Al Jazeera офисини ёпган Исроил, Украина дронларининг Россия арсеналларига ҳужуми ва Эрондаги конда портлаш — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Ғазодаги вазият
Исроил 2023 йилнинг 7 октябридан буён Ғазода 600 дан зиёд масжидларга тиклаб бўлмас зиён етказгани маълум бўлди.
Тарқатилаётган маълумотларга кўра, Ғазода 610 та масжид тўлиқ вайрон қилинган, яна 214 тасига турли даражада зиён етказилган.
«Amnesty International» халқаро ҳуқуқбонлик ташкилоти Исроилнинг Ғазодаги фуқаролик инфратузилмаси ва қишлоқ хўжалиги ерларига етказилган зиён билан боғлиқ ҳарбий жиноятлари яхшилаб текширилишини талаб қилмоқда.
Ташкилот ўз докладида бундай хатти-ҳаракатларни «маънисиз вайронгарчилик» ва «коллектив жазо»дан бошқа нарса эмас, деб атаган.
Фаластин соғлиқни вазирлигининг Ғазодаги бўлинмаси хабарига кўра, урушнинг 352-кунига келиб эксклавда ҳалок бўлган фаластинликлар сони 41 минг 431 кишига етган. Шу вақтгача яраланганлар 95 минг 818 нафарни ташкил этмоқда. Ўлдирилганларнинг 17 мингдан ортиғи ёш болалар.
Сўнгги сутка ичида Исроил учта оммавий қирғин уюштириб, 40 кишининг ҳаётдан кўз юмишига ва 58 кишининг яраланишига сабабчи бўлди.
Al Jazeera офисига “ҳужум”
Исроил ҳарбийлари Ғарбий соҳилдаги Рамаллоҳ шаҳрида жойлашган Қатарнинг Al Jazeera офисига тунги соат 3 да бостириб келишган.
Оккупацион армия ҳарбийлари журналистлар ва ходимларга офисдан фақат шахсий буюмларни олиб чиқиб кетишга изн беришган. Техникаларни муҳрлаб, мусодара қилишган. Офис 45 кунга ёпилиши тўғрисида билдиришнома тақдим этишган.
Рейд чоғида яҳудий аскарлар фаластинлик марҳума журналист Ширин Абу Ақланинг офисда осиғлиқ турган фотосуратини ҳам йиртиб ташлашган.
Al Jazeera'нинг Рамаллоҳдаги офиси раҳбари Волид ал-Умарий TRT телекомпаниясига берган интервюсида Исроилнинг оммавий ахборот воситаларига нисбатан сиёсати ҳақида гапирган.
«Исроил воқеаларнинг журналистик ёритилишини ўзининг фойдасига монополлаштирмоқчи ва ўзгалар бу уруш одамларнинг бошига не кунлар солаётганини билмаслигидан манфаатдор», — деган Волид ал-Умарий.
Исроил-Ливан уруши
Исроил армияси Ливан бўйлаб навбатдаги зарбаларни амалга оширди. «Ҳизбуллоҳ» эса кеча тунда Исроил бўйлаб 100 дан ортиқ ракета учирди.
Исроил армияси маълумотига кўра, учирилган 105 та ракетадан аксари уриб туширилган, аммо айрим уйлар шикастланган.
«Ҳизбуллоҳ» гуруҳ аъзоларининг пейжерлари ва рациялари портлатилиши учун жавоб сифатида саноат ва ҳарбий объектлар бўйлаб зарбалар йўлланганини маълум қилган.
Исроил эса жума куни Байрутга йўлланган авиазарба оқибатидан Ливан бўйлаб ҳужумларни давом эттирмоқда. Исроил мудофаа армиясига кўра, икки кун олдинги ҳужум оқибатида «Ҳизбуллоҳ»нинг бир неча қўмондони ҳалок бўлган. Ливан 45 киши ўлими тўғрисида хабар берган.
Шанба куни Исроилнинг ўнлаб ҳарбий самолётлари Ливан жануби бўйлаб зарбалар йўллади. Исроил армияси матбуот котиби Даниэл Ҳагари бу ҳудудда «Ҳизбуллоҳ»нинг Исроилга зарба бериш учун ўрнатилган қуроллари жойлаштирилгани аниқланганини айтган.
Бундан олдинроқ исроиллик ҳарбийлар 180 га яқин учириш нуқталари бўйлаб зарбалар йўлланиши оқибатида «Ҳизбуллоҳ»нинг 1000 дан ортиқ ракетаси йўқ қилингани ҳақида хабар берганди.
Украина дронлари ҳужуми
Кубаннинг Тихорецк районида фавқулодда ҳолат режими жорий этилди. Украина қуролли кучлари бу ерда ўқ-дорилар ортилган эшелонга зарба берилганини маълум қилган.
Ўлка губернатори Кондратевнинг сўзларига кўра, Тихорецк районидан 1200 киши эвакуация қилинган.
Украина қуролли кучлари бош штаби ўтган тун якунларига кўра Россиянинг яна иккита ўқ-дори омбори нишонга олингани ҳақида хабар қилган — Тихорецк райони ва Твер областида.
Краснодардан тахминан 150 километр шимоли-шарқда жойлашган Тихорецкда украин кучлари Россиянинг ўқ-дори сақланадиган учта энг йирик омборидан биттасига зарба берди, дейилади бош штаб маълумотида.
Шунингдек, Тихорецк районида «Подлёт» радиолокация станциясига ҳужум қилинган.
Твер областида Россия мудофаа вазирлиги бош артиллерия бошқармасининг Октябрский посёлкаси яқинида жойлашган 23-арсенали ҳам зарба остида қолган.
