Жаҳон | 22:34 / 10.09.2024
3341
2 дақиқада ўқилади

Белгия Венгриянинг мигрантларни Брюсселга юбориш ниятини «провокация» деб атади

Белгия ҳукумати Венгриянинг 200 миллион евро жаримага жавобан ноқонуний мигрантларни автобусларда Брюселга юбориш режасига норозилик билдирди.

Фото: Reuters

Белгия ҳукумати Венгриянинг 200 миллион евро жаримага жавобан ноқонуний мигрантларни автобусларда Брюселга юбориш режасига норозилик билдирди. Жарима июн ойида Европа суди томонидан қўлланган эди ва Будапешт уни тўлашдан бош тортмоқда.

«Ушбу баёнот Европа мажбуриятларига зид провокациядир. Миграция сиёсати — бу барча аъзо давлатлар томонидан тартибли ва бирлашган ҳолда ҳал қилиниши керак бўлган умумий муаммодир», — дейди Белгия ташқи ишлар вазири Хажа Лахбиб.

Бошпана ва миграция бўйича давлат котиби Никол де Моор муҳожирлар юборилгудек бўлса, Белгия «бундай тарзда фойдаланилаётган мигрантлар оқимининг» мамлакатга киришини таъминламаслиги ҳақида огоҳлантирди.

«Венгриянинг ўзбошимчалик ва маслаҳатлашувларсиз Брюсселга мигрантларни юбориш борасидаги таҳдиди Европа институтлари ҳамда умумий сиёсатга ҳурмат йўқлигини кўрсатмоқда», — дейди де Моор.

Давлат котиби Белгиянинг Европа Иттифоқидаги доимий вакилига венгриялик ҳамкасби билан ушбу масалани муҳокама қилишни топширди. Брюссел шаҳри мэри Филипп Клозе ҳам шунингдек, Будапештнинг ушбу баёнотини қоралади ва мамлакат бош вазиридан «автобусларни чегарада тўхтатиб қўйишни» талаб қилди.

Венгрия ҳукумати Суриядаги можаролар оқибатида 2015 йилда Европа давлатларига 1 миллиондан ортиқ муҳожир кириб келганидан кейин миграция борасидаги позициясини ўзгартирди. Мамлакат Сербия ва Хорватия билан чегарага тиконли симлар ўрнатди, шунингдек, Сербия билан чегарада бошпана сўраб мурожаат қилганлар учун иккита транзит зона қурди.

Европа Иттифоқи эса Венгриянинг бошпана бериш борасидаги қаттиқ сиёсатидан норози бўлиб, суддан Будапештни жаримага тортишни сўраган эди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид