Дуров фарзандларининг онаси Telegram активларига даъво қилмоқда
Павел Дуров фарзандларининг онаси Ирина Болгар Telegram мессенжерини биргаликда орттирилган мулк деб атаб, тадбиркорни ёзма ҳамда оғзаки келишувларни бажармаганликда айблади.
Павел Дуровнинг уч нафар фарзандининг онаси Ирина Болгар Telegram мессенжерини биргаликда орттирилган мулк деб атади. Шунингдек, у тадбиркорни ёзма ҳамда оғзаки келишувларни бажармаганликда айблади.
Ирина Болгарнинг айтишича, у Павел Дуров билан рўйхатдан ўтмаган ҳолда 10 йил давомида бирга яшаб келган — бу вақт ичида жуфтликнинг уч фарзанди дунёга келган. Унинг сўзларига кўра, оиланинг барча муҳим активлари фақат Дуров номига расмийлаштирилган.
«Мен улардан ишончномалар орқали фойдаланиш имкониятига эга бўлдим, гарчи уларни [активлар] ишлатишга рухсат берилган бўлсаларда, менинг ҳуқуқ ва манфаатларим тўлиқ ҳимоя қилинмаган ҳамда маълум бўлишича, исталган вақтда бузилиши мумкин эди», — деб ёзади аёл Instagram’даги саҳифасига.
Унинг таъкидлашича, никоҳ расман рўйхатдан ўтказилмаган бўлсада, Telegram мессенжерини «биргаликда орттирилган мулк» деб ҳисоблайди. Болгарнинг сўзларига кўра, у болалар учун траст фондлар очилиши ҳақидаги «ваъдаларга ишонган», аммо бу амалга оширилмай қолиб кетган. Шунингдек, аёлнинг айтишича, Дуров унга ва болаларига «қиммат кўчмас мулк» олиб бермаган.
«У оғзаки ва ёзма барча келишувларимизни бузди, ваъдалари эса бажарилмасдан қолиб кетди», — дейди аёл.
Болгарнинг таъкидлашича, айрим давлатларда гап мол-мулкка эгалик ҳуқуқи ҳақида кетганда рўйхатдан ўтказилмаган муносабатлар ҳам расмий никоҳ мақомига эга. Бошқа мамлакатларда эса фуқаролик қонунчилигидан келиб чиқиб, биргаликда эришилган мулкка даъво қилиш мумкин.
Аввалроқ Ирина Болгар исмли аёл Telegram асосчиси Павел Дуровни фарзандига нисбатан «жисмоний зўравонлик ишлатганликда» айблаб, Швейцария судига даъво аризаси киритгани тўғрисида хабар берилганди.
Павел Дуров — кўп фарзандли ота. Forbes маълумотларига кўра, бизнесменнинг курсдоши Даря Бондаренко 2009 йилда Дуровдан Алина исмли қиз, 2020 йилда эса Михаил исмли ўғилни дунёга келтирган. Дуровнинг ўзи 29 июл куни дунёнинг 12 мамлакатида 100 дан ортиқ болага биологик ота ҳисобланишини айтган эди. Дуров ушбу баёнотни Ирина Болгар бизнесмен унинг уч нафар фарзандининг отаси экани ҳақида гапира бошлаганидан кейин билдирган.
Мавзуга оид
18:26 / 23.12.2024
Telegram 2024 йилда 1 миллиард доллар даромад қилди
20:54 / 12.12.2024
Telegram 2024 йилда 15 миллиондан зиёд канал ва гуруҳларни блоклади
21:19 / 09.12.2024
Украина расмийлари Telegram иловасидан фойдаланишни камайтирди – ОАВ
20:04 / 26.11.2024