Ўзбекистон | 20:22 / 18.09.2024
3268
5 дақиқада ўқилади

18 сентябрнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Бойсунда яна сиза бошлаган газ, омбудсманнинг янги ҳуқуқлари, Қамчиқдаги чеклов ва электромобиллар савдосидаги сусайиш — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Бойсундаги конда авария қайталанди. Қурбонлар бор

17 сентябр куни Бойсундаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конидан яна водород сулфид сизиб чиқа бошлаган. Бош прокуратура бошқарма бошлиғига кўра, одамлар ҳалок бўлган, жароҳатланганлар ҳам бор.

Бош прокуратура бошқарма бошлиғи Ўктам Ўтаевнинг сўзларига кўра, ҳодиса натижасида ҳалок бўлганлар бор, шунингдек, жароҳатланганлар бор. Терговга қадар текширув олиб борилмоқда.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг тасдиқлашича, конда 4 киши ҳалок бўлган ва улар конда ишлаган пудратчи ташкилот ходимлари.

“Тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган бир нечта жабрланганлар борлиги маълум. Уларнинг барчасини ҳам касалхонага ётқизиш зарурати бўлмаган. Соат 16:00 ҳолатига шифохонада бир нафар ишчи бўлган”, – дейилади хабарда.

Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, президент Шавкат Мирзиёевга ҳодиса содир бўлиши биланоқ хабар берилган. У тегишли топшириқлар бериб, реал вақт режимида вазият ҳақида маълумот олмоқда.

Таъкидланишича, ҳодиса содир бўлган жойга масъул вазирлик ва ташкилотлар раҳбарлари етиб борган. Маҳаллий тузилмаларга авария оқибатларини бартараф этишда ёрдам бериш учун хорижий мутахассислар жалб қилинган.

Қамчиқ довонида чеклов

А-373 йўлининг 254- ва 258-километрлари оралиғида табиий офат оқибатларини бартараф этиш мақсадида бурғилаш ва портлатиш ишлари амалга оширилади.

Бугун, 18 сентябр куни Қамчиқ довони ҳудудидан ўтувчи А-373 автомобил йўлида транспорт ҳаракати вақтинча чекланди.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабарига кўра, йўлнинг 254- ва 258-километрлари оралиғида табиий офат оқибатларини бартараф этиш мақсадида бурғилаш ва портлатиш ишлари амалга оширилади.

Қайд этилишича, шу муносабат билан бугун, 18 сентябр куни соат 10:00 дан бошлаб ушбу ҳудудда транспортлар ҳаракати вақтинча чекланяпти.

Омбудсманга янги ҳуқуқ

Қонунчилик палатаси мажлисида “Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилди.

Қонун лойиҳаси билан омбудсман фаолиятининг институционал асосларини такомиллаштириб, унинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини таъминлаш борасидаги ваколатларини кенгайтиришга қаратилган мутлақо янги ҳуқуқ — президентга, Олий Мажлис палаталарига, Вазирлар Маҳкамасига “махсус маъруза” тақдим этиш ҳуқуқи белгилаб қўйилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятлари бажарилиши юзасидан “муқобил маъруза” тайёрлаши ҳамда тегишли халқаро ташкилотларга тақдим этиш мумкинлиги белгиланмоқда.

Омбудсман лавозимига номзодга қўйиладиган талаблар соддалаштирилиб, айрим талаблар (юксак ахлоқий сифатларга, олий маълумотга, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида зарур тажрибага эга бўлган) бекор қилинмоқда.

Августда электромобиллар савдоси пасайди

Август ойида электромобиллар бозорида сотувлар ҳажми 1,7 минг донани ташкил этди, бу аввалги ойга нисбатан деярли икки баравар кам

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳудудлар бўйича 5 та ҳудудда сотувлар камайгани қайд этган, умумий пасайишнинг 90 фоиздан ортиғи пойтахт улушига тўғри келган — Тошкентда сотувлар 66 фоизга камайган.

Янги электромобилларнинг бирламчи бозорида сотувлар бир ой давомида 53 фоизга камайди, иккиламчи бозорда эса пасайиш 37 фоизни ташкил этди. Йиллик ҳисобда фойдаланилган электромобиллар савдоси 20 фоизга ошди.

Ҳудудлар кесимида август ойида енгил автомобиллар савдоси бўйича энг юқори ўсиш Сурхондарё (54 фоиз), Фарғона (25,4 фоиз) ва Андижон вилоятларида (24,8 фоиз) қайд этилган.

Сурхондарёда уч нафар синфдош ҳалок бўлди

Сариосиё туманида 17 сентябр куни 20 ёшли йигит бошқарувидаги “Нексия-2” 19 ёшли йигит бошқарувидаги “ВАЗ 2107” машинаси билан ўзаро тўқнашган. Уларнинг ҳар иккисида ҳам ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган.

2004 йилда туғилган, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган йигит “Нексия-2”ни М-41 автомобил йўлининг Сариосиё тумани, Шабнам маҳалласи ҳудудидан ўтувчи қисмида бошқариб келиб, қарама-қарши бўлакдан келаётган, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган 19 ёшли ҳайдовчи бошқарувидаги “ВАЗ-2107” билан тўқнашган.

Ҳодиса жойидан олинган дастлабки маълумотларга кўра, ВАЗ-2107 салонида бўлган 3 нафар йўловчи — улар ҳайдовчининг синфдошлари бўлган — вафот этган.

Ҳар иккала машинада бўлган бошқа йўловчилар тан жароҳати олиб, туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.

Мавзуга оид