Жаҳон | 21:15 / 31.08.2024
8592
2 дақиқада ўқилади

Украина АҚШ ракеталари билан Россиядаги нишонларга зарба бермоқчи

Украина Американинг узоқ масофали ATACMS ракеталари билан Россиядаги нишонларга зарба бериш учун рухсат сўраган.

Фото: Getty Images

Украина мудофаа вазири Рустем Умеров 30 август куни Вашингтонда АҚШ юқори мартабали амалдорлари билан учрашувда Россиядаги нишонлар рўйхатини берганини айтди. Бу ҳақда у CNN телеканалига берган интервюсида гапирди.

Қайд қилинишича, Украина Американинг узоқ масофали ATACMS ракеталари билан Россиядаги ушбу нишонларга зарба бериш учун рухсат сўраган.

26 август куни Politico нашри Умеров ва Украина президенти девонхонаси раҳбари Андрей Ермак Вашингтонга ташриф буюриши ва Америка томонига Россияга қарши зарбалар бериш учун эҳтимолий нишонлар рўйхатини тақдим этиши ҳақида хабар берди.

Умеров бу маълумотни тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, рўйхатга, хусусан, Россия армияси Украина шаҳарларига ҳужумлар уюштириш учун фойдаланадиган аэродромлар киритилган. Вазирнинг қайд этишича, бу нишонлар узоқ масофага учувчи ракеталарнинг зарба бериш ҳудудида жойлашган. Унинг қўшимча қилишича, Украина ўз аҳолиси ва инфратузилмасини ҳимоя қилиш учун ATACMS ракеталаридан фойдаланишга қўйилган чекловларни олиб ташлашни талаб қилмоқда.

«Улар бизнинг фуқароларимизни ўлдирмоқда. Шунинг учун биз уларни тийиб турмоқчимиз, биз уларни тўхтатмоқчимиз, уларнинг самолётларини шаҳарларни бомбардимон қилиш учун чегарамизга яқинлашишига йўл қўймоқчи эмасмиз», деди Умеров интервюсида.

Август ойи ўрталарида Украина президенти Володимир Зеленский Киевда икки америкалик сенатор – республикачи Линдси Грэм ва демократ Ричард Блументал билан учрашди. Учрашувдан сўнг Блументал сенаторлар Жо Байден маъмуриятининг Украина Қуролли кучлари томонидан Россияга зарба бериш учун узоқ масофали қуроллардан фойдаланишга қўйган чекловларини енгиб ўтишга умид қилишларини айтди.

Украина бир неча ойдан бери Оқ уйдан Американинг узоқ масофали қуролларидан фойдаланишга қўйилган чекловларни олиб ташлашни сўраб келмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид