Ғарбий соҳилдаги рейдлар, Исроилдаги йирик намойишлар ва АЭС қурилиши бўйича референдум белгилаган Тўқаев — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Фаластиндаги вазият
Исроил Ғазода яна мажбуран кўчирилган фаластинликлар жон сақлаётган мактабга авиазарба берган. Ҳужум натижасида камида 11 киши, жумладан ёш болалар ҳалок бўлгани айтилмоқда. Ярадорлар «Ал-Аҳлий» баптистлар шифохонасига етказилган.
Исроил БМТ Хавфсизлик Кенгашининг ўт очишни зудлик билан тўхтатиш тўғрисидаги резолюциясини назар-писад қилмасдан, мактаблар, шифохоналар ва ибодат масканлари каби фуқаролик объектларига тизимли равишда зарбалар бериб келмоқда.
Ўтган ойда Ғазо шаҳрида кўчирилган 6 минг киши жон сақлаётган ат-Табаин мактабига берилган зарба оқибатида камида 100 киши ҳалок бўлган эди.
Энди Исроил армияси Ғазо билан чекланиб қолмасдан Ғарбий соҳилни ҳам вайрон қилишга киришди. 7 октябрдан буён Фаластиннинг бу қисмида Исроил етказган зарар 135,2 млн долларга баҳоланмоқда.
Ғарбий соҳилдаги Женин шаҳрида Исроил ҳарбийлари ўзларидан вайроналар қолдиришмоқда. Маҳаллий ҳокимият етказилган зарарни зилзила оқибатларига ўхшатмоқда.
Исроил армияси булдозерлар воситасида йўллар, сув ўтказиш қувурлари ва трансформатор нимстанцияларини йўқ қилмоқда.
Ана шундай ҳарбий рейдлардан бирида Женин шаҳри касалхонасига борувчи сув қувури узиб ташланган. Бу 2002 йилдан буён оккупация остидаги Ғарбий соҳилдаги энг йирик рейд, деб баҳоланмоқда.
Шифохона директорининг айтишича, чекловлар диализ бўйича хизмат кўрсатишнинг тўхташига олиб келиши мумкин. 27 августдан буён Исроил қўшинлари Ғарбий соҳилнинг шимолидаги Тулкарим, Женин ва Тубас шаҳарларидаги асосан инфратузилма объектларига зарба бериб келмоқда.
Ғарбий соҳилда Исроил ўз қилмишларини тасвирга олаётган журналистларга қарата ҳам ўт очган. Бу ҳақда TRT World мухбири Фатен Алван хабар берган. Булдозер шунингдек, аёл ўз хизмат вазифасини бажараётган чоғда уни босмоқчи ҳам бўлган.
Фаластиндаги геноциднинг 332-кунига келиб, Ғазо секторида ўлганлар сони 40 минг 786 кишига етган. Ярадорлар сони 94 минг 224 киши. Биргина сўнгги сутка ичида 48 киши ҳалок бўлган ва 70 киши яраланган.
Исроилдаги оммавий намойишлар
Юзлаб намойишчилар Ғазода ушлаб турилган гаровдагиларни озод қилишни бош вазир Бинямин Нетаняҳудан талаб қилиб, тел Авивнинг марказий кўчаларини тўсиб қўйган.
Намойишчилар бутун мамлакатдаги шосселарни тўсишган, намойишга Исроилнинг бош аэропорти Бен-Гурион ҳам қўшилган.
Намойишни Исроилдаги энг йирик касаба уюшмаси «Гистадрут» чорлови бошлаб берган. Кўзланган мақсад — ҳукуматга босим ўтказиш ва Ғазода тинчликка эришиш бўйича келишув устида фаолроқ ишлашни талаб қилиш. Намойишларга сабаб 1 сентябр куни Ғазода 6 нафар гаровдагиларнинг ўлиги топилиши бўлган.
«Гистадрут» етакчиси Арнон Бар-Давиднинг баёнот беришича, намойишни Исроилнинг йирик ишлаб чиқарувчилари, тадбиркорлари қўллаб-қувватлаган.
«Биз (гаровда ушлаб турилган тирик) одамларимизни қайтариш бўйича келишувга эришишимиз керак. Келишув барча нарсадан афзал. Лекин келишув ўрнига жасад солинган қопларга эга бўлмоқдамиз», — деган Бар-Давид матбуот анжуманида.
Исроил полицияси Тел Авивда намойишчиларга қарата чақнаш ва шовқин чиқарувчи гранаталардан фойдаланган. Полиция билан тўқнашувлар ҳам рўй берган.
