Жаҳон | 20:42 / 08.09.2024
6616
2 дақиқада ўқилади

Эрон парламенти вакили Россияга ракеталар етказиб берилганини тан олди

Аввалроқ, Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Россияга ракеталар юборилгани ҳақидаги маълумотни рад этган эди.

Фото: AP

Эрон парламенти Миллий хавфсизлик комиссияси аъзоси Аҳмад Бахшоиш Ардистоний «Didban Iran» нашрига берган интервюсида ўз мамлакати Россияга нафақат дрон, балки ракеталар ҳам етказиб берганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, санкцияларни четлаб ўтиш ва хорижий валютани жалб қилиш учун Эрон «ракета ва дрон сотувчиси» бўлиши керак.

«Ҳизбуллоҳ, Ҳамас, Ҳашд аш-Шаабийга (Ироқ) ракета беряпмиз, нега энди Россияга бермаслигимиз керак?», деди у.

Бундан ташқари, Ардистоний ушбу қуролларни Россияга сотиш орқали Эрон буғдой ва соя олаётганини таъкидлади.

Аввалроқ, Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Россияга ракеталар юборилгани ҳақидаги маълумотни рад этди, чунки «Теҳрон Украина атрофидаги инқирозни сиёсий йўл билан ҳал қилишни қўллаб-қувватлайди».

Илгари Associated Press АҚШ ўз иттифоқчиларига Эрон Россияга «Фотиҳ-360» баллистик ракеталарини етказиб бергани бўйича маълумот етказгани ҳақида хабар берган эди. Урушни ўрганиш бўйича Америка институти ёзганидек, Россия томони қишда Украина энергетика инфратузилмасига ҳужум қилиш учун улардан фойдаланиши мумкин.

Мавзуга оид