Латвия мамлакат шарқида Россия дрони қулаши ҳолатини текширмоқда
Эдгарс Ринкевичснинг сўзларига кўра, 7 сентябр куни Латвия шарқида Россиянинг учувчисиз учоғи қулаган.
Латвия Россия ҳарбий учувчисиз учиш аппарати (УУА) қулашига оид тергов ишларини олиб бормоқда. Бу ҳақда 8 сентябр, якшанба куни Латвия президенти Эдгарс Ринкевичс X ижтимоий тармоғида маълум қилди.
Унга кўра, дрон 7 сентябр куни Латвия шарқида қулаган.
«НАТОнинг шарқий қанотидаги бундай ҳодисалар сони ортиб бормоқда ва биз уларни биргаликда ҳал қилишимиз керак», — деди давлат раҳбари ва Рига ўз иттифоқчилари билан яқин алоқада эканини қўшимча қилди.
Латвия Мудофаа вазирлигининг аниқлик киритишича, қурилма Ригадан 224 км шарқда жойлашган Резекне вилоятида қулаган.
Латвия қуролли кучлари НАТОга хабар берди
Латвия миллий қуролли кучларининг дастлабки маълумотларига кўра, учувчисиз учоқ Беларус йўналишидан ўз ҳаво ҳудудига ўтган.
Миллий қуролли кучлари ҳодиса ҳақида НАТО қўмондонлигини хабардор қилди. Латвия ҳукумати ва ҳуқуқ-тартибот идоралари, шунингдек, минтақадаги бошқа НАТО давлатлари воқеа ҳақида бохабар этилган.
Бу воқеа Рига Латвиянинг шарқий чегарасини мустаҳкамлаш, жумладан, ҳаво ҳужумидан мудофаа ва радиоэлектрон кураш имкониятларини ривожлантириш устида ишлашни давом эттириши кераклигини тасдиқлайди, деди мудофаа вазири Андрис Спрудс.
Россиянинг Украинадаги уруши муносабати билан Латвия қуруқлик чегаралари, ҳаво ҳудуди ва ҳудудий сувларини ҳимоя қилишни кучайтирмоқда. Миллий қуролли кучлар мамлакатнинг шарқий чегарасида ҳаво мудофаасини кучайтирмоқда. НАТО иттифоқчилари Болтиқбўйи давлатлари устидан ҳаво патрул миссияларини ротация бўйича амалга оширмоқда.
Россия дронлари - Беларус ҳаво ҳудудида
Латвия осмони НАТО ҳаво ҳудудининг бир қисмидир, дея эслатди Мудофаа вазирлиги.
7 сентябрга ўтар кечаси Россия томонидан Украина ҳудудини ўққа тутаётганда камида саккизта дрон Беларус ҳаво ҳудудига киргани маълум бўлди.
Мавзуга оид
00:33
Латвия мудофаа харажатларини қоплаш мақсадида банклар учун солиқ жорий этади
22:05 / 05.10.2024
Швеция ўз ҳарбийларини Латвияга юборади
21:50 / 04.10.2024
Лукашенко: президент вертолётига ҳужум урушга олиб келади
15:50 / 01.10.2024