Жаҳон | 10:50 / 14.09.2024
4186
3 дақиқада ўқилади

Reuters: Россия ўз дронлари учун Хитой двигателларидан фойдаланяпти

Россия армияси Украинага қарши урушда фойдаланаётган «Гарпия-А1» учувчисиз учоғи Хитойдан келтирилган двигателлар ва эҳтиёт қисмлар ёрдамида ишлаб чиқарилган, дея таъкидлайди Reuters.

Фото: AP

Россия «Гарпия-А1» камикадзе дронларини ишлаб чиқаришда Хитой двигателлари ва эҳтиёт қисмларидан фойдаланади. Бу ҳақда Reuters агентлиги 13 сентябр, жума куни Европа разведкасидаги икки манба ва ўз ихтиёридаги ҳужжатларга таяниб ёзди

Суриштирувда таъкидланишича, «Алмаз-Антей» Россия давлат қурол ишлаб чиқарувчисининг шуъба корхонаси 2023 йил июлидан бошлаб бир йил ичида 2500 дан ортиқ шундай дронларни чиқарган. Reuters манбаларига кўра, «Гарпия» рус армияси томонидан Украинадаги ҳарбий ва фуқаролик объектларига зарба бериш учун ишлатилган, «муҳим инфратузилмага зарар етказган, шунингдек, тинч аҳоли ва ҳарбийлар орасида қурбонларга сабаб бўлган». 

Янги УУА туфайли Россия армияси Эрон дронларига камроқ таяниши мумкин бўлади

«Гарпия» дрони мавжудлиги тасдиқланса, бу Россия армиясининг Эрон технологиясидан воз кечишини англатади, дея Reuters агентлиги Янги Америка хавфсизлиги марказининг катта илмий ходими Сэмюэл Бендеттдан иқтибос келтирган. «Агар бу рост бўлса, Россия энди ички ишланмаларга, шунингдек, Хитойга кўпроқ таяниши мумкинлигини англатиши мумкин, чунки бу урушда иккала томон ҳам дронларни ишлаб чиқаришда кўплаб Хитой компонентларига боғлиқ», деди у. 

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Reuters журналистларининг сўровига жавобан, Пекин потенциал ҳарбий мақсадларда қўлланиши мумкин бўлган товарлар, жумладан, дронлар экспортини қаттиқ назорат қилишини айтди. «Украина инқирозига келсак, Хитой ҳар доим тинчлик музокаралари ва сиёсий келишувга эришиш тарафдори бўлиб келган», — дейилади баёнотда.

Россия ва Эрон вакиллари матн муаллифларининг изоҳ бериш сўровига жавоб қайтармади.

Столтенберг Хитойни Украинага қарши урушда Россияни қўллаб-қувватлашни тўхтатишга чақирди

6 сентябр куни Норвегияга ташрифи чоғида НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Пекинни Украинага қарши урушда Россияни қўллаб-қувватлашни тўхтатишга чақирди. «Хитой Европадаги энг йирик қуролли можарони авж олдиришда давом этиши керак эмас», — дея унинг сўзларидан иқтибос келтирилади НАТО расмий сайтида.

Мавзуга оид