Жаҳон | 22:37 / 17.09.2024
4093
2 дақиқада ўқилади

Лондондаги Оксфорд-стрит кўчаси пиёда учун мўлжалланган ҳудудга айлантирилади

Oxford Circus чорраҳаси ва Marble Arch метро бекати ўртасидаги 1,1 километрлик майдон транспортлар ҳаракати учун ёпилади. Лойиҳа қиймати 150 миллион фунтга баҳоланмоқда.

Фото: Лондон мэрияси

Лондоннинг асосий савдо кўчаси ҳисобланган Оксфорд-стрит пиёдалар ҳудудига айлантирилади. Британия пойтахти мэри Содиқ Хон тақдим этган режа аллақачон ҳукмрон Лейбористлар партияси томонидан қўллаб-қувватланди.

Мэрия маълумотларига кўра, Оксфорд-стритга ҳар куни 500 мингга яқин одам ташриф буюради ва бу пойтахт ялпи қўшилган қийматининг қарийб 5 фоизини таъминлайди. Лондон расмийларининг Оксфорд-стритни пиёдалар ҳудудига айлантириш бўйича биринчи уриниши эмас. 2017 йилда эълон қилинган режа ўшанда Консерватив партия назорати остида бўлган Вестминстер шаҳри кенгаши томонидан блокланган.

Қайд этилишича, режалаштирилган ўзгаришлар Оксфорд-стрит ва унинг атрофидаги ҳудудларга ташриф буюрувчи харидорлар, аҳоли, ишчилар ва сайёҳлар учун шароитларни «сезиларли даражада яхшилайди», «пойтахтнинг бу қисмига аввалги шон-шуҳратини қайтаради».

Шаҳар мэрияси режасига кўра, Oxford Circus чорраҳаси ва Marble Arch метро бекати ўртасидаги 1,1 километрлик майдон транспортлар ҳаракати учун ёпилади. Лойиҳа қиймати 150 миллион фунтга баҳоланмоқда.

«Оксфорд-стрит бир вақтлар Британия чакана савдосининг гавҳари бўлган, аммо сўнгги ўн йил ичида у жуда кўп зарар кўрганига шубҳа йўқ», — деди Содиқ Хон. У кўчанинг «яна дунёнинг етакчи чакана савдо нуқтасига айланишини» хоҳлайди.

«Оксфорд-стрит — шопинг борасида бутун дунёга танилган ва биз у шундайлигича қолишини истаймиз. Мэр ва маҳаллий етакчилар билан ишлар орқали керакли турткини олишимизни кафолатлай оламиз», — дейди бош вазир ўринбосари Анжела Рейдер.

Унинг сўзларига кўра, Оксфорд-стритнинг жонланиши янги иш ўринларининг яратилиши, иқтисодий фаолликни ошириш ва Лондоннинг тунги иқтисоди учун керак бўлган рағбатнинг берилишини таъминлайди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид