Жаҳон | 11:28 / 02.09.2024
5764
2 дақиқада ўқилади

Британия разведкаси: Россия қўшинлари Покровскдан 10 км узоқликда турибди

Разведка ходимларининг сўзларига кўра, сўнгги бир ҳафта ичида Россия қуруқликдаги кучлари Покровск томон юриш тезлигини оширган. Фронтнинг бошқа тармоқларида сезиларли ўзгаришлар бўлмади.

Фото: Getty Images

Британия мудофаа вазирлиги ҳарбий разведка маълумотларига таяниб, 1 сентябр, якшанба куни X тармоғидаги постида Россия қуруқликдаги кучлари сўнгги етти кун ичида Покровск томон силжиш тезлигини оширганини маълум қилди. Энди улар юқори эҳтимоллик билан шаҳар чегараларидан 10 км узоқликда жойлашган. Разведка зобитлари рус қўшинларининг турар жой ҳудудига киришига шубҳа қилишмаяпти, аммо тахминларга кўра, ҳужум суръати секинлашади.

Покровск Донецк вилояти учун асосий логистика маркази бўлиб хизмат қилади ва агар у қўлдан чиқарилса, Украина таъминот линиялари узайтирилади ва йўналиш ўзгартирилади. Бу Украина армиясига Угледар ва Часов Яр туманларидаги бир нечта мустаҳкамланган ҳудудлар ўртасида ресурсларни етказиб бериш ва манёвр қилишни қийинлаштиради. 

Хабарда айтилишича, Украина шарқи ва жанубидаги фронтнинг бошқа барча секторларида операцион темп охирги ҳафтада пастлигича қолди ва ҳудудий назоратда сезиларли ўзгаришлар кузатилмади.

Россия мудофаа вазирлиги 1 сентябр куни Донецк вилоятидаги иккита аҳоли пункти – Птиче (Покровскдан 24 км) ва Вемка (Бахмутдан 23 км шимолда) посёлкалари босиб олинганини маълум қилди. 

Мавзуга оид