Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Зўравонлик, самосуд ва қўрқув машинаси билан ходимларни ишлатиш қадриятга айланган” – Inbazar воқеасига фаоллар нигоҳи
Ўтган ҳафта охирида содир бўлган Inbazar дўконлари тармоғида ёш ходимга нисбатан ўта қўпол муносабат, зўравонлик ва самосуд жамоатчиликнинг кескин ғазабини қўзғатди. Бу билан республикада меҳнат қилиш ҳуқуқи, ходим ва раҳбар ўртасидаги муносабатлар, ҳуқуқ ва мажбуриятлар мавзуси яна кун тартибига чиқди. Kun.uz фаоллар билан суҳбатлашар экан, улар наздида бу ҳолат қўрқув машинаси билан ходимларни ушлаб туриш сиёсати ҳамда қадриятга айланган бошқарув усули. Энг катта муаммо эса бу ҳатто давлат органларида ҳам кузатилади, аммо кўз юмилади.
Аввалига дўкон раҳбари зўравонликка қарши, воқеадан эса шокда экани, айбдорлар жазоланишини айтганида жамоатчилик бироз тинганди. Бироқ кетма-кет видеолар, ҳаттоки раҳбарнинг ўзи ходимларини дўппослагани, бошқа ишчиларга тартибга риоя қилмаганлар қандай жазоланишини эмин-эркин кўрсатиб, одамларни таҳқирлагани ҳолатлари кўпчиликни қайта ғазаблантирди.
Бугун Ўзбекистонда меҳнат муносабатларини тартибга солувчи ҳуқуқий норматив ҳужжатлар етарли. Конституциядан тортиб Меҳнат кодексигача инсоннинг камситилиши тақиқланади. Лекин Inbazar воқеаси жамиятда меҳнат муносабатлари ҳеч қандай ҳужжатга асосланмаётгани, ходимларни қўрқув ва шантаж усули билан бошқариш яхшироқ эффект беришига ишонч кайфияти ҳали-ҳануз борлигини исботлади.
Юрист Муҳаммадамин Каримжоновга кўра, бу безорилик. Воқеа жиноят, судда ҳам жиноий иш очилиши керак эди. Inbazar ходимлари эса бугун ҳаттоки бирламчи меҳнат ҳуқуқларидан ҳам фойдалана олмайди. Чунки жамиятимизда ўз ишхонасига қарши кайфиятдагилар тамғаланади, зарар ходимнинг ўзига бўлади. Ишчилар ўз ҳуқуқини била туриб, талаб қилолмайдиган даражага келиб қолган. Жинсий тажовузга учраганлар ҳам қўрқув билан лом-лим демай, яшашда давом этишга мажбур, дейди ҳуқуқшунос.
Жамиятшунос Ҳамид Содиқнинг айтишича, ходимларни қўрқув билан ушлаб туриш, зўравонликни одат қилиб, ходимларни бошқариш методи тарихдан бўлиб келган. Бундай раҳбарлар зўравонлик қилган сари ҳурматга, муҳаббатга лойиқ кўрилади. Ўзбекистонда дўппослаш, калтаклаш, тепкилаш фақат кичкина ташкилотларда бўлмай, меҳнат ва карьера йўлидаги бир қисм сифатида сақланиб қолингани – энг катта муаммо. Бундан ташқари, Inbazar сингари ташкилотлар «HR» бошқарув билан ўзгармайди.
Инсон ҳуқуқлари фаоли, «Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов фикрича эса бу давлат бошқарувидаги камчиликлар, кемтикларнинг бир оқибати холос.
Ҳуқуқшунос Ҳамид Содиқнинг қўшимча қилишича, ислоҳотларнинг бориши, бирор бир давлат даражасидаги лойиҳага раҳбар сифатида кучишлатар тузилмаларнинг белгиланишидан билиш осонки, менталитетимизда куч ишлатиш натижа томон етаклашига ишонч бор. Бироқ давлат аввало легитим куч ишлатиши керак. Агар акси бўлса, сиёсий-иқтисодий институтлар сачраб кетади.
Ходимларни бошқариш бўйича мустақил эксперт Дилдора Турсунова 18 йиллик тажрибасида бундай ҳолатни учратмаганини айтади. Раҳбар бу лидер дегани, у бошқаларга ўрнак бўлиши, ишхонада қадриятларни шакллантира олиши керак. Бу раҳбар эса компаниясида зўравонликни қадрият даражасига олиб чиққан, дейди у. Турсунованинг қўшимча қилишича, ходимлар ўз ҳуқуқларини талаб қилишни ўрганиши керак.
Фаоллар фикрича, жамоатчиликнинг кенг муҳокамаси, тез реакцияси, бундай воқеаларга бефарқ бўлмаслиги – жуда яхши. Аммо давлат ва расмий ташкилотларнинг, меҳнат муносабатларини тартибга солиш функциясига эга вазирликларнинг, Солиқ қўмитаси, айниқса, ходимлар ва раҳбарлар, ташкилотлар ўртасидаги муносабатни тартибга солувчи касаба уюшмаларининг жимлигини тушуниб бўлмайди.
Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.
Мавзуга оид
16:15 / 23.05.2026
“Мақсад сари” шина тортган бола: унинг отасига чора кўрилиши мумкин
16:20 / 29.04.2026
Деновда «Шакки» лақабли зўравон бир йигитни уриб ўлдиргани айтилмоқда
17:40 / 25.04.2026
Самарқандда васий аёл қизалоқларга зўравонлик қилди
11:32 / 20.04.2026