Исроил ОАВлари хабарларига кўра, бутун мамлакат бўйлаб 500 минг киши ҳукуматга эътироз билдириб намойишларга чиққан.
Исроил ҳукумати аъзоси, молия вазири, ултраўнг миллатчи Бецалел Смотрич намойишчилар исроиллик ишчилар эмас, ҲАМАСнинг манфаатларини кўзлаётганини таъкидлаган.
«Биз намойишда иштирок этаётганларнинг маошларини қирқамиз. «Гистадрут» касаба уюшмаси Яҳё Синварнинг орзусини рўёбга чиқараётганидан жуда таассуфдаман», деган Смотрич.
Вазирлари келишмаётган Исроил
Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант Бинямин Нетаняҳу қўйган шартлардан воз кечишга чақирди.
Йоав Галлант 1 сентябр куни Хавфсизлик кенгашини зудлик билан чақириш ва Нетаняҳунинг Филаделфия йўлагида Исроил кучларини сақлаб туриш тўғрисидаги қарорини бекор қилишга чорлади.
Филаделфия йўлаги — Ғазо ва Миср ўртасидаги чегара зонасида жойлашган торгина ер. Исроил уни май ойида Рафаҳ шаҳрини штурм қилиш чоғида эгаллаб олган ва йўлакка ўз ҳарбийларини жойлаштирган, гарчи бу Миср ва Исроил ўртасида 1978 йилда имзоланган Кэмп-Джвид келишувларига зид бўлса ҳам.
Галлантнинг аниқлик киритишича, «Исроил Хавфсизлик кенгаши зудлик билан тўпланиши ва ўтган пайшанба куни қабул қилинган қарорни бекор қилиши керак. Гарчи бу совуққонлик билан ўлдирилган гаровдагилар учун жуда кеч бўлса-да, биз ҳамон Ғазода қолаётганларни қайтаришимиз керак», деган вазир.
Бунга жавобан ултраўнг молия вазири Бецалел Смотрич «вазирлар маҳкамаси Исроилнинг хавфсизлигини таҳдид остига қўювчи таслим бўлиш тўғрисидаги келишувларга йўл қўйиб бера олмайди», деган.
Смотричнинг қўшимча қилишича, «вазирлар маҳкамаси токи барча гаровда ушлаб турилганлар қайтарилмагунча ҲАМАСни қиммат тўлов қилиш учун армияга ҳарбий ҳаракатларни кучайтириш топшириғини беради».
29 август куни Исроил хавфсизлик кенгаши армиянинг Филаделфия йўлагида қолаверишини маъқуллаган эди.
Россия-Украина уруши
Киев 2 сентябр кечаси Россия томонидан навбатдаги ракета ҳужумига тутилди. Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Попконинг сўзларига кўра, Украина пойтахти ҳаво ҳудудида ўндан ортиқ қанотли ракеталар ва ўнга яқин баллистик ракеталар, шунингдек, ҳужумкор учувчисиз учоқ йўқ қилинган.
Попконинг сўзларига кўра, қанотли ракеталар тунги соат учларда Саратов вилоятидан Ту-95МС стратегик бомбардимончи самолётларидан учирилган. «Пойтахтга яқинлашаётган қанотли ракеталар билан бир вақтда душман KN-24/«Искандер-М» баллистик ракеталарини Киев ва унинг чекка ҳудудларига қарата учирди», - деган Попко.
Киев мэри Виталий Кличко «икки нафар ёши катта шахс шифокорларга ёрдам сўраб мурожаат қилишган — улардан бири касалхонага ётқизилган».
Святошин районида бўлаклар тушган майдонлардан бирида 4 та машина ёниб кетган ва икки қаватли нотурар жой биносида ёнғин содир бўлган. «Голосеев туманида қозонхона биноси зарар кўрди, Шевченко туманидаги корхоналардан бирида ёнғин содир бўлди», дейилади пойтахт мэри хабарида.
Харкив шаҳри ҳам Россия қуролли кучлари томонидан ўққа тутилган. Shahed типидаги дронлардан бири «таълим муассасаси яқинидаги» хусусий турар жой биносига урилган. 1 сентябр куни Россия армияси Харкивга жами 10 га яқин зарба берган. Зеленский шаҳарга қилинган ҳужум натижасида жабрланганлар сони қарийб 50 кишига етганини айтган эди.
Москва метросидаги ёллаш пунктлари
Москва метрополитенининг камида иккита бекатида шартнома асосида урушга ёллаш пунктлари очилган.
