистон ташқи сиёсатини танқид остига олган Лукашенкога эътироз билдирди

Александр Лукашенко республика ташқи сиёсатини танқид қилганидан сўнг Беларуснинг Остонадаги элчиси Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди. Қозоғистон ТИВ раҳбари Мурод Нуртлеу Минскни “бўлаётган жараёнлар бўйича Остонанинг позициясига объектив баҳо бериш”га чақирди.

Фото: akorda.kz

ТИВ раҳбари “Қозоғистон БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқнинг энг асосий нормалари бўйича мувозанатлашган ва тинч ташқи сиёсат юритаётгани”ни қайд этиб, давлатлар ўртасидаги барча зиддиятлар дипломатик воситалар билан ечилиши шартлигини таъкидлаган.

Нурлеунинг алоҳида қайд этишича, “мавжуд геосиёсий вазиятда” мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг ташқи йўналишдаги ҳаракатлари “ўзининг самарадорлигини кўрсатган”.

Аввалроқ Беларус президенти Қозоғистон ва МДҲнинг бошқа давлатларини Россиядан “нимадир олиб, эвазига ҳеч нарса бермасликни исташ”да айблаган эди.

“Биз ўзимизни баъзи давлатлар каби тутмаймиз, улар Россиядан фақат олмоқчи, ҳеч нарса бермоқчи эмас. Бунақаси кетмайди. Келинглар, бирга бўлайлик. Ҳали яна шу Россиядан ёрдам ва қўллов сўраб келадиган пайтларинг узоқ эмас”, — деган Лукашенко “Россия” телеканалига интервюси чоғида.

Лукашенко “Қозоғистонда нимадир рўй берганида”, деб 2022 йилнинг январ ойидаги намойишларни эслаган ва ўшанда Республика Хитой, Ҳиндистон ёки Покистонга эмас, Россия ва Беларусга мурожаат қилганини эслатган: «Путин, Лукашенко ёрдам беринглар”, дейишди. Биз эса [КХШТ тинчликпарвар кучлари билан] ярим кун ичида жавоб бердик, самолётларимиз Қозоғистонга қўниб, ҳамм аёқни тинчитдик”.

Украинада уруш бошлангач Қозоғистон расман Россияга қарши ғарб санкцияларига қўшилмаган эса-да, иккиламчи санкциялардан чўчиб асосий савдо чекловларига риоя қилишга ҳаракат қилиб келмоқда. Яқинда мамлакат бош вазири ўринбосари Серик Жумангарин мамлакат ҳукумати ғарбнинг Москвага нисбатан қўяётган санкцияларига “кўр-кўрона” риоя қилмаслигини айтган эди.

Лукашенконинг баёнотлари биргина Қозоғистонда эътироз келтириб чиқаргани йўқ. Шу интервюнинг ўзида Беларус президенти ғарб давлатлари билан яқинлашишга ҳаракат қилаётган Арманистон раҳбариятининг сиёсатини ҳам қоралаган. «Арманлар биздан бошқа кимга ҳам керак? Ҳеч кимга керак эмас. Иқтисодиётини ривожлантириб, ўзида бор нарсаларга эътибор қаратса бўлмайдими? Қанақа Франция, қанақа [президент Эммануэл] Макрон? Эртага Макрон бўлмайди ва ҳамма Арманистонни унутади”, — деган у. Бу баёнотдан сўнг Беларуснинг Еревандаги элчихонаси тухум, картошка ва помидор билан “ўққа” тутилган.

Июн ойида Арманистон Минскдаги элчисини маслаҳатлашув учун чақириб олган эди. Бунга сабаб Арманистон бош вазири Никол Пашинян Лукашенкони урушда Озарбойжонга ёрдам берганликда айблаб, Беларусга боришни рад этгани бўлган.

Мавзуга оид