Жаҳон | 09:40 / 16.09.2024
2455
3 дақиқада ўқилади

ФҚБ: Голф-клуб ёнидаги воқеа Трампга суиқасд бўлиши мумкин

Номаълум эркак Доналд Трампнинг Уэст-Палм-Бичдаги голф-клуби девори ёнида яширинган. Махфий хизмат агенти томонидан аниқланганидан кейин у АК-47 автомати ва GoPro камерасини буталар орасида қолдириб, қочишга уринган.

Фото: Marco Bello/REUTERS

15 сентябр, якшанба куни АҚШ Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) Флорида штатидаги Уэст-Палм-Бич шаҳридаги голф-клубда юз берган отишма Республикачилар партиясидан президентликка номзод Доналд Трампга суиқасднинг навбатдаги уриниши бўлиши мумкинлигини билдирди. Идора вакили матбуот анжуманида «ФҚБнинг барча ресурслари воқеани текшириш учун сафарбар этилганини» айтди.

Палм-Бич округи шерифи Рик Брэдшоу журналистларга воқеада гумонланувчи қўлга олиш вақтида қуролсиз ва «нисбатан хотиржам» бўлганини айтди. Эркак ўзининг суиқасдга алоқадорлиги ҳақида ҳеч қандай баёнот бермаган. Гумонланувчи яширинган буталар ичидан АК-47 автомати, GoPro камераси ва керамик плитка солинган иккита рюкзак топилган, деди Брэдшоу.

Трампнинг ўзи аллақачон сайловолди кампанияси ҳомийларига мактуб йўллаб, тарафдорларини соғ ва хавфсиз жойда эканлигига ишонтирган. «Ёнимда ўқ овозлари эшитилди, лекин миш-мишлар назоратдан чиқа бошламасдан олдин, шуни эшитишингизни истардим: мен хавфсиз жойдаман ва соғман. Мени ҳеч нарса тўхтата олмайди. Ҳеч қачон таслим бўлмайман», деб ёзди у.

Трамп голф-клубидаги воқеа

Тахминларга кўра, АҚШ Махфий хизмати ходими Доналд Трамп голф майдонида бўлганида панжарадан милтиқ учи чиқиб турганини кўрган, кейин номаълум шахс билан «алоқа ўрнатган».

Ҳодиса гувоҳининг Палм-Бич округи шерифига маълум қилишича, у гумондорнинг буталар орасидан югуриб чиқиб, қора Nissan машинасига ўтирганини кўрган. Воқеа гувоҳи машина ва давлат рақамини суратга олишга муваффақ бўлди. Тез орада эркак қўлга олинди.

Июл ойида Трампга суиқасд уюштирилган эди

Доналд Трамп 13 июл куни Пенсилвания штатининг Батлер шаҳрида сайловолди митингида нутқ сўзлаётганида ҳужумга учради. Тўртта ўқ узилди, шундан сўнг собиқ президент қулоғини ушлаб олганича, бешинчи ва олтинчи ўқдан олдин минбар орқасига яширинишга муваффақ бўлди. Шу пайт қўриқчилар уни ўраб олишди ва яна бир неча ўқ узилди. Кейин қулоғидан қон оқаётган Трампни саҳнадан олиб кетишди.

Собиқ президент касалхонага ётқизилган ва у ерда даволанган. Кейинроқ Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида тезкор реакция учун махсус хизмат идораларига миннатдорчилик билдирди. «Энг муҳими, митингда ҳалок бўлган одамнинг оиласига ҳамда оғир жароҳат олган яна бир эркакнинг оиласига ҳамдардлик билдираман», — деб ёзади у.

Трампга ҳужумни 20 ёшли Томас Мэтю Крукс амалга оширган, деб маълум қилди ФҚБ вакили. Матбуот хизмати бошқа тафсилотларни келтирмади. Аввалроқ ФҚБ сайловолди митингидаги отишмани Трампга «суиқасд уюштириш» сифатида расман тан олган эди.

Мавзуга оид