13 сентябрнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Ёниб кетган Lacetti алмаштириб берилди, ҳокимларнинг суд томонидан бекор қилинган қарорлари, Паралимпиада совриндорларига давлат мукофотлари ва кенг нишонланадиган Мирзо Улуғбек юбелейи — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
UzAuto Motors ва унинг дилерига иш қўзғатилди
Рақобат қўмитаси UzAuto Motors компанияси ва PSM-Avtosavdo дилерлик марказига нисбатан истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилиши аломатлари билан иш қўзғатди.
Қўмитага ҳали олинганига 5 ой бўлмаган Lacetti автомобили носозлиги сабаб ёниб кетгани ҳақида шикоят тушган.
Қорақалпоғистонлик фуқаро 2023 йилда “UzAuto Мotors” АЖ томонидан ишлаб чиқарилган “Lacetti L-Style MT” русумли автомобил олинганига 5 ой ҳам бўлмасдан носозлиги туфайли ёниб кетгани, лекин ишлаб чиқарувчи томонидан ҳолат ўз вақтида бартараф этилмаётгани юзасидан Рақобат қўмитасига мурожаат қилган.
Мурожаат қўмита томонидан кўриб чиқилганда ҳолат ўз тасдиғини топган. Аниқланишича, айнан шу маркали автомобилда ёнғин чиқиши ҳолати Навоий вилоятида ҳам кузатилган.
Натижада қўмитанинг махсус комиссияси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 14- ва 20-моддалари талаблари бузилиши аломатлари бўйича ишлаб чиқарувчи “UzAuto Мotors” АЖ ва дилер “PSM-Avtosavdo” МЧЖга нисбатан иш қўзғатган.
Ваколатли орган томонидан ишлаб чиқарувчига 10 кунлик муддатда ёнган машина билан бир вақтда ишлаб чиқарилган 37 та Lacetti'ни чақиртириб олиб, техник кўрикдан ўтказиш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилган.
Қайд этилишича, мурожаат қилган фуқарога айни шундай маркали бошқа янги автомобил берилган.
Ҳокимларнинг ноқонуний қарорлари бекор қилинди
2024 йилнинг 6 ойи давомида давлат ташкилотлари, мансабдор шахсларнинг 1725 таси қарори, маҳаллий ҳокимликларнинг эса 481 та қарори судлар томонидан ҳақиқий эмас деб топилган.
Таҳлилларга кўра, 2024 йилнинг 6 ойи давомида давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек маҳаллий ҳокимликларнинг жами 2206 та қарори судлар томонидан бекор қилинган.
Хусусан, судлар томонидан маъмурий орган қарорини ҳақиқий эмас деб топишга доир жами 3933 та иш кўрилган, уларнинг 1725 таси қаноатлантирилган.
Маҳаллий ҳокимлик қарорларининг ҳақиқий эмас деб топилишига оид жами 1397 та иш кўрилган ва шундан 481 таси қаноатлантирилган.
Дубайдан Тошкентга авиарейс бекор қилинди
Ҳаво кемасининг учишга тайёр эмаслиги ва экипажнинг иш вақти чеклангани сабабли 12 сентябр кунги Дубай–Тошкент йўналиши бўйича HY334 авиақатнови мажбуран бекор қилинди.
Йўловчиларга Дубай шаҳрида қолиш учун меҳмонхона тақдим этилади. Uzbekistan Airways ноқулайликлар учун узр сўради ва авиакомпания учун парвозлар хавфсизлиги устувор вазифа бўлиб қолишини эслатди.
Авиакомпания бекор қилинган рейс йўловчилари 13 сентябр кунги HY334 мунтазам авиақатновида олиб келинишини хабар қилди.
Паралимпия ўйинлари совриндорларига давлат мукофотлари
Президент фармони билан Паралимпия ўйинлари иштирокчилари давлат мукофотлари билан тақдирланди.
Фармонга кўра, Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтган ХVII ёзги Паралимпия ўйинлари совриндорлари, мураббийлар ва ходимлар мукофотланди.
Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонлик паралимпиячилар 10 та олтин, 9 та кумуш, 7 та бронза — жами 26 та медал билан Паралимпиадада умумжамоа ҳисобида 13-ўринни эгаллаб, тарихий натижаси қўлга киритди.
Мирзо Улуғбек юбилейи нишонланади
Буюк қомусий олим ва машҳур давлат арбоби Мирзо Улуғбек таваллудининг 630 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида президент қарори имзоланди.
Қарорга кўра, 2024 йилда Самарқанд шаҳрида Мирзо Улуғбек таваллудининг 630 йиллиги кенг нишонланади.
Мамлакатдаги Мирзо Улуғбек номи билан боғлиқ объектлар, шу жумладан, Мирзо Улуғбек шарафига барпо этилган ёдгорлик мажмуалари мукаммал таъмирланади ва уларнинг ҳудуди ободонлаштирилади.
Ааллома илмий-ижодий меросига мансуб қўлёзма ва бошқа маданий бойликлар реставрация қилинади, ишончли сақлаш учун зарур шароит яратилади.
Самарқанд шаҳрида 10-11 октябр кунлари «Мирзо Улуғбек: буюк қомусий олим ва машҳур давлат арбоби» мавзусидаги халқаро конференция ўтказилади.
Мирзо Улуғбекнинг «Зижи жадиди Кўрагоний» асарини ўзбек, рус ва инглиз тилларида, «Тўрт улус тарихи» номли тарихий асарининг ўзбек тилига таржимаси қайта нашр қилинади.
Улуғбек ҳақида яратилган «Осмон тоқига қўйилган нарвон» номли ҳужжатли филм тақдимоти ўтказилади.
Мавзуга оид
21:40 / 21.11.2024
20 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
19:49 / 20.11.2024
20 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:05 / 19.11.2024
19 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
19:10 / 18.11.2024