Украина президенти Володимир Зеленский ҳам кечки видеомурожаатида Россиянинг икки арсеналига зарба берилгани ҳақида тўхталиб, украин ҳарбийларига «мерганлик ва аниқлик» учун миннатдорчилик билдирган. «Ҳозир вазиятни тубдан ўзгартира оладиган нарса — бизнинг урушни ўз инига — Россияга кўчириш қобилиятимиз», — дея ёзган у.
Зеленскийнинг позицияси
Сўнгги пайтларда Украина ва Россия ўртасида эҳтимолий музокаралар ҳақидаги баёнотлар тез-тез янграмоқда. Украина президенти Володимир Зеленский The New Yorker нашрига нега бу масалада очиқроқ бўлаётганини тушунтирди.
«Фикрлашимда ҳеч қандай ўзгариш юз бермади, чунки ғалаба — адолатдир, унинг натижаси барчани — халқаро ҳуқуқни ҳурмат қиладиганларни ҳам, Украинада яшовчиларни ҳам, яқинларини йўқотганларни ҳам қониқтиради. Улар учун нарх жуда баланд, Путин ва унинг қўшини қилган ишларни ҳеч қачон оқлаб бўлмайди», — деган Украина президенти.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, гап Украинанинг адолатли ғалабага интилишида эмас, балки Кремлнинг ҳеч қандай оқилона шартлар билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш истаги йўқлигидадир.
«Агар дунё унга қарши бирлашса, у ўзини музокарага қизиққандек кўрсатади: «мен музокара қилишга тайёрман, келинг, келинг, бирга ўтирамиз», қабилида. Лекин бу шунчаки бўш риторика. У мулоқот учун эшикни очаётгандек бўлади ва геосиёсий мувозанатга интилаётган давлатлар, масалан, Хитой, Осиё ва Африканинг бошқа баъзи давлатлари: «мана, у бизни эшитди, музокаралар олиб боришга тайёр», дейди. Буларнинг барчаси ўйин эканини кўриб турибмиз, шу сабаб биз урушни тугатиш учун ёндашувларимизни ўзгартирмоқдамиз», — деди Зеленский.
Унга кўра, Кремл бўш риторика таклиф қилган жойда, Киев тинчликнинг ҳақиқий формуласи — урушни қандай тугатиш бўйича аниқ режани таклиф қилади.
Бу орада Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова Украина 2024 йил охиригача ташкил этишни режалаштираётган тинчлик саммитида Россия вакиллари қатнашмаслигини айтди.
Унга кўра, тинчлик саммитининг Россия-Украина урушини ҳал қилишга ҳеч қандай алоқаси йўқ. У тинчлик саммитини «англо-саксонлар ва уларнинг украин қўғирчоқлари фирибгарлигининг яна бир кўриниши», деб атади.
Эрондаги кўмир конида портлаш
Эрон шарқида жойлашган Жанубий Хуросон вилоятидаги Табас шаҳри яқинида кўмир конида метан гази портлаши камида 51 кишини ҳаётдан олиб кетди, 20 киши яраланган.
Ҳодиса 21 сентябр куни кечқурун Madanjo компаниясига тегишли конда рўй берган, авария қамраб олган блоклар 250 метр чуқурликда ва 700 метр узунликда жойлашган.
Қутқарув ишларига юздан ортиқ киши жалб этилган.
Мамлакатдаги кўмирнинг 76 фоизи қазиб олинадиган, 30 км квадрат майдонни эгаллаган Табас кўмир ҳавзаси 75,2 млрд тонна кокс ва энергетик кўмир захираларига эга бўлиб, Эроннинг кўмирга энг бой ва йирик ҳудуди саналади.
Портлаш вақтида блокларда жами 69 киши бўлган, дея хабар берган давлат телевидениеси.
Президент Масъуд Пизишкиён қурбонларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирган. Жанубий Хуросон вилоятида уч кунлик мотам эълон қилинган.
АҚШдаги сайловлар
Демократлар партиясидан АҚШ президентлигига номзод Камала Ҳаррис ўз сайлов кампанияси учун Доналд Трампдан уч баробар кўп маблағ жамғарган. Бу Республикачилар партиясида ваҳима уйғотган, чунки дебатидан сўнг Трамп моҳиятан ҳеч қандай маблағ йиғолмагани таъкидланмоқда.
Август ойида Ҳаррис ва унинг қўмиталари Демократик партия учун 361 млн доллар ва Трампнинг сайловолди кампанияси ва тегишли қўмиталар учун 130 млн доллар йиғилди, деб хабар берди Федерал сайлов комиссияси.
Ҳаррис биргина август ойида қарийб 190 млн доллар тўплаган.
Дарвоқе, Доналд Трамп шу йилги сайловларда мағлубиятга учрайдиган бўлса, 2028 йилги сайловда ўз номзодини илгари сурмаслигини маълум қилди.
Мавзуга оид
13:59
Сувсиз қолаётган ғазоликлар, Полшага боришдан чўчиётган Нетаняҳу ва Ғарбий Африканинг ягона валютаси — кун дайжести
14:33 / 20.12.2024
Яманни бомбалаган Исроил, Сурияга қайтаётган қочқинлар ва Россияда кўпхотинликка рухсат — кун дайжести
13:16 / 19.12.2024
Ғазода оташкесим бўйича музокаралар, Туркияга таассуб қилаётган Сурия ва 1 млн мигрантни қувмоқчи бўлаётган Трамп — кун дайжести
13:45 / 18.12.2024