АҚШда мактабда отишма уюштирган йигитнинг отаси қўлга олинди. У қуролни ўғлига совға қилган бўлиши мумкин
Жоржия штатида содир бўлган отишмада икки нафар ўқитувчи ва икки ўқувчи ҳалок бўлди. Отишмада гумонланаётган боланинг отасига кўра, унинг ўғли мактабда таҳқирланган ва ота-онасининг ажрашиб кетганини оғир қабул қилган.
АҚШнинг Жоржия штатида тўрт кишини ўлдирганликда айбланаётган 14 ёшли боланинг отаси ҳибсга олинди, деб хабар беради BBC.
4 сентябр куни Жоржия штатининг Барроу округи Уиндер шаҳридаги Апалачи ўрта мактабида соат тахминан 09:30 ларда отишма бўлди. Округ расмийларининг матбуотга маълум қилишича, ўсмир 14 ёшда, у тириклайин ҳибсга олинган, тергов ишлари давом этмоқда.
Ўсмирнинг 54 ёшли отаси Колин Грей ҳам бир қатор айбловлар бўйича қўлга олинган. Расмийларнинг қайд этишича, айбловлар тўғридан-тўғри ўғлининг хатти-ҳаракатлари ва «унга қуролдан фойдаланишга рухсат берилгани» билан боғлиқ.
Эркакнинг ўғли Кот Грей икки нафар ўқитувчи ва икки ўқувчини ўлдирганликда айбланмоқда. Жоржия штати қонунчилигига кўра, прокурорлар айрим жиноятлар содир этилганда 13 ёшли ўсмирларга ҳам худди катталардек айблов эълон қила олади.
Ҳозирда масъуллар Колин Грей AR типидаги қуролни 2023 йил декабрда ўғлига совға қилиш учун харид қилган-қилмаганини аниқлаш билан шуғулланмоқда. Бундай ҳолатларда ота-онага энг қаттиқ айбловлар қўйилади.
Колин Грейинг полицияга маълум қилишича, унинг ўғли мактабда таҳқирланган ва ота-онасининг ажрашиб кетганини оғир қабул қилган. Полиция қайдларида келтирилишича, боланинг отаси ва онаси ажрашиш жараёнлари билан банд бўлган бир пайтда у отаси билан яшаб келган.
Ўсмир йигит отаси билан тез-тез овга чиқиб турган. Боланинг она томондан бобоси содир бўлган воқеани Грейнинг қизи билан ажрашиб кетганидан кейинги нотинч оилавий ҳаёти билан боғламоқда. «Набирам даҳшатли ишни амалга оширганини тушуниб турибман, бунга ҳеч қанақа шубҳа йўқ ва у бунинг учун жавоб беради. Набирам буни ўзи яшаган муҳит оқибатида амалга оширди», — дейди Чарли Полхемус.
Апалачи ўрта мактабига уюштирилган ҳужум оқибатида 14 ёшли Мейсон Шермерхорн ва Кристиан Ангуло, шунингдек, икки нафар ўқитувчи — 39 ёшли Ричард Аспинуолл ва 53 ёшли Кристина Ирими ҳалок бўлди.
Гувоҳларнинг айтишича, гумонланувчи чоршанба куни алгебра дарсидан чиқиб кетган ва кейин қайтиб келиб, синфхонасига киришга уринган. Айрим ўқувчилар қулфланган эшикни очишга уринган, бироқ қуролни кўриб ортга чекинган. Шундан кейин 10-15 маротаба ўқ овози янграган. Мактаб полициясининг икки ходими зудлик билан болага ташланиб, уни қўлга олган.
Мавзуга оид
22:03 / 12.11.2024
АҚШ ҳукумати НУЖ бўйича баъзи маълумотларни ошкор қилиши мумкин
16:55 / 12.11.2024
Трамп миллионлаб мигрантларни депортация қилишни режалаштирмоқда — ОАВ
09:15 / 12.11.2024
АҚШ Сурияда эронпараст гуруҳлар объектларига зарба берди
16:42 / 11.11.2024