Июл ойида мэр Сергей Собянин Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаганлик учун бир марталик тўлов миқдорини 1,9 млн рублгача кўтарган эди.
Тўлов миқдорининг оширилишига сабаб урушга боришни истовчилар сони қисқаргани билан боғлиқ. Масалан, 2023 йилнинг августида Москва шаҳрида урушда иштирок этишга истак билдирганлар сони 3 мингдан ошган бўлса, 2024 йилнинг июнига келиб бундайлар сони атиги минг киши атрофида бўлган.
Тўловларнинг 1 августдан бошлаб оширилиши танловда ўзининг ижобий таъсирини ўтказган — урушиш истагида бўлганлар сони бирданига уч баробарга ошган.
Москва фронтга етказиб бераётган шартномачиларнинг 70 фоизи Россиянинг бошқа ҳудудларидан пойтахтга келганлардир. Москваликлар 20 фоизни ҳам ташкил этмайди.
Шунингдек, шартнома имзолаётганларнинг 10 фоизи чет давлат фуқароларидир. Бу ерда хитойликлар, серблар, бразилияликлар, мисрликларни ҳам учратиш мумкин, лекин энг кўпи Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларидир.
Марказий Осиё янгиликлари
Эмомали Раҳмон болалар ва ўқитувчиларни ўзини кутиб олиш тадбирларига чақиришни тақиқлади.
Шунингдек, мактабларда пул йиғиш, болалар ва ўқитувчиларнинг дарсга келмаслигига эътибор бермасликни қоралади.
Тожикистон президенти Имомали Раҳмон 1 сентябр куни «Билимлар куни» муносабати билан қилган нутқида мамлакат таълим тизимидаги бошқа бир қатор жиддий муаммолардан ҳам кескин норозилигини билдирди.
Президент мактаб ўқувчилари, талабалар ва ўқитувчиларни давлат амалдорлари, жумладан, ўзини кутиб олишга чиқариш амалиётини қоралади.
«Мен буни тақиқладим. Ташриф буюрган амалдор меҳмон эмас, бу унинг мамлакати. Келсин, кўриб, ўз соҳасидаги камчиликларни тузатсин. Меҳмон дегани бошқа давлатдан келган одамдир», деди Раҳмон.
Раҳмонга кўра, болаларни расмийлар билан учрашувларга олиб бориш ўқувчилар учун жазо ҳисобланади, чунки улар ёмон об-ҳаво, жазирама ва шамолда соатлаб кўчада туришга мажбур бўлади, бу эса мутлақо қабул қилиниши мумкин эмас.
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев парламентнинг қўшма йиғилишида мамлакат халқига мурожаатнома йўллади.
«Ички ишлар вазирлиги барча турдаги ҳуқуқбузарликлар учун қатъий чора кўришга мажбур. Ҳуқуқий давлатда жиноятчиликка ўрин йўқ. Шу сабабли бандитизм таг-туби билан йўқ қилиниши керак. Бу экстремистлар, шу жумладан, диний радикалларнинг вайронкор фаолиятига ҳам тааллуқли», деди Тўқаев.
Келгуси йилдан Қозоғистонда туманлар ва вилоят миқёсидаги шаҳарлар ҳокимлари фақат тўғридан тўғри сайловлар орқали сайланади.
«Сиёсий ислоҳотлар — бир марталик кампания эмас. Агар мамлакатнинг ривож топиши учун бу зарур бўлса, бундай ислоҳотлар доимий равишда ўтказилади», деган Қозоғистон президенти.
Тўқаевнинг қайд этишича, мамлакат аҳолиси ва иқтисодиётни табиий газ билан таъминлаш — ҳукумат олдига қўйилган асосий вазифалардан биридир.
Қозоғистон президенти «Атом электр станцияси қурилиши бўйича» умумхалқ референдуми ўтказилишини, у 6 октябр, якшанба кунига белгиланган»ини эълон қилди.
Мавзуга оид
13:50 / 22.11.2024
Ғазодаги мисли йўқ зулм, Нетаняҳу ҳибси учун ордер ва Путиннинг таҳдидли чиқиши — кун дайжести
13:54 / 21.11.2024
Ғазо масаласига вето қўйган АҚШ, Байденнинг рухсатини маъқулламаган Эрдўған ва Storm Shadowʼлар билан Россияга илк зарба — кун дайжести
13:54 / 20.11.2024
Ғазодаги ҳарбий назорат, Украина урушига 1000 кун ва ATACMS билан Россияга илк зарба — кун дайжести
14:03 / 19.11.2024