Жаҳон | 12:38 / 27.08.2024
2808
3 дақиқада ўқилади

Дуров ушланганидан кейин Telegram’ни юклаб олиш кўпайди

Telegram мессенжерининг дунёда машҳурлиги унинг асосчиси Павел Дуров ҳибсга олинганидан кейин ошди. Бу ҳолат рўй берган Францияда у ижтимоий тармоқлар орасида юклаб олишлар бўйича биринчи ўринни эгаллади, АҚШда - иккинчи.

Фото: IMAGO

Telegram мессенжерининг машҳурлиги унинг асосчиси Павел Дуров Францияда ҳибсга олинганидан кейин ошди. Бутун дунё бўйлаб iOS қурилмаларида Telegram’ни юклаб олишлар сони кунига 4 фоизга ошди, деб ёзди TechCrunch 26 август, душанба куни. 

Францияда Дуров мессенжери шу куни ижтимоий тармоқ туркумида App Store’да юклаб олишлар бўйича биринчи ўринни эгаллади ва иловаларнинг умумий рейтингида учинчи ўринга чиқди. Американинг Apple гаджетлари учун иловалар онлайн-дўконида Telegram 26 август куни ижтимоий тармоқлар туркумида бироз вақт иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, кейин учинчи ўринга тушиб кетди. 

App Store дўконидаги энг яхши иловалар (ўйинларни ўз ичига олмайди) рейтингида мессенжер АҚШда машҳурлик бўйича 18-ўриндан саккизинчи ўринга кўтарилди, деб хабар бермоқда Appfigures сервиси таҳлилчилари. Ушбу рейтингдаги ўрин нафақат ўрнатишлар сони, балки юклаб олиш тезлиги, шунингдек, бошқа омиллар билан ҳам белгиланади. 

Париж прокурори: Дуров кибержиноятчилик иши бўйича ушланди

Икки кун аввал Парижда ушланган Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров кибержиноятчиликка оид тергов доирасида ҳибсга олингани ҳақида Франция пойтахти прокуратураси 26 август, душанба куни кечқурун маълум қилди. Идора маълумотларига кўра, у, хусусан, уюшган гуруҳларнинг жиноий фаолиятига кўмаклашиш, маълумотларни расмийларга топширишдан бош тортиш ҳамда болалар порнографияси, гиёҳванд моддалар савдоси, фирибгарлик ва жиноий даромадларни легаллаштириш билан боғлиқ жиноятларга шерикликда гумон қилинмоқда. 

Reuters таъкидлаганидек, терговни кибержиноятчилик билан курашиш миллий бўлинмаси ва фирибгарликка қарши кураш бўлими олиб бормоқда. Дуров Telegram платформаси орқали амалга оширилган молиявий ва кибержиноятларга нисбатан ҳаракатсизликда айбланмоқда, деди агентликка Франция полицияси вакили.

Ҳозирда бу иш юзасидан 12 та жиноят бўйича тергов олиб борилмоқда, Дуровга нисбатан Францияда суд жараёни 8 июл куни бошланган. Париж прокуратураси пресс-релизида айтилишича, ҳибсга олиш муддати 96 соатгача, яъни 28 августгача давом этиши мумкин. 

Мавзуга оид