Жаҳон | 20:51 / 14.09.2024
1764
2 дақиқада ўқилади

Х ижтимоий тармоғи ва Starlink Бразилия ғазнасига 3,3 млн доллардан ортиқ пул ўтказиб берди

Сентябр бошларида Бразилия Федерал олий суди судяси Алешандр де Мораэс Миллий телекоммуникация агентлигига Х ижтимоий тармоғининг бутун мамлакат бўйлаб ишини 24 соат ичида тўхтатишни буюрганди.

Фото: Bloomberg

Бразилия Федерал олий суди аввалроқ блокланган Х Brasil ва Starlink Holding компаниялари ҳисобрақамидан 3,3 миллион доллардан ортиқ маблағни давлат ғазнасига ўтказиш бўйича кўрсатма берди.

Сентябр бошларида Бразилия Федерал олий суди судяси Алешандр де Мораэс Миллий телекоммуникация агентлигига Х ижтимоий тармоғининг бутун мамлакат бўйлаб ишини 24 соат ичида тўхтатишни буюрганди.

Бразилиянинг Глобо телеканали ўз сайтида таъкидлаганидек, аввалроқ америкалик миллиардер Илон Маскка тегишли микроблоглар сервиси мамлакатдаги қонуний вакилини 24 соат ичида тайинлаш талабига амал қилмаган.

Федерал олий суд сайтида қайд этилишича, Banco Citibank S.A. ва Ita Unibanco S.A.банклари суднинг кўрсатмасини маъқуллаган ва Бразилия Марказий банкига мурожаатни амалга оширган.

«Бразилия Федерал олий суди судяси Алешандр де Мораэс мамлакат ғазнасига 18,35 миллион реал ўтказиш бўйича кўрсатма чиқариб, агарда суд қарори бажарилмаса, ушбу компанияларнинг ҳисобрақамлари ва активларини зудлик билан блоклашни буюрди», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Х Brasil, Internet Ltd ҳамда Starlink Brazil Servicos de Internet Ltd компаниялари белгиланган тартибда суд қарори ҳақида хабардор қилинган, аммо улар «ўз вақтида апелляция бермаган».

Август ўрталарида Бразилия суди Х’дан ижтимоий тармоқда «фейк» тарқатган айрим аккаунтларни блоклашни талаб қилгани тўғрисида хабар берилганди. Ижтимоий тармоқ аввалига талабни бажарган, аммо кейин Маск «Бразилиядаги барча даромаддан айрилиб, у ердаги офисини ёпишга мажбур бўлса ҳам», аккаунтларни блокдан чиқаришини маълум қилди. Мораэс суд фаолиятига тўсқинлик қилган миллиардерга қарши тергов бошлади ва аккаунтлар блокланмагунча ундан ҳар куни 20 минг доллар миқдорида жарима ундириш билан таҳдид қилди.

Мавзуга оид